Исломда жиноят ва жазо масалалари

Динимиз ислом энг адолатли ва шу билан бирга энг шавқатли бағрикенг диндир. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу динни биз  бандалари учун дин деб рози бўлган. Шариатимизда барча масалаларнинг аниқ  ечими ва  барча саволларга очиқ жавоб бор. Аллоҳ таоло инсонларга дини исломни қиёматгача барча замон ва маконларга мос келадиган дастуруламал қилиб берди. Агар ушбу қоидага амал қилинса, дунё ва охиратда соадатни ваъда қилди.

Исломда барча соҳалар мукаммал баён қилингани каби жиноят ва жазо масалалари ҳам батафсил ёритилган. Агар банда Аллоҳнинг белгилаган чегарасидан чиқса, унга қандай муолажалар, жазо чоралари вожиб бўлиши хусусида далиллар келтирилган.

Ислом шариати ҳеч бир жонга хаттоки, ҳайвонга ҳам зулмни жазосиз қолдирмайди. Исломдаги жазо ҳукмлари шунчалик  адолатлики, бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатлари ўз қонунчилиги ва юридик соҳасида бундан фойдаланмоқдалар.

Аввало Роббимиз бизга мўмин ўз мўмин биродарини айбини очмасликка буюрган. “Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида ёмон гаплар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларига бир-бирининг айбини очмасликни буюриш билан бирга, бу хитобга амал қилмаган бандаларга дунёда ҳам, охиратда ҳам жазоланишлари учун аламли азоб борлиги ҳақида хабар берди.

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в): Умматимдан ҳар бир киши авф қилингандир. Фақат мужоҳирлар (ошкора қилувчилар ) ундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у кечасида бир амални қиладида, сўнгра тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: “Ей фалончи, ундай ва  бундай қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Роббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади”,дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Агар Аллоҳ таоло ўша бандаи айбини ошкор этиб, жазолашга буюрганда ҳам адолат қилган бўлар эди. Лекин ошкор қилувчига азобни ваъда қилди. Аллоҳ бандаларига ўта шавқатли, Меҳрибон бўлган Зотдир.

Шариатда хаттоки, маҳбусларга ёки жазога тортилган жиноятчиларга нисбатан ҳаддан ошувчи бўлмасликка тарғиб этилган.

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в): “ Қачон бир чўри зино қилса ва зино қилганлиги равшан собит бўлса, унга дарра урсин. Лекин камситиб, қўйилмасин. Иккинчи марта яна зино қилса, унга дарра урсин, Лекин камситиб қўйилмасин. Сўнгра учинчи марта яна зино қилса, уни агар қилдан тўқилган арқонга бўлса ҳам, сотиб юборсин”,дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) га ароқ ичган бир киши олиб келинди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Буни уринглар”, дедилар. Абу Ҳурайра айтадилар: Баъзимиз қўл билан, баъзимиз кавуш билан ва баъзимиз кийим билан ароқ ичган кишини урдик”. Қачонки, бу киши кетаётган эди, қавмдан бўлган бир киши: “Аллоҳ сени шарманда қилсин“, деди. Шунда Росулуллоҳ (с.а.в): “Бундай деб айтманглар. Бу кишининг зарари учун шайтонга ёрдам берманглар”, деб айтдилар.( Бухорий ривояти)

Бизнинг устимизда Ўз шариатини жорий қилган адолат сифати эгаси бўлган Ҳакийм Аллоҳ бизга нимани буюрган бўлса, Ўз фазлидан ва нимадан қайтарган бўлса, бу ҳам Ўз марҳаматидандир. Биз бандалар Роббимиз буюрган буйруқларига сўзсиз итоат этамиз. Бу ҳолатда бандалардан бўладиган ягона сўз “Ешитдик ва итоат этдик”, дейишдир.

“Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи “ешитдик ва бўюн сундик” (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир”1

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мана шу тарзда итоат қилиш мўминларнинг сўзи эканини баён қилди. Қуйидаги оятда эса мўминнинг итоати қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз кетади.

 “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”

Мўмин киши ҳаёти давомида доимо Қуръон ва суннатга мувофиқ турмуш кечириш ҳаракатида бўлиши, ҳар қандай жиноят ва зулмлардан узоқда юриши лозим. Агар зулм қилинаётганини гувоҳи бўлса, лоқайд қолмаслиги ҳам зарур. Жазо эса шариат ҳукмлари асосида масъул шахслар томонидан белгиланади. Шариатимиз бизни ўзбошимчалик билан жазо тайинлашдан қайтаради. Шунингдек, ҳар бир ишни ўз эгаси бажаришини ҳам талаб этади.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси Комилова Жозиба

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*