Намозда қўл кўтариш

Намозда рукуъга кетаётганда ва ундан қайтаётганда қўл кўтариш масаласи Имом Шофеъий ва у зотнинг ҳамасрлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимларнинг мазҳабларида бор.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари фақат намозни бошлашдаги такбирдагина қўл кўтарилади бошқаларида кўтарилмайди, дейдилар. Ҳар бир мазҳаб ушбу масала бўйича ўзларининг далилларини келтирадилар.

Намозда бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтаётганда айтиладиган такбирларни интиқол такбирлари, дейилади.

Ҳанафий мазҳаб уламолари нима учун такбири таҳримадан бошқа жойдаги икки қўлни кўтармасликларини батафсил баён қилганлар. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабининг далиллари оҳод хабар билан ривоят қилинади. Машҳур ёки мутавотир даражасига етиб кўпчилик кишилар томонидан ривоят қилинмаган. Намозга ўхшаш ҳар куни беш марта фарз бўлган, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минглаб одамларнинг олдида қайта-қайта ўқиган нарсада бу ҳол бўлиши мумкин эмас. Намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўқиганлари ҳақидаги тўлиқ, мутавотир ва машҳур ҳадисларда эса такбири эҳромдан бошқа жойда икки қўлларини кўтарганлари ривоят қилинмаган. Шунинг ўзи рукуъда, икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадиснинг кучли эмаслигини билдиради.

Абу Довуд, Таҳовий ва Ибн Абу Шайбалар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни бошлашга такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқларининг юмшоқ жойларигача кўтарар, сўнгра уни қайтармас эдилар”, дейилган.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари далил қилиб келтираётган ҳадис насх бўлгани яъни, амалдан қолгани – ҳақида ривоятлар бор. Яъни, намоз янги жорий бўлган пайтда икки қўлни рукуъга кетишдан олдин ва ундан туришда кўтариш бўлган, аммо кейинроқ бу иш қилинмаган.

Буюк саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Зубайр бир кишининг намозда рукуъга кетаётганда ва ундан тураётганда икки қўлининг кўтараётганини кўриб қолиб, унга, бундоқ қилма, бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин қилиб, кейин тарк этган нарса, деганлар.

Шунингдек, ҳазрати Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис ривоят қилган бўлсалар ҳам намозда қўлларини кўтармас эканлар. Бу ҳам ўша амални насх бўлганини кўрсатади.

Имом Муслим Жобир Ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ҳузуримизга чиқдилар ва: “Нима учун мен сизларни қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўрмоқдаман?! Намозда сокинлик ила туринглар!” дедилар”, дейилган.
Имом Термизий Алқама розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Абдуллоҳ Ибн Масъуд мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми, деди-да, намоз ўқиб, биринчи қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармади”, дейилган.

Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ким эканликлари эса ҳаммамизга маълум. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан У зотнинг пайғамбарлик даврларида ҳар доим бирга юрган, улкан илм соҳиби ва кўплаб ҳадисларни ривоят қилган саҳобийлар.

Имом ат-Таҳовий ал-Асвад розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Умар Ибн Хаттобнинг биринчи такбирда икки қўлини кўтариб, кейин кўтармаслигини кўрдим”, дейилган.

Имом Ибн Абу Шайба ал-Асвад розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: “Умар ибн Хаттобнинг орқасида намоз ўқидим. У ўз намозида бошланишдагидан бошқа ҳеч қўлини кўтармади. Аш-Шаъбий, Иброҳим ва Абу Исҳоқларни ҳам намозни бошлашдагидан бошқа қўл кўтарганларини кўрмадим”, дейилган.

Имом ал-Байҳақий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарларнинг орқаларида намоз ўқидим. Улар намозни бошлашдаги қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармас эдилар”, дейилган.

Имом ат-Таҳовий Абу Бакр Ибн Айёш розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Ҳеч бир фақиҳни ҳеч қачон биринчи такбирдан бошқа жойда қўлини кўтарганини кўрмадим”, дейилган.

Аввал ўтган уламолар бу масалада иккига бўлинганлар. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари уларнинг исмларини ўз тарафдорлари рўйхатида келтиришади.

Уламолар ушбу масалада етарлича илмий баҳслар қилиб, китоблар ёздилар. Ҳеч бир уамо бошқасинининг ижтиҳодини  айбламади. Ҳар ким ўз ижтиҳодига кўра амал қилиб келди. Лекин бугунги кунда бу масалани омма мусулмонлари фикрини чалғитиш, кишилар ўртасида хилоф, уруш-жанжал чиқариш учун дастак қилиб олаётганлар топилади.

Ҳар бир инсон ўзи мужтаҳид бўлмаганилиги учун бирор мазҳабни  тутиши лозимлиги ҳақида қайта-қайта уламолар таъкидлайдилар. Ушбу масалада ҳам ҳар бир мазҳабга эргашувчи киши ўз мазҳабидаги қовлга эргашиши лозим бўлади. Ўз фикри билан шофеъийларники тўғрироқ ёки бошқа мазҳабники тўғрироқ дейиш учун унда етарли билими йўқ бўлса буни  тан олиб, маэҳабига эргашиши шарт бўлади.

Хулоса шу-ки ҳанафий мазҳабида такбири таҳримадан бошқа жойда қўлни кўтариш намознинг вожиб ёки суннатларидан эмас. Ҳанафий мазҳабига эргашувчилар турли одамларнинг бу ҳақидаги фикрларига эмас, ўз мазҳабидаги мўътамад қовлга эргашиши ва инсонлар ўртасида фитна чиқармаслиги керак.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси катта

 ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*