Исломда поклик

Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом динида поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қаралади. Поклик иймондан бўлибгина қолмай у бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Банданинг ибодатлари қабул бўлиши учун аввало унинг қалби, нияти пок бўлиши керак. Қолаверса, бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Покликнинг фазли ибодатларнинг қабули билан чекланмайди балки унга улкан ажру савоблар, олий мартабалар бор.

Аллоҳ жалла жалолуҳу:

فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَنْ يَتَطَهَّرُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

«Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. (Тавба сураси, 108-оят)

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳи» тарозуни тўлдирур. «Субҳаналлоҳи ва алҳамдулиллаҳи» осмонлару ернинг орасини тўлдирур. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Барча одамлар ҳаракат қилиб ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир», дедилар». Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилишган

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу муборак ҳадисларида бир неча савобли амалларнинг аввалида покликни юқори баҳолаб, яъни иймоннинг ярми деб зикр қилганлар. Бу жумладаги покликдан мақсад риё, кибр, ҳасад каби маънавий ҳамда барча моддий нопокликлардан пок бўлишдир. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олсак бўлади.

Моддий покликка халода поклик, таҳорат, ғусл ва бошқалар киради. Юқорида зикр қилинган хало обоблари, таҳоратнинг фарзи ва қазли, ғусл ҳақида эмас “ва бошқалар” ҳақида мулоҳаза қилишга чақирамиз.

Давоми бор…

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Д.Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*