Жаннати Райён калити

Мўмин бандаларининг гуноҳ ва хатоларига қалқон қилиб, рўзани исломнинг асосий рукнларига қўшган, аввалини раҳмат, ўртасини мағфират, охирини эса жаннат қилиб берган Оламларнинг Роббисига ҳамду санолар бўлсин.

Умматларига меҳр кўрсатиб, ўзлари чиройли ўрнак бўлиб, рўза тутишни барча сир-асрорларини муфассал ўргатиб берган Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту дурудлар бўлсин.

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тийишни англатади. Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан, қуёш ботгунигача, ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тийишмоқликдир».

Аллоҳ субҳанаҳу ва таало Рамазон ойини бошқа ойлардан кўра, файзли, барокатли қилиб қўйди. Унинг кундузларини рўзадорлар учун салқин, тунларини мунаввар қилиб қўйди. Ҳаттоки, ундаги амалларни ҳам ундан бошқа ойлардаги амаллардан даражасини улуғлаб қўйди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таало: «Бандаларимнинг ҳамма амаллари ўзлари учундир. Фақат рўзалари Мен учундир. Шунинг учун ҳам унинг мукофотини Мен берурман. Чунки унда одам боласи шахватини ва таомини мен учун тарк этади», деди. Рўзадор учун икки мукофот бордир. Бири бу дунёда таомга етишгандаги хурсандчилик бўлса, иккинчиси охиратда бўлиб, Роббисига йўлиққандаги хурсандчиликдир. Шунингдек, рамазон ойида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклар ёпилади, шайтонлар кишанланади, Аллоҳ таоло айрим дўзахга муносиб бўлиб турган бандаларини мағфират қилади. Буларнинг ҳаммаси Рамазони Шариф хурматидан бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Райён деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улар билан бирга улардан бошқа бирортаси кирмас. Уларнинг охиргиси кирганда, у беркитилур, бошқа ҳеч ким ундан кирмас», дедилар.

Қиёмат кунида ҳамма жаннатга киришга шошиб турган бир пайтда рўзадорларга имтиёз берилиб, «Райён» номли махсус эшикдан киритилаётганларида, Аллоҳ таоло бизларни ҳам рўзаларимизни Ўзини ҳузурида ҳусни қабул қилиб, Муборак Райён эшигидан кирмоқликни ҳаммаларимизга насиб этсин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Г.Кенжабой

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*