РЎЗА ТУРЛАРИ

Рўза тутиш тонг отгандан қуёш ботгунча ейиш, ичиш ва жинсий яқинликдан тийилишдир. Ислом шариатига кўра рўза тутишнинг кўриниши бир хил бўлади. Фақатгина рўзалар ҳукмларги кўра турлича бўлиши мумкин:

  1. Рамазон рўзаси каби муайян вақтга хосланган фарз рўза.
  2. Рамазон қазоси ва каффорат рўзалари каби муайян вақтга хосланмаган фарз рўза.
  3. Аниқ вақтга тайин қилинган назр каби вожиб рўза.
  4. Мутлақ назр каби муайян бўлмаган вожиб рўза.
  5. Ҳар ойнинг ойдин кунлари рўзаси каби мустаҳаб-нафл рўзалар. Яъни 13,14,15 кунлари
  6. Ашуронинг ўзида, шанба кунининг ўзида, Наврўз ва Меҳржон кунларига атаб тутилган рўзаларга ўхшаш макруҳи танзиҳий рўзалар.
  7. Икки ҳайит рўзаси каби макруҳи таҳримий рўзалар.

Хос вақтга тайин қилинган фарз рўза. Бу Рамазон ойи рўзаси бўлиб, унинг фарзлиги Қуръон, Суннат ва ижмои уммат билан собит бўлгандир.

Хос вақтга таъйин қилинмаган фарз рўза. Бу Рамазоннинг қазоси ва каффорат рўзаларни ўз ичига олади. Рамазоннинг қазоси узрли ё узрсиз Рамазонда рўза тутмаган кишига, қолдирган миқдорда фарз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади» («Бақара» сураси, 184-оят).

Каффорат рўзалари эса қуйидагилардир:

Қасам каффоратининг рўзаси. Уни узлуксиз уч кун тутилади. Бу рўзалар ичган қасамини бузиб, қул озод қилиш ёки ўнта мискинни тўйдириш ёхуд кийинтиришга қодир бўлмаган кишига вожибдир.

Зиҳор каффоратининг рўзаси. У икки ой узлуксиз тутилади.

Билмасдан одам ўлдирганнинг каффорат рўзаси. Бунда ҳам рўзани зиҳор каффоратига ўхшаб узлуксиз икки ой тутилади. Билмасдан одам ўлдириш жиноятини содир этган киши жазо ўлароқ бир мўмин қулни озод қилишга ожиз бўлса, мазкур каффорат вожиб бўлади.  Рамазонда рўзасини қасдан бузганлиги учун каффорат рўзаси

Хос вақтга тайин этилган вожиб рўза. Бу – аниқ бир вақтга тайин қилинган назр рўза бўлиб, вақтида тутмаса қазоси вожиб бўлади.

Муайян бўлмаган вожиб рўза. Бу бир вақтга тайин қилинмаган ҳамма назр рўзаларни ўз ичига олади. Масалан: “Аллоҳ учун бир кун рўза тутишни зиммамга олдим”, деса, ўзи хоҳлаган куни рўза тутиб беради.

Нафл рўза. Бунга фарз ва вожибдан ташқари бўлган, тутилиши суннати шарифа билан собит бўлган ҳамма рўзалар киради. Муҳаррамнинг ўнинчи куни бир кун олдин ёки кейинни қўшиб тутиладиган рўза каби. Шавволнинг олти кун рўзаси ҳақида эса: “Ким Рамазон рўзасини тутса, сўнг шавволдан олти кунни эргаштирса, бу даҳр рўзаси каби бўлади”, деганлар.

Ҳажга бормаган киши зул-ҳижжанинг тўққизинчи – Арафа куни рўзасини тутиши

Ҳар ой уч кун рўза тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Агар ойнинг уч куни рўза тутсанг, ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари тутгин”, деганлар.

Ҳар ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўзаси. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Амаллар душанба ва пайшанба кунлари арз этилади. Мен амалим рўзадор эканимда арз этилишини севаман”. Саййида Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба рўзаларини афзал билардилар”.

Танзиҳий макруҳ бўлган рўзалар. Уларни тутишдан кўра тарк этган афзалроқдир. Бундай тур рўзалар қуйидагилардан иборат:

Муҳаррамнинг ўнинчисини тўққизчи ёки ўн биринчисини қўшмасдан тутиш. Чунки бунда яҳудийларга ўхшаб қолинади.

Шанба ё якшанбанинг ўзини хослаб рўза тутиш. Бунинг ҳам сабаби юқоридагидек. Агар уларга ўхшашни қасд қилинса, унда макруҳ таҳримийга айланади. Аммо ўзи тутишга ўрганган рўзага тўғри келиб қолса, унда макруҳлик кўтарилади. Бу бир кун рўза тутиб, иккинчи кун тутмаганда ёки ҳар ойнинг бошида рўза тутишга одатланганда юзага келиб қолиши мумкин.

Жума кунининг ўзида рўза тутиш ҳам танзиҳий макруҳ. Чунки у кунда диний вазифалар мавжуд бўлиб, агар рўза тутса уларни бажаролмай қолиши мумкин. Доимий рўзадор бўлиш ҳам макруҳ. Гарчи наҳий қилинган кунлари тутмаса ҳам. Шунингдек сукут рўзаси ҳам. Бунда умуман биров билан гаплашилмайди. Макруҳлиги сабаби мажусийлар ўхшаб қолишда. Чунки улар рўзаларида шундай қилишади. Шунинг учун яхши сўзларни сўзлаш ёки гапиришга эҳтиёж бўлганда гапириш керак.

Улаб рўза тутиш ҳам макруҳ. Бу икки кун емасдан рўза тутишга айтилади. Пайғамбар алайҳис солату вассалом улаб рўза тутганлари ҳақидаги хабар саҳиҳ. Лекин бошқаларни улаб тутишдан қайтарганлар ва: “Мен сизлардек эмасман. Мени Раббим едириб, ичириб туради”, деганлар.

    Таҳримий макруҳ рўзалар. Рамазон ва Қурбонлик ҳайити кунлари, ҳамда Қурбонлик кунидан кейинги уч кун – Ташриқ кунлари рўза тутиш шундай макруҳ рўзаларга киради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим муассасаси

катта ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*