АБУ БАКР ҚАФФОЛ ШОШИЙ

IX–XII асрлар Марказий Осиёда илм­фан ва маданият, айниқса, ислом илмлари тараққий қилган. Бу минтақадаги Бухоро, Самарқанд, Насаф (Қарши), Термиз, Хива, Шош (Тошкент) каби қадимий шаҳарлар ислом дунёсидаги илм-фан ва маданият марказлари сифатида машҳур бўлган. Жумладан, Шошдан ҳадис, фиқҳ каби ислом илмларида кўплаб таниқли олимлар етишиб чиққан. Бу ерда туғилиб, фаолият кўрсатган кўплаб буюк зотлар, олимлар «Шоший» нисбаси (нисбат) билан бутун дунёга танилганлар.

Ана шундай алломалардан бири Қаффол Шошийдир. Ислом оламида Имом Бухорий (810-870), Имом Термизий (824-892), Имом Мотуридий (870-944) каби «имом» даражасига эришган кўплаб буюк алломалар орасида Имом Абу Бакр Қаффол аш­Шоший (903-976) ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари «Ҳазрати Имом» (Ҳастимом қисқартирилган шакли) деб улуғлаган бу зотнинг тўлиқ исми – Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, араб манбаларида унга алоҳида ҳурмат бажо келтириш учун номига «катта», «улуғ» маъносини ифодалайдиган «Кабир» сўзини қўшиб ёзадилар.

Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонганлиги боис «Қаффол» яъни, қулфчи, қулфсоз деган ном билан эъзозланган ва бу сўз унинг тахаллусига айланиб кетган. Бу ҳақда марвлик машҳур тарихчи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний (1113-1167) ўзининг «ал­Ансоб» («Насабнома») асарида шундай ёзади: «Қаффол – қулфсозлик касбига нисбат берилган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший Шош аҳлидан бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. У ўз замонасининг имоми (пешвоси) бўлиб, фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол аш­Шошийнинг номи Мағрибу Машриққа ёйилган».

Араб муаррихи Шамсуддин аз­Заҳабий (1274-1348) эса уни нафақат Мовароуннаҳр балки Хуросон олими сифатида ҳам эътироф этади: «Аллома, луғат, усул, фиқҳ имоми Хуросон олимларидан Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил аш­Шоший аш­Шофиъий «Катта Қаффол» номи билан машҳур бўлган. У зот Мовароуннаҳрда ўз даврининг имоми бўлиб, бир неча китоблар мусаннифи бўлган».

Ўрта аср муаррихи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний  ўзининг «ал­Ансоб» («Насабнома») китобида Тошкентни шундай таърифлайди: «Сайхун дарёси ортидаги, турклар билан чегарадош шаҳар бўлиб, у «Шош» деб аталади. Бу ердан кўплаб имомлар етишиб чиққан». Самъоний  шошлик имомлар тўғрисида маълумотлар келтириб, жумладан, Қаффол Шоший ҳақида шундай ёзади: «Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тилшунослик илмлари бўйича замонасида унга тенг келадиган олим йўқ эди… Қаффол Шоший тўғрисида шундай нақл мавжуд бўлган:

«Бу Абу Бакр қулфсоз фақиҳ»,

Фиқҳ билан қийин қулфлар(масалалар)ни очувчидир»

Қаффол Шоший ҳижрий 291(милодий 904) йилда Шошда туғилиб, дастлабки билимни ўз юртида, кейинчалик Мовароуннаҳрдаги мавжуд маърифат  ўчоқларида олади. Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларни кезиб, бу ерларда ўзидан сал олдинроқ ўтган ва бебаҳо диний­илмий мерос қолдирган Имом ал­Бухорий, Имом ат­Термизий каби йирик олимлар асарлари билан танишади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларини эшитади ва ўрганади.

Х асрда яшаб, ижод этган Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол аш­Шоший тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, усулул фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги асослари), шеърият ва тилшунослик илмлари бўйича қомусий олимлардан бўлганлиги қатор тарихий манбаларда қайд этилган.

Маълумки, усулул­фиқҳ илми (фани) бизнинг диёримизда милодий Х асрда ишлаб чиқила бошлаган. Шофи’ий фиқҳий мазҳаб пешволаридан бўлмиш Қаффол Шоший илк бор бу борада асар ёзганлиги маълум ва машҳурдир. Усулул­фиқҳ, яъни, фиқҳий масалаларни ишлаб чиқишда дастлаб Имом Шофиъий ўзи асар ёзган бўлса­да, бу фанни мустаҳкам пойдеворга қуриб, уни тараққий эттирган шахс Қаффол Шошийдир.

Хулоса қилиб айтганда, Қаффол Шоший қомумий олим сифатида ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни чуқур билганлиги туфайли илм­фаннинг қатор соҳалари ривожида муҳим аҳамият касб этган.

“Хадичаи Кубро” ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси Гофурова   Сарвиноз

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*