ЛИБОС ПОКЛИГИ

Исломда поклик мавзуимиз давоми ўлароқ бу мақолада либосларнинг поклиги, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан покланиш усулларини ўрганган саҳобаи киромларнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) тавсияларини ўрганамиз, иншааллоҳ.

وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ

“Ва кийимингни покла!” (Муддассир сураси, 4-оят)

Бу ояти каримадаги хитоб моддий ва маънавий покликни ўз ичига олади. Поклик деганда нажаслардан поклик ва кирликдан тозаланиш тушинилади. инсон кийимини тоза, кўркам қилиши кибр эмас, балки шариат даъватидир. Қуйидаги ҳадисда ҳам кийимларини кўркам қилишни Аллоҳ яхши кўриши таъкидланмоқда.

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра мисқолича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Бир одам кийими ва пойабзали бежирим бўлишини яхши кўради, шу нарса кибрми?» деб сўради. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни хуш кўради, у кибр эмас. Кибр ҳаққа унамаслик – рад этиш ва одамларни масхара қилиш – таҳқирлашдир», дедилар Набий» (Муслим, Термизий ривояти).

Қуйидаги ҳадиси шарифларда эса нажосатлардан поклаш зарурлиги кўргазмали тарзда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тушунтирилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Албатта, икковлари азобланмоқдалар. Икковлари катта нарсада азобланмаяптилар. Улардан бири сийдигидан сақланмас эди. Бошқаси бўлса, чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига айирдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шоядки, булар қуригунча икковларидан (азоб) енгиллатилса», дедилар».

Бу ҳадиси шарифда мусулмон инсон нажас нарсалардан, ҳатто сийгани сачраши мумкин бўлган томчилардан ҳам ўзини жуда эҳтиёт қилиши зарурлиги баён қилинмоқда. Яъни, ҳадисда зикр қилинганларнинг бири сийганда ўзига сачраса, сийиб бўлгандан кейин сийдикдан қолса, эътибор бермай кетаверар эди. Қолган сийдик баданига ёки кийимига томадими, эътибори йўқ эди. «Бошқаси бўлса, чақимчилик қилиб юрар эди». Яъни, одамларнинг гапини бир-бирига ташиб, ораларида низо чиқишига сабаб бўлар эди. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, мазкур икки нарса одамлар назарида арзимас нарсага ўхшайди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг ҳузурида булар жуда ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу икки ишга мубтало бўлган икки киши қабрда азоб чекмоқда.

Лубоба бинти ал-Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар: «Ҳусайн розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига сийиб юборди. Мен: «Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиз боланинг сийдигидан ювилади, ўғил боланинг сийдигига (сув) сепилса бўлди», дедилар (Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилган).

Бу фарқнинг сабабини уламолар қуйидагича изоҳлайдилар: ўғил ва қиз болаларнинг жисмоний тузилишларидаги фарқлар туфайли уларнинг сийдиклари ҳам фарқли бўлади. Шунингдек, сийдик чиқариш аъзоларидаги фарқ туфайли ўғил боланинг сийдиги сиқилиб чиқади, қиз боланики эса ундай бўлмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Намоз эллик вақт, жунубликдан ғусл қилиш етти марта, кийимдаги сийдикни ювиш етти марта эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам токи, намоз беш вақт, жунубликдан ғусл қилиш бир марта ва кийимдаги сийдикни ювиш бир марта қилингунча (енгиллик) сўрайверганлар», деди». Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадисдан эса жунубликдан ғусл қилиш ва кийимнинг сийдик теккан жойини ювиш масаласида ҳам юқорида намоз ҳақида зикр қилинган нарсага ўхшаш ҳодиса бўлиб ўтганини билиб олмоқдамиз. Аллоҳ таоло дастлаб жунуб бўлган одам етти марта қайта-қайта ғусл қилмаса, пок бўла олмаслигини жорий қилган экан. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш умматларига оғирлик қилишини айтиб, Аллоҳдан енгиллик сўраган эканлар. Аллоҳ таоло бир оз енгиллатган. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ҳам енгиллатишни сўрайверганлар. Охири бир мартага тушган. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлиги, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига мушфиқликлари исботидир. Кийимнинг сийдик теккан жойини ювиш масаласи ҳам худди ғусл масаласига ўхшайди. Аллоҳ таоло буни поклаш учун етти марта ювишни амр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраб-сўраб бир мартага туширганлар. Баъзи динларда бундай кийимларни умуман, ташлаб юборишга ёки сийдик теккан жойини кесиб олиб ташлашга ҳукм қилинган. Бошқаларида эса бу билан ҳеч кимнинг умуман иши бўлмаган. Исломда эса бу масала энг тўғри ва энг осон йўл билан ҳал этилган. Бу ҳам мусулмонлардан шукр қилишни тақозо қилади. Шукрнинг бир тури эса кийимларини доимо шариатда айтилганидек тоза тутишларидир.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мазийдан қийинчиликка учрар эдим. Унинг сабабидан кўп ғусл қилар эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У нарсадан таҳорат қилсанг сен учун етарли», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ундан кийимимга теккани қандоқ бўлади?» дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кафтингга сув олиб туриб, кийимингнинг у теккан жойига сепсанг, кифоя қилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ (ахлат ташладаиган жой). Бас, ёмғирда қолсак, қандоқ қиламиз?» деди. У зот: «Ўшандан кейин ундан покроқ йўл йўқми?» дедилар. Мен: «Бор», дедим. У зот: «Ана ўша, буниси билан суришиб кетади», яъни, ифлос йўлда теккан нопок нарсалар тоза йўлдаги пок ерга тегиб, покланиб қолади дедилар. Бу ҳадислардан саҳобаи киромларнинг покликка қанчалар эътибор беришларини ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб масалага ойдинлик киритишларини кўрмоқдамиз. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, кўчанинг лойи кийимга сачраса, узрли, фақат айнан нажас нарса тегмаса бўлди, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангиз кавуши ила нопок нарсани босса, тупроқ унинг покловчисидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Қачонки, икки маҳсиси ила нопок нарсани босса, уларнинг покловчиси тупроқдир», дейилган. (Абу Довуд ривоят қилган)

Бу ҳадиси шарифда оёқ кийимларини қай йўсинда поклаш лозимлиги баён қилинмоқда. Оёқ кийими ила нопок нарса босилса, уни кейин босилган тоза тупроқ тозалайди. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирортангиз масжидга келса, назар солсин, агар кавушларида нопок ёки ифлос нарса кўрса, уни (ерга) артиб ташласин ва кавушлари ила намоз ўқийверсин», дедилар». (Абу Довуд ривоят қилган)

Бу ҳадиси шариф ҳам олдингисининг маъносини таъкидламоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга киришдан олдин оёқ кийимига қараш лозимлигини уқтирмоқдалар. Агар оёқ кийимида нопоклик бўлса, уни тупроққа ишқаб, артиб ташлаш зарур экан. Шу билан бирга оёқ кийимини ечмай намоз ўқиш мумкин экан. Бу ҳам бўлса, Ислом шариатининг кишиларга осонлик туғдиришга ҳарис эканлигини кўрсатади.

Давоми бор….

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 Д.Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*