ФАТВО КИМДАН СЎРАЛАДИ?

Фатво сўзининг истилоҳий маъноси “сўралган вақтда шаръий ҳукмни баён қилиб беришдир” . Баъзи уламолар шаръий сўзининг ўрнига “диний” сўзини ҳам ишлатадилар. Чунки муфтий яъни фатво берувчи фақат фиқҳий эмас балки, ақидавий масалаларда ҳам фатво бериши мумкин.

Фатво беришга салоҳияти бўлмаган ва илми етмайдиган кишиларнинг бунга жасорат этиши катта гуноҳ саналиб, Аллоҳ ва расулига нисбатан бўҳтон тўқиш ҳисобланади.

Чунки у ўз фатвосида Аллоҳ ва расули шунга буюрган деган бўлади. Қуръон ва суннатда инсонларга билимсиз равишда фатво беришнинг оқибати ёмонлиги ҳақида кўплаб огоҳлантиришлар келтирилган.

Ислом олами уламолари ҳар доим ўз талабаларига энг аввало “билмайман” деган сўзни ва унинг моҳиятини тушунтирганлар. Фатво беришни эса ҳақли кишиларга ҳавола қилиш кераклигини ўргатганлар.

Ҳозирда эса бу масалаларга инсонларнинг жуда юзаки қараётганларига, фатво беришга журъатли бўлиб кетаётганларига гувоҳ бўлаяпмиз.

Ҳар бир мусулмоннинг дунёси ва охиратига тааллуқли бўлган учун Аллоҳ таолонинг шариати хусусида фатво бериш жуда улкан ва хатарли ишдир. Шариат қоидаларига зид равишда чиқарилган фатволар кишилик жамиятини ҳам пароканда қилиб ташлайди. Илмсиз равишда ва бунга лойиқ бўлмай туриб фарво бераётганлар, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб юборадилар.

Қуръони каримдаги ушбу оятлар фатвога журъатли бўлишдан қайтаради.

Сизга жуда оз илм берилгандир (Исро 85)

“Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор” (Юсуф 86)

“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Аъроф 33)

Абу Ҳурайра (ра) дан ривоят қилинган ҳадисда “Кимга илмсиз равишда фатво берилган бўлса, унинг гуноҳи фатво берган инсонга бўлади” дейилган. (Доримий, Аҳмад ривояти)

Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфардан ривоят қилинган ҳадисда расулуллоҳ (сав) “Сизларнинг фатвога энг журъатлиларингиз, дўзахга журъатлиларингиздир” дедилар.  (Доримий ривояти)

Саҳобалардан бирор нарса сўраладиган бўлса, бунинг жавобини хато айтиб қўймаслик учун, ўзлари етарли илм соҳиблари бўлсаларда, сўровчини бошқа бир саҳобага йўллаб қўярдилар. Ҳаттоки бир воқеада бир сўровчи масалани бир юз йигирмата саҳобадан сўрагани ва уларнинг ҳар бирлари “мен буни билмайман, сен буни фалон саҳобадан сўрагин” деб йўллаганлари ва сўровчи уларнинг барчаларидан шу тарзда жавоб олиб, яна энг аввал сўраганига қайтгани ривоят қилинган.

Расулуллоҳ сав билан бирга яшаган, дин илмларини у зотнинг оғизларидан чиқиши биланоқ ёдлаб оладиган саҳобалар ҳам фатво беришдан қаттиқ қўрқишган.

Ҳозирги кунимизда эса инсонларнинг бунинг аксини қилаётганларини кўрамиз. Турли оммавий ахборот воситаларида ўзларининг асоссиз фатволарини ҳеч иккиланмай, фатвонинг масъулиятини ҳис қилмай намойиш қилиб тарқатаётганларни кўрамиз.

Бу фатво берувчиларнинг кўпчилиги ҳаттоки ислом шариатининг мўътамад китобларини мутоала қилиб чиқмаганлар ҳам.

Аслида эса фатво беришга лойиқ инсонлар мужтаҳид уламо бўлиши шартдир. Агар ўзи мужтаҳид даражасига етишмаган бўлса, мужтаҳид уламоларнинг ушбу масалага доир қовллари китобдан топиб, айтиши лозим.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (ра) “Ҳар бир сўралган нарсага фатво бера оладиган одам мажнундир” деганлар.

Абдуллоҳ ибн Мункадир (ра)

айтадилар: “Фатво берувчи Аллоҳ азза ва жалланинг ва бандаларининг орасига кирган бўлади, шунинг учун нима қилишни яхшилаб ўйлаб олсин.”

Абул Ҳасийн ал Асадий  (ра) айтадилар: “Ҳозирда сизлардан бирингиздан масъала сўралса фатво бераверади. Агар шу масалани Умар иб Хаттобдан сўралганидаэди албатта Аҳли Бадрни тўплаб машварат қиларди ”.

Имом Молик ра дан бирор масала хусусида фатво сўралганида гўёки жаннат ва жаҳаннам орасида тургандек ҳолга тушиб қолардилар. Ҳозирда инсонлар билимсиз нодон инсонларни ўзларига раҳнамо тутаяптилар, улардан фатво оладилар, исломда катта хатарли иш бошланиб кетди. Ҳаттоки баъзи фатво берувчи инсонларни давлат тарафидан таъқиқланиши зарур бўлиб қолмоқда. Чунки улар жамиятга кўпроқ зарар бермоқдалар.

Барча фиқҳий китобларнинг ҳажр мавзуси масалаларида илмсиз фатво берувчига чеклов қўйилиш зарурлиги келтирилган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим муассасаси

катта ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*