Рўза тутайми ёки уй ишларини қилайми

Аёлларнинг кўпчилигига рамазон ойининг савобига эга бўлишларидан уй ишлари ва оила ташвишлари тўсқинлиқ қилиб қолаётганга ўхшаб кўринади.  Аёллар ўзларини  фақат уй ишларини қилиб, рамазоннинг савобидан маҳрум бўлиб қолаётгандек сезадилар.  Қуйида  бир қанча тавсияларни  келтириб ўтамиз, бунга амал қилган аёллар ҳам оила ишларини ҳам ибодатларини бажарган бўладилар.

Энг авввло эй аёллар ўзингиз ва оилангизга ҳар куни қиладиган ишларингиздан савоб умид қилишни ўрганинг.

Турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингизнинг хизматларини қилишингиз, уларга ғамхўрлик кўрсатишингиздан савоб умид қиладиган бўлсангиз, булар кундалик одатдан ибодатга айланади.

Аллоҳ таолодан холис ният билан савоб умид қилиш сабабли кўплаб ҳасанотлар ҳосил қилиш мумкин.

Рамазон рўзаси ва уй ишларини баравар бажариш учун энг аввало уйдаги қийинроқ ишларни иложи борича рамазондан олдинга ёки рамазондан кейинга мўлжалланг. Жисмоний толиқишга олиб келадиган ишларни тўхтатиб туринг. Спорт билан шуғулланиш каби ишларни тўхтатиб туриш лозим, чунки бу ишлар рўзадорни чарчатади ва танадаги суюқликни чиқариб, чанқоқлик пайдо қилади. Натижада рўзадор одам ибодатларини комил суратда адо этолмайди.

Рамазон ойининг ичида камида икки марта Қуръони каримни хатм қилишга ҳаракат қилинг. Қуръони каримни хатм қилиш учун махсус замон ва макон шарт эмас, имкон топилиши билан бажариш мумкин бўлган ибодатдир.

Эрта тонгда туришингиз, оила аъзолар  учун саҳарлик дастурхонини тайёрлашингиз, барчани дастурхонга чорлашингиз, уйқудагиларни уйғотишингиз ва бошқа барча хизматлар сизнинг савоб олишингиз учун бир фурсат эканини доимо ёдда тутинг.

Саҳарликда мазали, фойдали таомларни тайёрлашингиз рўза тутувчилар учун жуда муҳим. Турмуш ўртоғингизнинг эрталабдан ишга кетиш ва кун давомида оиласи учун тер тўкиб меҳнат қилишида, сизнинг тайёрлаган таомларингиз мадор бўлади. Фиқҳ китобларида рўзадорнинг саҳарликда ҳаддан ортиқ тўйиб кетмаган ҳолда лекин яхшилаб таомланиб олиши ва рўзасига қувват бўлишидан умид қилиши савобли эканлиги айтилади.

Бомдод намозига азон айтилганда саҳарликни тугатган бўлишингиз кераклигини унутманг. Саҳарликни кечиктириш суннат эканлиги ҳақидаги ҳадисларда бомдод азонига бироз муддат қолгунча вақт назарда тутилган. Чунки бомдод азонидан кейин бирор луқма еган одамнинг рўзаси очилиб кетган ҳисобланади.

Муаззиннинг азонида у билан бирга азон лафзларини такрорлаб туриш суннат амалдир. Азондан сўнг ҳам айтиладиган дуони айтишни унутманг. Яна шуни билингки азон ва иқомат орасида иижобат бўладиган дуолар бўлади.

Турмуш ўртоғингиз ва ўғил фарзандларингизни ҳар доим, айниқса рамазон кунларида намозларни жамоат билан ўқишга қизиқтиринг ва уларда бу нарса кўникмага айланишига ўз ҳиссангизни қўшинг ва бундан ҳам савобларга эга бўлинг.

Эрта тонгда турмуш ўртоғингизни ишга кузатиш учун хушёр бўлиб туринг, унинг рўзадор ҳолида ҳам оиласи ва болалари учун ишлашга кетаётгани учун унга миннатдорчилик изҳор қилинг.

Болаларни боғчага ё мактабга жўнатаётганингизда, уларга илм олишнинг фарзлиги ва фазилати ҳақида тушунтиринг. Рўзадорнинг фақат емасдан ёки ичмасдан юришининг ўзи етмаслигини, тилини ёмон сўзлардан ҳам тийиши кераклигини фарзандларингизга ҳам шуни тушунтиринг.

Бошқа кунлардаги каби рамазон кунларида ҳам намозларингизни ўз вақтида адо этинг.

Рамазон кунларидаги қилинган ибодатларнинг савоби кўпроқ бўлиши барчамизга маълум, буни фурсат билинг.

Рўзадорларга ифторлик тайёрлашни ҳам савоб умиди билан қилиб ибодатга айлантириш мумкин.

Кўпгина аёллар таом тайёрлайвериб рамазон савобидан кўпроқ баҳраманд бўла олмаётганликдан шикоят қиладилар.

Юқорида айтганимиздек таом тайёрлашни ибодатга айлантириш мумкин ёки ушбу вақтни қуръон тиловатини эшитиш, ёки бошқа илмий бирор суҳбатларни тинглаган ҳолда ўтказиш мумкин.

Ҳозирги кунимизда динимизни ўргатадиган турли оммавий воситалар ривожланиб кетди. Шулардан энг муносибларини тинглаган ҳолда таом тайёрлаш ҳам мумкин.

Агар бунга имконингиз бўлмаса, бу вақтни Аллоҳ таолони зикр қилиш билан ибодатга айлантиринг. Аллоҳ таолога энг маҳбуб зикр бу “Субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, аллоҳу акбар” дир.

Зикр билан бирга истиғфор айтиш ҳам жуда муҳим, чунки рамазон мағфират ойидир. Ушбу ойда дуоларимиз ижобат бўлишини, гуноҳларимиздан фориғ бўлишимизни Аллоҳдан илтижо қилиб сўрашимиз даркор.

Ифторлик вақтида дуолар ижобат бўлиши ҳадисларда ворид бўлган. Буни ғанимат билган ҳолда, ифторликдан бироз олдин оиланинг барча аъзоларини жамлаб дуолар қилишни ташкиллаштиринг.

Шом намозини ўқиб бўлгач, хуфтон ва таровеҳ намозларига тайёрганлик кўринг. Таровеҳ намозини ўқиш эркакларга ҳам аёлларга ҳам суннати муаккададир. Таровеҳ намози 20 ракатдан иборат. Баъзи аёллар таровеҳни фақат эркаклар ўқишади деб ўйлайдилар, баъзилари эса  саккиз ракъат ўқиб, шу бизга етади дейдилар. Бир ойгина ўқиладиган ушбу намозни ғанимат билиб, савоб ҳосил қилишга интилинг.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси катта

 ўқитувчиси С.Ибрагимова

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*