Рамазон кечаларини ғанимат билинг!

Аллоҳ таоло Ўзининг Расулини ва барча бандаларни кечаларни ибодат билан бедор ўтказиш фазилатига тарғиб қилиб, кўплаб ояти шарифларни нозил қилди. Муборак каломида Музаммил сурасинининг мазмуни ушбу ибодатга хослади:

قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلًا

Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!)

نِصْفَهُ أَوِ انْقُصْ مِنْهُ قَلِيلًا

Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг!

أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآَنَ تَرْتِيلًا

Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!

Ушбу суранинг аввалида ҳам, охирида ҳам кечаларда ибодат қилиб, бедор бўлишга тарғиб қилинди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳар бир кечаларини бир қисмида уйғониб, Роббисига ибодат қилишни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Энди муборак рамазон ойи келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат ўзлари бу кечаларни ибодатда бўлиб, бедор ўтказганлар ва бизга бунда намуна бўлганлар, шу билан бирга биз умматни ҳам бунга қаттиқ тарғиб қилганлар. Негаки, Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойининг кундузларини ҳам, кечаларини ҳам барокатли қилгандир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида бу кечаларни ғанимат билиб, ибодатларда ўтказганларнинг гуноҳлари кечирилишини маълум қилди. Ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам рамазон кечаларини қоим қилишга тарғиб қилардилар, сўнг айтардиларки: «Рамазон кечаларини иймон ва савоб умидида намоз ўқиб, бедор ўткизган кишининг гуноҳлари кечирилади»   (Имом Бухорий ривояти).

Бир куни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига Қузоа қабиласидан бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, Сиз мен Аллоҳдан ўзга ибодат қилишга лойиқ Зот йўқ эканлигига ва Сиз Унинг пайғамбари эканлигингизга имон келтиришимни, намозларимни адо этишимни, закот беришимни, рўза тутишимни ва Рамазон кечаларида ибодат учун қоим бўлишимни биласизми?!” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки шу ҳолда вафот этса, жаннатда сиддиқлар ва шахидлар орасида бўлади!” (Ибн Хузайма ривояти).

Ушбу кечаларни қандай ва қайси ибодатлар билан қоим қилишни ҳам биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратларидан ўрганамиз:

  1. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда хуфтон намозидан кейин таровийх намозини ўқир эдилар. Бу ибодат учун саҳабаи киромлар масжидда жамланар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг хулафои рошидинлар ҳам бу ибодатга катта аҳамият қаратдилар. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу бу намознинг ракатлари ададини тайин қилиб, мунтазам ўқилишини йўлга қўйдилар. Абдурраҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади:Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тарқоқ ҳолда: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқир, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қиларди. Шунда Умар: “Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади”, деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб, намоз ўқишар эди. Умар: “Бу қандай яхши бидъат (янгилик)дир. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзалдир”, дедилар. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди” (Бухорий ривояти).
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг охирги ўн кунлигида тўшакларини йиғиштириб қўйиб, масжидда эътикоф ўтирар эдилар. Фақат ҳожатлари бўлсагина ташқари чиқар эдилар. Бунда кечаларни бедор қилиб, муборак қадр кечасини излар эдилар.

Аллоҳ таоло Қадр сурасида айтади: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини Сиз каердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхширокдир. (Қадр: 1-3).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида намоз ўқиб ўтқизган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади»  (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннатнинг эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Бу ойда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Аллоҳ таоло бу ой орасида бир кечани нозил қилган бўлиб, у кеча минг кечадан яхшироқдир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (кўп файзлардан) маҳрум бўлибди”.

Ҳа бу муборак ойда минг ойдан яхши бир кеча бордир. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қадр кечасини топишга тиришар ва саҳобаларни ҳам бунга буюрар эдилар.

  1. Аслида йилнинг бошқа ойларида ҳам кечаларни ибодат билан бедор ўткизиш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ва сахобаларнинг одатларидан эди. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Кечаларни бедор ўткизишни тарк килманг! Кечаларни (ибодат билан) бедор ўтказиш  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди. Агар касал бўлиб қолсалар ўтириб намоз ўқир эдилар».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари намоз ўқир, кечанинг ярми бўлганида оиласини уйғотар ва уларга: «Намозга туринглар, намозга туринглар!» дер ва ушбу оятни ўқир эдилар… «Аҳлингизни намозга буюринг, ўзингиз ҳам у (намоз)да чидамли бўлинг. Биз сиздан ризқ сўрамаймиз. Биз сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат (аҳли) такво учундир» (Тоха: 132).

