Бемор зиёрати Роббим зиёрати

Ҳозирги жадаллашиб  бораётган замонимзда инсонлар ўртасида юзага келадиган муносабатлар шунчаки юзаки, оддий равишда олиб борилаётгани барчамизга маълум. Чунки кўпчилик  ўзи билан бандлиги, бошқаларга вақт орттира олмаётганини, ишлари шошилинч равишда эканлигини рўкач қилади. Шунга биноан  айни пайтда биз мусулмонлар эътибор бермаётган масалалардан бири беморларни зиёрат қилиш. Ушбу суннат тарк этилиши сабабли одамлар орасидаги бир-бирига бўлган бепарволиклар ортиб бормоқда, бемор зиёрати улкан ажрлар келтирувчи амал экани унутилмоқда.

Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади Росулуллоҳ дедилар: «Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи 5тадир: Саломга алик олиш, касални зиёрат қилиш, жанозага эргашиш, чақириққа ижобат қилиш, акса урганга соғлик тилаш». (Муттафақун алайҳ)

Ушбу ҳадисда мусулмонлар учун  фарзи кифоя бўлган ҳақлар саналиб, улар орасида бемор зиёрати ҳам бор экан, ушбу амалларни адо этишимиз ила Роббимиз буйруқларига итоат этган бўламиз.

Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло қиёмат куни шундай дейди: “Ей одам боласи касал бўлдим мени зиёрат қилмадинг. У дейди: Эй Роббим оламлар Роббиси бўлганинг ҳолда Сени қандай  зиёрат қиламан? У зот айтади:Фалончи бандам касал бўлганини билмадингми,уни зиёрат қилмадингми?Агар уни зиёрат қилсанг, уни ҳузурида  Мени топишингни билмадингми?Ей одам боласи оч қолдим ,сен мени таомлантирмадинг. У дейди: Эй Роббим оламлар Роббиси бўлганинг ҳолда сени қандай таомлантираман?У зот айтади:фалончи бандам оч қолганини билмадингми,уни таомлатирмадингми? Агар уни таомлантирсанг, уни ҳузурида  Мени топишингни билмадингми? Эй одам боласи чанқадим ,сен мени қондирмадинг. У дейди: Эй Роббим оламлар Роббиси бўлганинг ҳолда сени қандай қондираман?У зот айтади:фалончи бандам чанқаганини билмадингми,уни қондирмадингми? Агар уни қондирсанг, Мени уни ҳузурида топган бўлардинг». (Муслим ривояти)

Аллоҳ таолодек буюк зотни зиёрат қилиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди ва умумий олиб қаралганда биз қила олмайдиган амалдек кўринади. Аммо ушбу неъматга етишнинг осон йўлини бизга Ҳабибимиз  Росулуллоҳ ﷺ ўргатдилар. Озгина вақтимизни аямасдан ушбу ишга қўл  урсак эди, иншаа Аллоҳ роббимиз зиёратига етишар эдик. Ва беморни олдида ўтирганимизда жаннат неъматлари ичида бўлар эдик.

Савбон р.а дан ривоят қилинади Росулуллоҳ дедилар: «Албатта бир мусулмон биродарини бориб кўрса қайтгунича жаннат хурфасида бўлади». (Муслим ривояти)

Жаннат хурфаси- жаннатдаги мевалар ёки жаннатдаги истаган меваси уники бўлиши

Яна бир ҳадисда шундай дейилади: Али р.а дан ривоят қилинади Росулуллоҳ шундай деганларинни эшитдим: «Бир мусулмон мусулмонни тонгда зиёрат қилса 70 минг фаришта кеч киргунча уларга саловат айтади ва жаннат хурфаларида бўлади».( Термизий ва Абу Довуд ривояти)

Фаришталар саловатлари ёғилиб туган инсонлар нақадар бахтли! Беморларни зиёрат қилиш бизни ана шу бахтга етишишимиз сабабларидан биридир.

Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ дедилар: «Ким беморни зиёрат қилса, осмондан бир нидо қилувчи: Сен пок бўлдинг, юрган йўлларинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан манзилингни эгалладинг» дейди .

Ислом беморлар ҳолидан хабар олишни ана шундай муҳим ишга айлантирган.

Жобир р.а дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ дедилар: ким касал кўргани борса ўтиргунича раҳматнинг ичида бўлади. Агар ўтирса раҳматнинг ичида сузиб юради. (Молик ва Аҳмад ривояти)

Ушбу ҳадислар ислом дини енгилчилик дини эканини, кишилар бемор зиёрати билан анча савоблар ва неъматларга эга бўлишликни баён қилиб бермоқда. Бемор кўргани броган киши учун бундан ортиқ яна қандай мукофот бўлиши мумкин? Шунингдек, беморни кўргани борганда унинг одобларига ҳам алоҳида риоя қилиш лозим бўлади. Беморга шифо тилаш, уни хурсанд қилиш, олдида кўп ўтириб, уни уринтириб қўйишдан сақланишлик, баланд овозда гаплашмаслик, бемор кўнгли тусаган нарсалардан олиб бориш ислом одобларидан ҳисобланади.

Ибн Аббос р.а дан ривоят қилинади. . Набий : “Қайси бир мусулмон банда ажали етмаган беморни кўргани борса, 7 марта “Улуғ Аллоҳдан, улуғ Аршнинг Роббисидан сенга шифо беришини сўрайман” деса,(бемор) албатта офиятланур” дедилар. (Термизий ва унинг 2 соҳиби ривояти)

Ибн Аббос р.а дан ривоят қилинади: «Набий бир бемор кишини зиёрат қилдилар ва унга: нима хоҳлайсан? дедилар. у: Барра нон хоҳлайман деди. Шунда  Набий : кимда барра нон бўлса биродарига олиб келсин дедилар сўнг айтдилар: Агар сизлардан беморингиз бирор нарса хоҳласа уни таомлантиринг». (Ибн Можа ривояти)

Ислом беморлар ҳолидан хабар олишни ана шундай муҳим ишга айлантирган. Чунки бу иш бемор учун, шахсий алоқаларни ҳамда жамиятни мустаҳкамлаш учун ғоят зарурдир. Биз ўз динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, беморларимизни ўз вақтида кўргани борсак, ҳар томонлама фойдали  бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом

таълим муассасаси 4-курс талабаси

Шахбердинова Мадина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*