Таомланиш одоблари

Бизларга ҳалол нарсаларни ризқ қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамдлар, биз умматларга таомларнинг ҳалол-ҳаромини ажратиб баён қилиб берган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Ислом бизларга ўз ҳаётимизни сақлаш ва ундан ҳалокатни даф қилиш учун зарур бўлган таом ва шаробни истеъмол қилишни вожиб қилган. Зарур миқдордаги таом ва шаробни исроф қилмай, тановул қилиш мубоҳдир. Жисм учун керагидан ортиқча таом ва шаробни истемол қилиш зарар ва исроф бўлганлиги учун ҳаромдир.

Ислом барча нарсалардаги каби, еб-ичишда ҳам мўътадилликни тавсия этади. Қуйида таомланиш одобига доир бўлган баъзи ҳадисларни кўриб чиқамиз.

Cалмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювишдир ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”, дедилар”.(Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Бу ҳадис ҳозирги кунда жуда ҳам зарур бўлган гигиена қоидаларидан ҳисобланади. Биз бунга амал қилиб ҳам саломатлигимизни сақлаймиз ва савобга эришамиз.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Бас, у зот менга:

“Эй ғулом! “Бисмиллаҳ” дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!” дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди”.(Муттафақун алайҳи)

Исломий одоб бўйича таом ейишни бошлаганда “Бисмиллаҳ” ни айтиш ва таомни ўнг қўл билан ейиш керак. Ҳар ким ўз олдидан ейиши лозим. Ушбу набавий тавсия барча мусулмонларга ҳам таълим бўлиб қолди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачон бирортангиз таом еса,  Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу” десин”, дедилар”.(Термизий ва Абу довуд ривояти)

Баъзан таом тановул қилиш пайтида инсон шошилиб, “Бисмиллаҳ”ни айтиш эсидан чиқиб қолади. Бир оз еганидан кейин “Бисмиллаҳ”ни айтмагани эсига тушиб қолса “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу” дейиши лозим. Бу жумланинг маъноси  “аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ” дегани бўлиб, таомнинг баракасини қайтаради ва унга шайтон шерик бўлишини қирқади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ҳеч бир таомни айбламасдилар. Иштаҳалари тортса, ер эдилар. Кўнгиллари тусамаса, тек қўяр эдилар”, деди”. (Муттафақун алайҳи)

Ҳар қандай ҳалол таом банда учун Аллоҳ таолонинг неъмати ҳисобланади. Ҳар қандай неъмат учун Аллоҳ таолога шукр қилиш лозим. Фақат нонкўр инсонгина шукр ўрнига таомни айблашга ўтади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шукр қилувчи банда бўлганлар.  Шунинг учун биз ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада ҳам ўрнак олишимиз лозим.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мен суянган ҳолимда емайман”,дедилар”. (Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган)

Ушбу ҳадиси шарифда овқатланишнинг исломий маданиятидаги яна бир жиҳати ҳақида сўз кетмоқда. “Мен суянган ҳолимда емайман” деганлари  “Суяниб, ёнбошлаб олиб таом еб бўлмайди”, деганларидир.  Бу иш беодоблик ва маданиятсизликдир. Бир нарсага суяниб ёки ёнбошлаб ётган одамнинг таом юрадиган аъзолари – ичаклари, қорни ноқулай ҳолга келади. .Бинобарин,  у еган таомнинг қайта ишланиши, ҳазм бўлиши қийинлашади. Оқибатда инсон соғлиғига зарар етади. Шунинг учун биз ҳеч қачон суянган ҳолда ёки ёнбошлаб овқат емаслигимиз лозим.

Таомланиш инсоннинг соғлиғига ва бошқа ҳолатларига бевосита таъсир қилади.Бунинг учун таом ҳалол-пок бўлиши билан бирга, уни тўғри тановул қилиш ҳам лозим. Ҳозирги кунимизда таомни тўғри тановул қилишга доир китоблар ёзилаётгани, илмий ишлар олиб борилаётгани ва бу соҳада аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани бежиз эмас. Тараққий этган инсоният эндигина арглашни бошлаётган бу ишни Ислом бундан ўн тўрт аср олдин йўлга қўйган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада биз умматларига таълимот берганлар. Бизлар Набавий суннатга амал қилиб яшасак соғлом турмуш тарзига риоя қилган бўламиз.

                                                                             Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом

                                                                        таълим муассасаси 4-курс талабаси

                                                                                          Файзиева Зулайҳо

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*