Бола тарбиясида педагогик методлар

Тарбия методлари (усуллар)  бу ўқитувчи-тарбиячи ва жамоа томонидан ғоявий-ахлоқий эътиқодлар, сиёсий билимлар, ҳис-туйғу ва одатлар, дид, фаҳм-фаросат, иймонни таркиб топтириш мақсадида қўлланиладиган шахсга тарбиявий таъсир кўрсатиш усулларидир. Шунингдек, тарбия методлари тарбияланувчининг ўз шахсини такомиллаштиришга, ҳаракат қилишни ҳам назарда тутади. Шунинг учун тарбия методларини педагогика-психология фанида тарбиячи ва тарбияланувчининг тарбиявий вазифаларини ҳал қилишга қаратилган ўзаро боғланган фаолияти усули сифатида кўриб чиқиш тавсия этилади.

«Метод» сўзи грекча «методос» сўзидан олинган бўлиб йўл, усул маъносини англатади. Тарбия методлари турли элат ва давлатларда турли – туманлиги билан фарқ қилади. Оврупада тарбия методларининг бир тизими қабул қилинган бўлса, Марказий Осиёда бошқа тизими амалда қўлланилади. Оврупа мамлакатлари учун «Очик тарбия» кўпрок қўл келади, яъни бола нима ҳоҳласа, шуни қилиши, ҳоҳ ўзидан каттани, ҳоҳ ота-онасини ҳоҳлаган жойда танқид қилиши мумкин. Осиё мамлакатларида, хусусан Ўзбекистонда кўпрок патернамистик, яъни катталарни ҳурмат қилиш, уларга кўпрок қулоқ солиш, раҳбариятларнинг фикрини ва вазифасини сўзсиз бажариш, ногиронларга ёрдам кўрсатиш, одатлантириш усуллари қўлланилади.

Халк томонидан яратилган ва халк тарбияшунослигидан кенг ўрин олган усулларни куйидагича гуруҳлаш мумкин.

1.Тушунтириш (ўргатиш одатлантириш, машк килдириш).

  1. Намуна (маслаҳат бериш, узр сўраш, яхшиликлар тўғрисида сўзлаш, ўрнак бўлиш).
    3. Насиҳат, бериш, ўгит (ундаш, кўндириш, илтимос килиш, ёлвориш, тилак – истак билдириш, маъқуллаш, раҳмат айтиш, дуо қилиш, оқ йўл тилаш ва ҳ.к.лар).
    4. Қоралаш ва жазо бериш (таъқиқлаш, таъна, гина, танбех бериш, қўрқитиш, нафратланиш, онт, қасам ичириш, уриш, калтаклаш ва ҳоказо).

Мавжуд усуллар умум бир яхлитликни ифодалайди. Олдин умумий бир нарса тушунтирилади, сўнгра талаб килинади. Агар бола бирор бир нарсани тушунмаса, тарбиячи намуна воситасини ўтайди. Насиҳат қилади, ўгит орқали боланинг идрокига етказади.

Халк психологиясининг нодир намуналари, тарбия усуллари ва тарбиявий таъсирлар аниқ бир воситалар ёрдамида амалга оширилган. Меҳмон кутиш, меҳмонга бориш, турли меҳнат жараёнлари, ҳашарлар (чойхона, тўй маросим) сайллар, турли нишонлашлар, мусобақалар, турли маросимлар каби ўзига хос тарбия усуллар кўлланилган.

Тарбия методларига яна шундай методлар кирадики, буларда тарбияланувчилардаги ижобий хулқ-атворни рағбатлантириш, салбий хислатларни тузатиш ёки олдини олиш, уларнинг ҳис-туйғулари ва мақсадларига бевосита таъсир кўрсатишда фойдаланилади. Ушбу гуруҳга рағбатлантириш ва жазо бериш каби методлар киради.

Рағбатлантириш методлари ўқувчиларнинг ҳаракатларини ижобий баҳолашни кўзда тутади. Рағбатлантириш қувонч, қониқиш, қаноатланиш кечинмаларини пайдо қилади, тетиклик ва ғайрат бағишлайди, ўз кучига ишончини мустаҳкамлайди, ижобий хатти-ҳаракатларни рағбатлантиради, ўз фаолияти ва хулқига масъулиятини оширади. Рағбатлантириш методлари хилма-хил бўлиб, улар таркибига маъқуллаш, кўнгил кўтариш, далда бериш, ишонч билдириш, қайд қилиш, оғзаки ёки ёзма ташаккур билдириш, мукофотлаш ва бошқалар киради.