У зот йилнинг бошқа ойларида асосан таҳажжуд намози учун туннинг охирги қисмида бедор бўлган бўлсалар, Рамазон кечаларини фақат аввали, ёки ўртаси, ёки учдан иккиси ўтганида эмас, барчасида бедор бўлар эдилар.  Айниқса охирги ўн кунлик кечаларининг бошқаларидан ортиқча яна бир фазли бўлганлигидан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ўн кунликда тоат ибодатда жидду-жаҳд қилар эдилар.

  1. Рамазон кечаларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тиловатини Жаброил алайҳиссаломдан ўтказар эдилар. Даставвал оятлари рамазон ойида нозил бўла бошлаган Қуръони карим хатмларини рамазонда кўпайтириш инсоннинг кўплаб хайр барокатлар топишига сабаб бўлади. Буни билган улуғ уламоларимиз ҳам бу ойда асосий эътиборларини Қурон тиловати ва хатмига қаратар эдилар.

Насж ибн Саиддан ривоят қилинади: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг дўстлари жамланар эди. Имом Бухорий уларга намоз ўқиб берар, Қуръонни хатм қилгунча ҳар ракатда йигирма оятдан ўқир эди. Саҳарда эса, Қуръонни ярми ёки учдан бирини ўқир эди. Ҳар уч кечани саҳарида бир хатм тугар эди. Кундузлари бўлса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди. У зот кундузги хатмларини ифтор вақтида тугатар ва “Ҳар бир хатм тугашида битта ижобат бўлгувчи дуо бор” дер эди.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак кечалар файзидан насибадор бўлишга нафақат ўзлари, балки аҳли аёлларини ҳам тарғиб қилар ва ибодатга уйғотар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечанинг барчасини ухламасдан ўтказар ва аҳли аёлларини ҳам уйғотар эдилар” деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Муҳтарам оналаримиз ҳам бу ойнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Оналаримиз бу ўн кунликда намоз ўқиш, зикр қилиш, Қуръон ўқиш каби ибодатларни қилиш билан барча мўминаларга ибрат бўлдилар.

  1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари ибодат учун тетик бўлиш учун биз умматга ўзларининг муборак тавсияларини ҳам берганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар”, дедилар” (Ибн Можа, Ҳоким ва Табароний ривояти). Дарҳақиқат, кундузи суннатни ният қилиб, қайлула уйқусида бўлиш билан биз ҳам ажрга эга бўламиз, ҳам кечаси ибодатимизга қувват ҳосил қиламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ойларга нисбатан бу ойда қаттиқ жидду жаҳд қилганлари рамазон ойининг кундузлари ҳам, кечалари ҳам хайру барокотларга, улуғ ажру савобларга тўла эканлигидандир. Рамазон ойи мағфират ойи бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг фарзи бўлган рўзани тутиб, кечалари ибодат ва дуо билан машғул бўлган одамларни Аллоҳ таоло фаришталарга кўрсатиб: “Эй фаришталар, мана бу бандаларимнини қаранглар, уларнинг дастурхонга қўл узатмасдан ўтиришлари очликка, ташналикка сабр қилишлари фақат менинг розилигимни топиш учундир. Сизлар гувоҳ бўлингларки, рамазон ойи менинг ойим бўлгани ва мен итоат қилган бандаларимга ўзим хоҳлаганимча, беҳисоб мукофотлар бераман, деб ваъда қилганим учун уларнинг барча гуноҳларини бугун мағфират қилдим” – дейди. Аллоҳ ҳаммамизга муборак Рамазон ойининг ушбу хайру савобларидан, файзу барокотлардан насибадор бўлишни, ибодатларда ғайрат қилиб, гуноҳларимиз кечирилишини насиб этсин!

Адина Сайдахмедова

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом  таълим муассасаси катта ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*