ЎЗБЕК АЁЛИНИНГ ҲАЁСИ

Шарқ  – бу ўзига хос тарбия, минтелитет ва одоби билан ажралиб туради. Эркагу аёлларининг муомала ва муносабатларида андиша, ҳаё, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, дину диёнат доимо устун бўлиб келган.

Афсуски охирги пайтларда интернет тармоғида туркий халқларга мос фазилатларнинг кескин кўтарилиши ёшу қарини ўз домига тортмоқда. Инсон ўзлигини унутиб қўймоқда. Бу эса халқ ва миллатни таназзулга олиб келиб, тамаддуннинг ер билан яксон бўлишига сабаб бўлмоқда. Оқибат шу даражага етиб бордики, айрим ўзбек ўғлонлари ўзлигини унутиб, ўзларини “демократия” партаси ортига яширган ҳолатда ўзбек муслима аёлларини омматан дашном ва бадном қилишни ҳам ўзларига “ор” деб  билмадилар.

Ҳар бир инсон Аллоҳнинг буюк инояти ва мўъжизасининг намуналаридан биридир. Шариат ҳар бир инсонга муайян дахлсизлик кафолатини беради. Мазкур дахлсизлик қуйидаги муносабатлари мухофазасини амалга оширади:

  1. Эътиқод (дин) мухофазаси;
  2. Нафс мухофазаси;
  3. Мол-мулк мухофазаси;
  4. Амал мухофазаси;
  5. Оила ва насаб мухофазаси.

Шаръий беш дахлсизликка қарши амалга оширилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ислом дини жиноят ҳуқуқида маълум шаръий санкциялар, яъни жазо чоралари белгиланган. Насл ва насаб мухофазаси инсон фитратига оид тажаввузлардан ҳимояланиш ҳуқуқини берар экан, унга қарши қаратилган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатни қоралайди. Мана шундай оғир жиноятлардан бири “зинода айблаш” жиноятидир. Айблов аёлга нисбатан қилиниши ёки омматан бўлиши уни оғирлаштирувчи ҳолатларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ الَّذِينَ يَرْمُونَ الْمُحْصَنَاتِ الْغَافِلَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ لُعِنُوا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

يَوْمَ تَشْهَدُ عَلَيْهِمْ أَلْسِنَتُهُمْ وَأَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُون

«Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (Нур сураси, 23–24-оят).

Аллоҳ ҳар инсонга бағри остида  “қалб” деб аталмиш мезонни яратиб қўйган. Бу мезон Яратган билан бандаси ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириб туради. Зино жинояти махфий жиноятлар сирасига киргани сабабли ҳам бошқа далиллар билан бир қаторда унга иштирокчиларнинг иқрори, хоссатан такрорий иқрорлари талаб этилади. Далилсиз айбловни амалга оширувчини эса бекорчи,  лағв сўзловчи ва гапи инобатга олинмайдиган шахс сифатида қараймиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: «(Бузуқ ниятлардан) ғофил, покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш»ни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).

Муҳим томони шундаки, зино, туҳмат ва зинода айблов бу нафақат ислом дини, балки барча динлар қоралайдиган жиноятлардан бири ҳисобланади.  Эҳтимол бу даъвони қилганлар умуман динсиз бўлишлари мумкин, лекин ҳар бир инсонга берилган сўз эркинлиги бошқа инсоннинг эркинликлари чегарасигача эканлигини биламиз. Шундай экан бу замонавий қонунчиликда ҳам шахсий дахлсизликка тажовуз сифатида баҳолаш ўринли.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар  ўрта махсус

ислом таълим муассасаси директори  

Нозима Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*