ИБРОҲИМ (АЛАЙҲИССАЛОМ) ҚИССАСИДАГИ ИБРАТЛАР

Қуръони каримни ўқиб, уни тафаккур қилган инсон ўзига кўплаб фазилат ва хислатларни олиши мумкин. Кўп ўринларда Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Иброҳим (алайҳиссалом)ни мақтаб зикр қил­ган. Энди, у кишининг фазилатларини кўриб чиқамиз.

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг одамларга йўлбошчи тарбиячи  эканликлари

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ меъёрлари асосида тарбия олган. Инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб келиши аниқ.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эсланг, Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таоло): «Албатта, Мен сени одамларга имом қилгувчиман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?», деб сўради у. (Аллоҳ таоло) айтди: «Менинг бу аҳдим золим кимсаларга етмайди”».

Бу ердаги имтиҳондан мурод, Аллоҳ таолонинг Иброҳим (алайҳиссалом)га амр-таклиф ва наҳйи-қайтариқлар билан синаб кўришидир.

Бу сурада Аллоҳ таоло бандаларини сабр қилсинлар деб қийинчилик, машаққат билан, шукр қилсинлар учун яхшилик ва неъмат бериб синайди. Бу икки ҳолатда ҳақиқий мўмин ким эканлиги аён бў­лади. Аллоҳ таоло айтади:

«Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз» (Анбиё, 35). Муфассир олимлар ушбу сўзлардан мурод нима эканлиги ҳақида ихтилоф қилишган.

Имом ибн Жарир Табарий ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтадилар: «Бу сўзлардан мурод нима эканлиги тўғрисида бирон ишончли хабар йўқ, лекин бизнингча, энг тўғри фикр шуки: Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га кўпгина амр-топшириқларни буюрган ва у аъло даражада, мукаммал бажарган».

Шу сабабли Аллоҳ таоло у кишини бир ояти каримада қуйи­да­ги сифат билан мақтайди: Яхшилик қилиш билан ўзаро меҳр-оқибат ва муҳаббатни зиёда қилибгина қолмай, балки  Яратганнинг раҳматига ҳам сазовор қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшилик қилинглар, албатта Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни севади”, деб марҳамат қилган. «Ёки вафодор зот – Иброҳимнинг (саҳифаларидаги хабарларидан) ҳамми?!» (Нажм, 37).

Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунгани, ўз аҳдига ҳеч оғишмай вафо қилганлари сабаб шундай демоқ­да: «Албатта, Мен сени одамларга имом қилгувчиман». Яъни, сени, эй Иброҳим (алайҳиссалом), одамларга имом қи­либ қўяман, улар сенинг сўзинг ва амалингга эргашиб, сени ўзларига ўрнак қилиб оладилар. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) дедилар: «Зурриётимни ҳам-а?»

Яъни, эй Аллоҳим, мен Ўз фазли-караминг билан одамларга имом қилганинг каби, зурриётимдан ҳам шундайларни чиқар­гин, чунки мен авлодларимдан одамларга имомлик қиладиган кишиларнинг бўлишини хоҳлайман.

Бу нарса, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг яхшиликни нафақат ўзларига, балки келажак зурриётларига ҳам раво кўришларидан дарак беради. Бунга жавобан Аллоҳ таоло шундай дейди: «Менинг бу аҳ­дим золим кимсаларга етмайди». Яъни, Аллоҳ таоло ўз бандаси Иброҳим (алайҳиссалом)га деди: “Мен сенинг талабингни ижобат қиламан, фақат бу сенинг нас­лингдан бўлган солиҳ кишиларгагина тегишли, улар бошқаларга имомлик қиладилар, лекин улардан кимки золим бўлса, унда одамларга имомлик қилишга лойиқ эмаслар”.

Бу оят Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом) зурриётининг баъзиларидан пайғамбар ва расуллар чиққанига далолатдир. Сў­зи­мизга исбот сифатида қуйидаги оятни келтириб ўтамиз: «Биз (Иброҳимга ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ҳамда пайғамбарликни ҳам, Китобларни ҳам унинг зурриётига (хос) қилдик ва унга шу дунёда ҳам ажр-му­ко­фотини бердик, албатта, у Охиратда ҳам солиҳ зотлардандир» (Анкабут, 27).

Қуйидаги оятда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг наслидан ҳам муҳсин, ҳам золим кимсалар борлиги айтилади: «Ва яна Биз унга – пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Исҳоқнинг хушхабарини бердик. Ва (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётла­ридан чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қил­гувчи ҳам бўлур» (Соффот, 112–113).Демак, золим кимсалар одамларга имомлик қилишга муносиб эмаслар, ҳатто улар пайғамбарлар (алайҳиссалом) авлодидан бўлсалар ҳам. Ушбу сураларда зулм ва золимликдан қайтари­либ, доим

Ҳақ йўлда мустақим бўлишга чақирилмоқда.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассаса

4-курс талабаси Бобожонова Адолат

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*