Оламларга раҳмат Пайғамбар

Бизларни инсон қилиб яратган иймон гавҳарига мушарраф этган ва Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари бўлишдек буюк бахт ато этган меҳрибон Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Барча оламларга рахмат бўлиб келган, мўминларга ота-оналаридан ҳам меҳрибон бўлган, пайғамбарларнинг саййиди ва инсонларнинг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин. У кишининг муҳтарама завжаларига, асхобларига, тобеинларига , ва сизу бизларгача шариат илмини етказиб келган устозларимизга дуолар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатда буюк шахс эдилар. У зот алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари ҳар бир нарсада эргашиладиган намунадир.  Дунё ва охиратда нажотга эришмоқчи бўлган ҳар бир мусулмон учун Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш, у зотнинг сўзлари қилган ишлари ва тақрирлари билан танишиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламларга раҳмат қилиб юборилдилар.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«(Эй Муҳаммад), Биз сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юборганмиз».(Анбиё 107-оят).

«(Эй иймон келтирганлар) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят).

Муҳаммад Мустафо  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳмати замон ва макон билан чегараланмаган.  У зот инсоният олами, ҳайвонот олами, фаришталар олами, жинлар олами,  наботот олами-барчасига раҳмат ўлароқ юборилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳалим ва меҳрибон эдилар. Бу сифатлари Қуръони Каримда:

«Аллоҳнинг раҳмати сабабли  (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингизда тарқалиб кетган бўлур эдилар», (Оли Имрон, 159-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «(Барча) Пайғамбар қавмига хос қилиб юборилган ва мен инсонларга омматан юборилдим» (Имом Бухорий , Имом Муслим, Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).

Сийратларига қарайдиган бўлсак, бир мушукка раҳмлари келгани ва унга тошбағирлик қилган аёлнинг Дўзахга тушгани хабарини берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл уни боғлаб қўйиб, овқат бермаган ва уни ердаги нарсаларни ейишга қўймагани учун бир мушук туфайли Дўзахга кирди», дедилар” (Имом Бухорий , Имом Муслим, Имом Можа, Имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Табароний  ривояти).

Қалбида итга нисбатан раҳми келгани учун Аллоҳ таоло бир  фоҳишани  мағфират қилгани ҳақида хабар берганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ташналик уни ўлар ҳолатга олиб келган бир ит  қудуқ  атрофида айланиб юрган эди. Бани Исроил фоҳишаларидан бири уни кўриб қолди. Шунда оёқ кийимини ечиб, уни суғорди. Шу сабабли у мағфират қилинди» (Имом Бухорий , Имом Муслим, Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларга бўлган раҳмати шундай даражага етганки, ҳатто Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мўминлар учун ўзларидан ҳам ҳақлироқ эканини зикр қилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир» (Аҳзоб сураси, 6-оят)

«(Эй Макка аҳли) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди» (Тавба сураси 128-оят).

Аллоҳ таоло барчамизга Ўз Ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари билан хулқланишни У зотнинг суннатларини маҳкам тутишни насиб этсин.

                                       Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом

таьлим муассасаси 4- курс талабаси     

Абдуллаева Муҳсинахон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*