Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи

Имом, ҳофиз, муҳаддис Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ибн Вард ал-Қушайрий ан-Нисобурий ҳижрий 204 ҳижрий (милодий 819) йили, баъзи манбаларга кўра эса, 206-821 йилларда Нисобурнинг Қушайр қишлоғида туғилганлар. Дастлабки таълимни оталари, ўша даврнинг йирик уламоси Ҳажжождан олганлар. 218 ҳижрий санада шайхлари Яҳё ибн Яҳё ат-Тамимийдан ҳадис эшитишни бошладилар. 12 ёшда Қуръони каримни ҳифз қилганлар. 220 ҳижрий санада ҳаж фазрини адо этганлар. Сифатлари – мукаммал қоматли, соч-соқоли оқ, баззоз бўлганлар.

Имом Муслимнинг биринчи сафарлари 220 ҳижрий санада бошланган эди. Маккада шайхлари Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабийдан ҳадис эшитдилар. Шунингдек, қайтаётганларида Кўфада Аҳмад ибн Юнус ва бир нечта жамоадан ҳадис эшитиб қайтдилар.

Имом Муслимнинг ҳадис илмида етук эканликларига кибор уламолардан бир нечталари гувоҳлик беришган. Улардан Аҳмад ибн Салама Нисобурий, Абу Зуръа, Абу Ҳотамлар гувоҳ бўлишган.
Имом Муслим ҳадис илмининг қуйидаги шўбаларида кучли эканликлари намоён бўлган:

  • Ҳадис илми;

Бу илм ҳадиснинг матни, санади, нассларининг ёд олингани, ҳадисдаги ихтилоф ва зиёдасини, ҳадиснинг саҳиҳ ва заифини ҳамда марфуъ, мавқуфи ва мақтуъларини билишдир.
Имом Муслимнинг шоҳ асарлари «Саҳиҳи Муслим»дир. У зотнинг узоқ йиллар давомидаги машаққатли меҳнатлари ва бутун ақл-заковатларининг самараси бўлган ушбу асар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига бағишланган энг эътиборли ва муҳим манбалардан биридир. Саҳиҳ деб эътироф қилинган олтита саҳиҳ китобининг иккинчисидир. Илм аҳллари орасида бу асар «Жомеъ» ёки «Муснад» номлари билан ҳам юритилади. «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим» Ислом оламида ҳақли равишда Қуръони каримдан кейинги асосий манбалар ҳисобланади. Имом Муслимнинг саҳиҳ китоблари Бухорийнинг саҳиҳ китобларидан кейинги ўринда туришига бутун уммат иттифоқ қилишган. Бу ҳақда у зот ўзлари: «Бу муснадга бир нарса киритсам, фақат ҳужжат билан киритдим. Бирор нарса туширсам ҳам, фақат ҳужжат билан туширдим. Саҳиҳ китобим ўзим эшитган уч юз минг ҳадислардан танлаб олинган», деб айтдилар. Унинг таснифи учун ўн беш йил вақт кетди. Мана шу йил мобайнида ҳадисларни тўплаб йиғганлари учун ҳам Аллоҳ бу китобнинг мартабасини кўтарди.

  • Илму рижолил ҳадис;

Муҳаддислар санадларни ажратишда эътимод қиладиган энг асосий нарса шудир. Бунда исмлар, кунялар, лақаблар, насаблар ўрганилади.

  • Илмул жарҳ ват-таъдил;

Бунда ҳадис ривоят қилувчиларнинг кучли ёки заиф эканликлари танқид қилинади.

  • Илму илалил ҳадис;

Бир ҳадис илмининг энг махфий ҳамда дақиқ бўлагидир. Имом Муслим шу фанларда кўплаб асарлар битганлар.

Имом Муслим сафарлари давомида кўплаб шайхлардан ҳадис эшитганлар. Ҳофиз Заҳабий Имом Муслим саҳиҳларида ривоят қилган шайхларини санаб 220 тага етказдилар. Имом Бухорий, Зуҳалий ва Ибн Мадийнийлар ҳам у зотнинг устозларидан эди. Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг Имом Бухорийга нисбатан муҳаббатлари чексиз бўлиб, у зотга ғоятда иззат-икром ва эҳтиром кўрсатадилар. Бир куни Имом Бухорийнинг ҳузурларига келиб, у зотни юз-кўзларидан ўпиб: «Эй устодларнинг устоди, муҳаддисларнинг саййиди, иллатли (ноқис) ҳадисларнинг табиби! Менга оёқларингизни ўпишга рухсат қилинг», деб мурожаат қиладилар. Имом ал-Бухорий Нишопурда турган вақтларида у зотдан бир қадам ҳам ажралмасдан, эртаю кеч у зотнинг ёнларида бўлдилар. Имом Бухорий Муслимнинг устозларидан бири бўлишларига қарамасдан, у кишидан бирорта ҳадис ривоят қилиб саҳиҳларига киритмаганлар.

Ўлимларининг сабабини зикр қилиб айтишадики, бир куни у зот бир мажлисда ўтирсалар,
билмайдиган ҳадислари ҳақида сўраб қолинди. Лекин у ҳадис ҳақида билмасдилар. Сўнгра манзилларига қайтиб чироқларини ёқиб мутолаага шўнғидилар. Аҳлларига: «Менинг ҳузуримга ҳеч ким кирмасин», дедилар. Бир саватда хурмо ҳадя қилинган эди, ўша хурмодан тановул қилиб ҳадис қидира бошладилар. Шу алфозда саватдаги хурмодан еб, ҳис қилмаган ҳолда қидираётган ҳадисни топиб олдилар. Кейин шу сабабли бирдан ҳолатлари оғирлашиб касал бўлиб вафот этдилар. Имом Муслим 261 ҳижрий сана ражаб ойининг душанба кечаси Нисобур шаҳрида 50 ёшдан бироз ўтиб дорулбақога рихлат қилдилар.

Аллоҳ раҳм қилиб, у зотдан рози бўлсин!

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта 

махсус ислом таълим муассасас

4-курс талабаси Мансурова Мадинахон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*