Таомнинг баракаси

Ислом ҳамиша инсонларни бағрикенгликка ва меҳрибонликка чорлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом борасида ҳам бизларни кенгчилик қилишга чақирадилар. Мусулмонлар инсонийликни қорин қайғусидан, моддий манфаатдан устун қўядилар. Ўзида бор нарсаларни ўзгалар билан баҳам кўриш ҳақида бизга Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўплаб ҳадислар ва ҳаётий мисоллар қолдирдилар. Қуйида уларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.

        Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васаллам:

“Икки кишининг таоми уч кишига кифоя. Уч кишинингтаоми тўрт кишига кифоя”, дедилар”.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга барака ҳақида таълим берганлар. Яни икки кишини таоми уч кишига ҳам, уч кишининг таоми тўрт кишига кифоя қилади деб кўпчиликда барака бўлишини айтмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида ҳам кўпчилик билан ейилган таомларда жуда ҳам сезиларли даражада баракалар бўлганини кўплаб мисоллар бор. Қуйида улардан бирини келтирамиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан ҳижрат қилиб Мадинага янгидан келган кунларида Ҳазрати Абу Айюб Ансорий икки кишилик таом қилиб, Расулуллоҳ билан Ҳазрати Абу Бакрни уйига чақирди. Унинг уйига кирганларидан сўнгра:

— Ансор саҳобаларнинг улуғларидан яна ўттиз одам чақир, — деб буюрдилар. Ўттиз киши келиб, шу икки кишилик таомдан тўйгунларича едилар, ундан сўнгра таом улар емагандек ортиб қолди. Яна олтмиш одамни айтиб келишни буюрдилар. Булар ҳам келиб тўйгунларича ейишди. Қарасалар, киши қўл урмагандек кўринур эди.

— Яна етмиш киши чақиргил, — дедилар.

Бу йўли келганлар ҳам бурунгилардек еб тўйдилар. Дастлабда бу таомнинг чўғи қандоқ турди эрса, яна шундоғича турмиш эди.

Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу:

— Расулуллоҳга атаб қилинган икки кишилик овқатга бир юз саксон киши еб тўйдилар. Бу мўжизани кўрган мўминларнинг иймонлари тоғдек бўлди, чин кўнгиллари билан ҳаммалари иймон келтириб, Ислом йўлида мол-жонларини аямасликка байъат бердилар,— деди.

Иккинчи бир қийлга кўра яъни “Мирқотул мафотиҳ” асарида ушбу ҳадиснинг шарҳида ўта тўйиб ейишдан қайтарилган.”Икки кишилик таом” яъни икки киши тўйиб овқатланадиган таом назарда тутилган.”Уч кишига кифоя қилади” яъни қаноат, тоатга қувватли бўлиш, қоринни тўйдирмасдан заифликни кетказиш жиҳатидандир.Бу ҳадисдан мақсад, албатта, инсон тўймасдан овқатланиб қаноат қилиши кераклиги, ортиқчасини мухтожларга еҳсон қилиш кераклиги айтилган. “Уч кишилик тўрт кишига кифоя қилади” бу ҳам уч киши тўйиб ейдиган таом тўрт кишига кифоя қиладиган даражада етади. Бу ҳадис бизларни чиройли хулқларга ва кифоя қиладиган миқдорга қаноат қилишга тарғиб қилади. Жуда тўйиб овқатланишда исроф  ва дангасаликка йўл ҳам бор.Тўйиб овқатланиш ҳам мақталмаган, аксинча, мазаммат қилинган.Ушбу мисоллар  бунга далил бўлади:

       Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар кетади. Агар жуда лозим бўлса,таоми учун учдан бир,шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир”, дедилар.

Бу ҳадисда ҳам  қаноатли бўлишга тарғиб бор. Таомни ўзига кифоя қиладиган миқдордан зиёдасини ейиш исроф ҳисобланади ва бу соғлиққа ҳам зарарли эканлиги тиббиёт ҳодимлари тарафидан таъкидланмоқда.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хутба қилиб шундай дедилар: “Ҳаддан зиёд тўйиб ейишдан сақланинг! Чунки тўйиб ейиш намозга бепарво қилувчи, инсоннинг жисмини бузувчи ҳамда касалликка олиб борувчидир. Таомингизда тежамкорликни лозим тутинг! Чунки у исрофдан узоқ, бадан учун фойдали ҳамда ибодатга қувват бўлади. Банда ўз ҳавои-нафсини динидан устун қўймаса, зинҳор ҳалокатга учрамайди”.

Али розияллоҳу анҳу ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳуга насиҳат қилиб: “То қорнинг очмагунча таом ейишга ўтирма, таомга иштаҳанг бўлиб турган пайтда таомдан тургин (яъни, таомни тўхтат, тўйгунингча емагин), яхшилаб чайнагин, ухлашдан олдин эса ҳожатхонага боргин. Агар мана шуларга амал қилсанг, тибдан беҳожат бўласан”, дедилар.

Тўйганлик нима билан билинади? Фақиҳлар қорни тўқ киши билан қорни оч кишининг фарқини баён қилиб шундай деганлар: Ноннинг ўзини ейишга иштаҳаси бўлмай қолган киши қорни тўқ киши ҳисобланади. Ноннинг ўзини ейишга иштаҳаси бўлиб турган киши эса қорни оч киши ҳисобланади

Бинобарин, доно халқимиз ҳам  кўпчилик билан таомланишда барака борлиги ҳақидаги ҳадислардан келиб чиқиб, “бир майизни қирққа бўлиб ейиш” деган ҳикматни айтган, улар  исломий таълимот асослари билан суғорилиб келишган. Шунинг учун,  ўзбек халқи жуда бағрикенг, меҳмондўстдир; тўй-ҳашамлар,турли маросимлар кўпчилик бўлиб дуо-ю хайрлар билан ўтказилади. Хулоса қилиб айтамизки , ким овқатланиш масаласида мўътадил бўлса, одобларига риоя қилса, таомни яшаш эҳтиёжларидан бири деб қараса ҳақиқий мўминлар сифати билан сифатланган бўлади ва албатта бу нарса мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган хусусиятлардан ҳисобланади. Барчамизга ушбу одобларга риоя қилиб гўзал хулқ билан хулқланиш насиб этсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом

таълим муассасаси 4-курс талабаси

                                                                                                                                Файзиева Зулайҳо

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*