«Маҳосин ал-шариа» асари ҳақида

Асар муаллифи Қаффол Шошийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил бўлиб,  тарих китобларида унинг насаби ҳақида бундан ортиқ маълумот келтирилмаган. “Унинг Қаффол Шоший номи билан машҳур бўлиши, ҳамда у эгаллаган фойдали илмлар, ислом ва мусулмонларни қалами ва қиличи билан ҳимоя қилишдаги жасоратлари унинг насабини узун қилиб келтиришга ҳожат қолдирмайди”, деб таъкидлайди Руя ибн Ажжож.

 

Чақир мени Ажжож дея машҳур қилган исмим ила,

Насабларим узундир, аммо менга ўшал исмим кифоя.

 

Имом Қаффол Шоший барча илмларда, хусусан, фиқҳ, усул, тафсир, ҳадис, тил ва бошқа кўплаб илмларда машҳур олимлар етишиб чиққан Шош шаҳри, ҳозирги Тошкент шаҳри ҳудудида дунёга келган. Ўз она юртида балоғатга етгач, илм талабида ўша даврнинг йирик ислом марказларига сафар қилади. Аллома Шошга кўп илмларни, хусусан шофеий фиқҳини эгаллаб қайтиб келади.

Китобнинг тўлиқ номи “Маҳосин ал-шариа фи фуруъ ал-шофеийя”, лекин кўп тарихчилар китоб номини “Маҳосин ал-шариа” тарзида қисқа кўринишда келтирадилар. Муаллиф фуруъ ал-фиқҳнинг барча мавзуларини шофеий фиқҳи асосида ёритиб берган. Бошқа фиқҳий асарлардан фарқли тарзда ислом ҳуқуқи меъёрлари ҳикматларини очиб беришга катта эътибор қаратган.

Ислом ҳуқуқининг назарий ва фалсафий асоси бўлмиш усул ал-фиқҳ фанининг вужудга келиши имом Шофеъийнинг «Рисола» асарининг дунёга келиши билан боғлиқдир. Лекин IX асрнинг бошида ёзилган «Рисола» асарига фақатгина X аср бошларига келиб илк шарҳлар ёзила бошлаган. Мазкур шарҳларнинг бири юқорида таъкидлаганимиздек, Абу Бакр Қаффол Шоший қаламига мансуб эди. Бу иш ўша давр учун нечоғлик муҳим аҳамият касб этганлигини қуйида кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

«Маҳосин» асарида аллома усул ал-фиқҳ фанининг асносида юзага келадиган шариат меъёрларининг мақсади нима деган саволни фуруъ ал-фиқҳнинг барча мавзуларида қўллаган. Ҳукм ортида доимо бирор сабаб ва мантиқ бўлган. Нима учун намоз ўқиймиз, нима учун маст қилувчи ичимлик ичмаймиз? Ва ҳоказо. “Мақосид ал-шариа” яъни шариат мақсадлари деб аталувчи фан “қоидалар ортидаги ҳикматни” тушунтириб беради. Масалан, закот, қўшнига яхшилик қилиш ва кишиларни кўрганда саломлашиш (тинчлик тилаш)нинг ортидаги ҳикматлардан бири “ижтимоий бирдамликни ошириш” ҳисобланади. Қоидалар ортидаги ҳикмат “Худони танитиш”ни ҳам ўз ичига олади. Намоз, рўза ва дуонинг ортидаги        ҳикматлардан бири ҳам айнан “Худони танитиш”дир.

Шунингдек, мазкур мақсадлар шариат аҳкомлари маълум ишлардан қайтариш ёки маълум ишларга руҳсат бериш билан қўлга киритишни назарда тутган ижобий ғоялар йиғиндисидир. Шундай экан, инсонларнинг руҳияти ва ақлини ҳимоя қилиш, маст қилувчи ва заҳарли моддаларни истеъмол қилишни ислом динида қатъий таъқиқланганлигида ўз аксини топади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мақосид ал-шариа ҳукм ва меъёрларни ўрнатишда Аллоҳнинг мақсади, хоҳиши нима эди, деган саволга жавоб беради. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг хоҳиши нима эди ва ҳукмнинг мақсади нима, деган икки савол қўйилади. Шу тариқа ҳукмларнинг асл сабаби (илла) аниқланади. Масалан, Тоҳа сурасида мени эслаш учун намозни адо этинг дейилади, намознинг мақсади (иллати) Аллоҳни зикр қилиш, эслашдир.

«Маҳосин» асарини ўрганишнинг ўзига хос жиҳати ҳам шундаки, унда юзаки ва ҳарфий қонун устиворлиги эмас, балки ҳуқуқий меъёрларнинг асл мақсад ва моҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга татбиқ этиш муҳим эканлигига урғу берилади.

“Ҳадичаи Кубро” ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси Ғофурова Сарвиноз

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*