Рағбатлантириш педагогик-психололгик талабларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилиши лозим. Ҳар қандай рағбатлантириш ўқувчининг жамоа олдидаги чинакам хизматларига мувофиқ бўлиши лозим. Рағбатлантириш вақтида ўқувчининг алоҳида хусусиятларини, жамоада тутган ўрнини ҳисобга олиш ва у кетма-кет бўлмаслиги керак. Ҳаддан ошириб мақташ, жамоага нисбатан таққослаш талабчанликни бўшаштириб юбориш, булар ўқувчида манманлик, худбинлик сифатларининг юзага келишига сабаб бўлади. Рағбатни ташкил этишда ўқувчининг муваффақиятлари билан бирга, унинг жамоадаги ўрни, ахлоқий қиёфаси, шунингдек, меҳнатга, жамоа топшириқларига, жамоанинг ўзига муносабати борасидаги жамоа фикрини инобатга олиш ҳам талаб этилади.

Жазо бериш методлари – бу ўқувчиларнинг хатти-ҳаракати ва фаолиятига салбий баҳо беришдир. Жазо бериш ахлоқ меъёрларига қарама-қарши фаолият ва хатти-ҳаракатларни муҳокама этишни ифодалайди. Жазо бериш номаъқул хатти-ҳаракатларнинг олдини олиши, ахлоқни тузатиши, жамоа олдида уялиши, ўзини гуноҳкор деб билиш ҳиссини уйғотиши мумкин. Жамоа томонидан ёки унинг қўллаб-қувватлаши асосида жазо бериш методлари ҳам хилма-хил бўлиб, улар жумласи танбеҳ бериш, койиш, уялтириш, қизартириш, хатти-ҳаракатларни жамоа ўртасида муҳокама қилиш, муайян фаолиятидан четлатиш ва бошқалар киради.

Жазо беришда ҳам педагогик-психологик талабларга амал қилиш зарур. Берилаётган жазо мақсадга мувофиқ бўлиб, ўқувчининг айбига, салбий хатти-ҳаракатига қараб берилиши лозим. Жазо бериш чоғида салбий хатти-ҳаракатнинг сабаблари униг жамоага етказадиган зарари, ўқувчининг шахсий хусусиятлари инобатга олиниши лозим.

Жазо бериш ўқувчининг манфаатларидан келиб чиқмаслиги ёки унинг учун хизмат қилмаслиги лозим. Жазо жамоа томонидан ҳам берилиши мумкин. Барча ҳолларда ҳам жазо ўқувчининг жисмоний ва руҳий азобга солмаслиги уни таҳқирламаслиги, шаънини ерга урмаслиги, ҳуқуқини паймол этмаслиги керак. Тарбия методларини шароитни, вақтни, шунингдек, уларнинг ўзаро бир-бирига таьсирини ҳисобга олган ҳолда қўллаш мақсадга мувофиқдир.

Тарбия жараёнида ғамхўрликнинг функцияси каттадир. Болалар бефарқ ота-оналарга нисбатан ғамхўр ота-онага кўпроқ тақлид қиладилар. Ғамхўр ота-оналар боланинг салбий хулқ-атворини қўллаб-қувватламаганда бола ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатини эртароқ англайди.

Тарбиявий жараённи амалга оширишда ғамхўрлик билан бир қаторда яхши кўришга асосланган интизомга риоя қилиш зарурдир. Бу бола билан доимий мулоқотни – тушунтиришни, муҳокама қилишни, агар боланинг хулқ-атвори шуни талаб қилса, оғзаки танбеҳ беришни, яхши хулқ-атвор учун тақдирлашни назарда тутади.

Юқорида келтирилган методлар, усуллар оилада, таълим муассасаларида болалар ва таълим  олувчиларга тарбия жараёнида фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Келажак авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан оила, маҳалла, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар шуғулланадилар. Жамиятда тарбия жараёни барча иштирокчиларининг баҳамжиҳатлик билан олиб борадиган ишларигина ўзининг ижобий натижаларини бериши мумкин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

ислом таълим муассасаси

 ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

в.в.б Вахидова Муаттар

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*