ҚАБРИСТОНДА ҚУРЪОН ТИЛОВАТИ БИДЪАТМИ?!

Афсуски, охирги пайтларда салафлар йўлини тутиш важи, лекин унинг тамоман аксини бажаришни тарғиб этувчи тоифаларни даъволари кучайиб кетмоқда. Бу эса жамиятда турли диний – маърифий масалаларда фисқу фужурларга сабаб бўлмоқда.

Мана шундай даъволардан бири “қабристонда Қуръони каримни тиловат қилиш – бадъат ” амаллардан деб даъво қилинишидир. Инсоният тириклик пайтида бир-бирининг ҳолидан хабар олиши, силаи раҳмни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро хожатларни қондириш, шунингдек, қариндошларнинг вафотидан сўнг қабрларини зиёрат қилиш, уларнинг ҳаққига дуои хайр қилишлик барча салафи солиҳларининг йўлидир. Зеро Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари имом Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табаронийлардан ривоят қилинади:

قد كنت نهيتكم عن زيارة القبور فزوروها فإنها تذكر الآخرة فإنها تذكركم الموت ألا فزوروها فإنه يرقّ القلب و تدمع العين فإن لكم فيها عبرة فإنها تزهد فى الدنيا

Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Эй, зиёрат қилаверинглар. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Чунки, сизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди.

Суннатга ва кўпгина мўътабар китобларга мувофиқ қабристон зиёрати инсон учун яхшиликларни зиёда қилади, ибрат ва охират ҳақида эслатма вазифасини бажарувчи жоиз ва мустаҳаб амалдир.

Ахли сунна вал жамоанинг мўътабар манбаларида қабр зиёратининг бир қанча одоблари ва хосиятлари келтирилади. Улардан бири қабр эгалари ҳаққига дуо қилиш ва Аллоҳнинг каломини тиловат қилишдир. Аллоҳ таолога бандаликни билдиришнинг усулларидан бири унга дуо қилишлик. Аллоҳ ўз каломида:

أدعوا ربكم تضرّعا و خفية إنه لا يحبّ المعتدين

Парвардигорингизга тазарру ва махфий ҳолда дуо қилинглар! Албатта, Ул зот ҳаддидан ошганларни яхши кўрмас” (Аъроф, 55). Ояти каримада вазминлик ва ҳоксорлик билан дуо қилишликка кўрсатма берилиб, бақириб атрофдагилар эътиборини жалб қилишлик ва норозилик билдиришдан қайтарилган.

Ҳанафийлик мазҳабимизда қабр аҳлларига атаб Қуръони каримдан тиловат қилишлик вафот этганларнинг охиратлари ва қабр ҳаётлари учун ҳайрли деб эътироф этилади. Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Қабрдаги ўлик мадад истаётган ғарқ бўлувчи кабидир. У отасидан, онасидан, ака-укасидан ёки дўстидан етиб келадиган дуога интизор бўлади. Дуо етиб келса, бу унга дунё ва ундаги бор нарсадан яхшироқдир. Шак йўқки, Аллоҳ азза ва жалла қабр аҳлига ер аҳлининг дуосини тоғлар мисоли қилиб киритади. Тирикларнинг ўликларга қилган ҳадияси уларга истиғфор айтишдир!”.

Қабристонга кирганда суннатга мувофиқ саломлашилади. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонга кирганда саломлашишнинг турли усулларини саҳобаларга ўргатганлар. Шундан сўнг ўзи билган кичик суралар ва саловатларни тик турган ҳолда ўқийди. Масалан,  фиқҳий манбаларимизда “Фотиҳа” сураси ва “Оят ал-курсий” бир мартада, “Ихлос сураси” 11 марта ва 3 марта ўзи билган саловатлардан ўқиб, савобини маййитга бағишлаш тавсия қилинган. Кейин четроққа ўтиб ўтириб, бошқа узун суралардан, масалан, “Ёсин” ва “Мулк” сураларини ўқийди. Дуоларида Аллоҳ таолодан қабр аҳлларининг охиратлари учун хайрли оқибатларни сўрайди.

Қабристон зиёрати одобларидан яна бири намоз ўқиш имконияти бор жойда икки ракаат нафл намоз ўқиб, истиғфор айтиш, ҳосил бўлган савобни эса зиёрат қилинганларга бағишлашлик. Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида бундай дейилган:

واجعلوا زيارتكم لها صلاة عليهم و استغفارا لهم

“Зиёратларингизда қабрдагилар фойдасига намоз ва истиғфор ҳам адо қилиб қўйинг!”.

Қабристонни зиёрат қилиш ҳанафийлик мазҳабида аёл-қизлар учун ҳам жоиз амал ҳисобланади. Зотан мазҳабимизга оид фиқҳий манбаларда улар ўз ота-оналари ва қариндошларининг қабрларини зиёрат қилиш ҳуқуқлари борлиги эътироф этилган. Лекин бу зиёрат ва либосдаги одоблар чегарасидан чиқмаган ҳолатда бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланади. Бунга Оиша ва Фотима разийаллоҳу анҳоларнинг доимий қабристонни зиёрат қилиб туришлари далил бўла олади.  Агар аёллар учун қайтарилган амал бўлганда, наҳот бу мужтаҳида оналаримиз унга зид амал қилишган бўлса?!

Муҳаддислардан Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ва Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисга мувофиқ Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо: “Қабрларни зиёрат қилганимда нима дейман?”, деб сўраганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ассалом, ъала аҳл ад-диёр мин ал-мўъминин ва-л-муслимин!”, деб саломлашасан”,  деганлар.

Шунингдек, яна бир асорларимиздан бирида Ойша розийаллоҳу анҳо укалари Абдурраҳмон разийаллоҳу анҳунинг Маккадаги қабрлари зиёратига махсус борганлари нақл қилинган. Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, бир куни Ойша разийаллоҳу анҳо укалари Абдурраҳмон разийаллоҳу анҳунинг қабрини зиёрат қилиб қайтаётганларида, унга: “Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар зиёратидан қайтарган эмасмилар?!”, дейилган. Шунда, Ойша разийаллоҳу анҳо: “Аввал қабр зиёратидан қайтарилган эди, сўнг унга рухсат берилган”, деб жавоб берганлар.

Муҳаддислардан Имом Ҳоким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима онамиз амакилари Ҳамза розиаллоҳу анҳунинг қабрларини ҳафтанинг ҳар жума куни зиёрат қилганларини келтиради.

Аллоҳ дунёмиз ва охиратимизни хайрли амаллар билан тўлдирсин!!!

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим

муассасаси директори

Нозима Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*