ҚУРЪОНИ КАРИМ СУРАСИДА КЕЛГАН ИБРОҲИМ ҚИССАСИ

Иброҳим (алайҳиссалом) тўғрисидаги қисса Қуръони каримнинг кўпгина сураларида, жумладан, Бақара, Оли Имрон, Анъом, Тавба, Ҳуд, Иброҳим, Ҳижр, Наҳл, Марям, Анбиё, Ҳаж, Шуаро, Анкабут, Соффот, Зухруф, Зориёт ва бошқа сураларда ҳикоя қилинади.Иброҳим (алайҳиссалом)нинг исмлари Қуръони каримнинг етмишга яқин жойида зикр қилинади.

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг насаблари Нуҳ (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Ибн Касир «Ал-Бидоя ван-ниҳоя» номли китоб­ларининг биринчи жилди, 15-саҳифасида уни қуйидагича келтирадилар: Иброҳим ибн Тасаруҳ ибн Ноҳуд ибн Соруғ ибн Рўав ибн Фолиғ ибн Обир … ибн Сом ибн Нуҳ (алайҳиссалом). Нуҳ (алайҳиссалом) билан Иброҳим (алайҳиссалом) ўрталаридаги муддат 3000 йилдан зиёдроқни ташкил этади. Иброҳим (алайҳиссалом) Ироқнинг Бобил ерида дунёга келганлар. Ибн Касир айтадилар: Ибн Асокир Икримадан ривоят қиладилар: Иброҳим (алайҳиссалом)нинг кунялари «Абу Зойфан» («Меҳмонлар отаси») эди.

Айтишадики: оталари Тасоруҳнинг ёши эллик еттига кирганда Иброҳим, Ноҳур ва Ҳорон исмли ўғил кўради. Буларнинг орасида Иброҳим (алайҳиссалом) ўртанчаси эдилар. Тасоруҳнинг Ҳорон исмли ўғлидан Лут (алайҳиссалом) дунёга келдилар. Ҳорон отаси ҳаётлик чоғида Калдон ерида вафот этади. Бу сийрат аҳли ва тарихчилар наздида энг машҳур, саҳиҳ хабар ҳисобланади. Баъзи манбаларда Иброҳим (алайҳиссалом) Дамашқнинг Ғута водийсида туғилганликлари айтилган. Сўнгра Иброҳим ўз ота­лари билан Калдондан Канъонга ҳижрат қиладилар. Шундан кейин Ҳоронда қўним топадилар, у ерда Ҳорон подшоҳининг қизи Сорага уйла­надилар. Бу қавм юлдузларга сиғинар эди.

Иброҳим (алайҳиссалом) яна Бобил ерига бут-санамларга ибо­дат қилувчи қавмларини Аллоҳ  таолога ихлос билан ибодат қи­лишга чақириш учун қайтиб келадилар. Бу ерда ўз қавмлари ва мағрур, ношукр подшоҳ билан баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади.

Шундан сўнг укаларининг ўғли Лут (алайҳиссалом) билан Шом ўлкасига, у ерда қурғоқчилик ва қаҳатчилик бошлангач, Мисрга риҳлат қиладилар. Мисрда Иброҳим (алайҳиссалом) ўз аёллари билан Аллоҳ хоҳлаган муддатгача тургач, Фаластинга қайтиб кетадилар.

Ибн Касир айтадилар: «Сўнгра Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳис­салом) Мисрдан Таймунга йўл оладилар. У ерда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг чорва, қул-чўри ва кўпгина мол-давлати бор эди. Миср подшоҳи Сорага мисрлик қибтийя Ҳожарни ҳадя қилиб беради.

Ҳожар уларга ҳамроҳ бўладилар. Иброҳим (алайҳиссалом) Ҳожарни ўз никоҳларига олиб, ундан Исмоил исмли ўғил фарзанд кўрадилар ва Иброҳим Ҳожар билан Маккаи мукаррамага ҳижрат қиладилар. Бир қанча вақт ўтгач, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га бир масжид қуришни амр этади. Бу ишда ўғиллари Исмоил ҳам қатнашади, Иброҳим (алайҳиссалом) Фаластиннинг «Ҳибрун» деган жойида  вафот этадилар. Иброҳим (алайҳиссалом) ўғиллари Исҳоқ (алайҳиссалом) ва набиралари Яқуб (алайҳиссаломлар)нинг қабри Ҳибрунда жойлашган бў­либ, ҳозирги кунда у «Ал-Халил» номи билан маълум. Бу ном умматдан-умматга, авлоддан-авлодга ўтиб, Бани Исроил замонидан бошлаб бизнинг давримизгача шундай аталиб келинади. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қабрлари Ҳибрунда  эканлиги рост, лекин аниқ қаерда эканлиги ҳақида ҳеч қандай саҳиҳ хабар мавжуд эмас…». Юқорида келтириб ўтилганлар Иброҳим (алайҳиссалом) ҳаётларининг бир томони, холос, уни тарихчилар ўз китобларида зикр қилиб ўтганлар, аммо Қуръони каримда бу ҳақида ўта ҳикматли ва муфассал тарзда ҳикоя қилинади.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассаса

4-курс талабаси Бобожонова Адолат

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*