Қуръони Каримда келган зарбул масалларнинг аҳамияти.

Қуръони Карим Аллоҳ Таолонинг ҳақ каломи бӯлиб, ӯзининг ҳидояти, конун-коидалари, услуби ва маънолари билан инсонларни ожиз қолдирган ва қолдириб келмоқда. Унинг Аллоҳ Таоло томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мӯжиза ӯлароқ нозил бӯлганида ҳеч қандай шак шубҳа йӯқ бӯлиб, ҳар жабҳада унинг баёний ва илмий эъжози ӯз тасдиғини топмоқда.

Қуръони Каримнинг яна бир ӯзига хос мӯжизакор тарафи шундаки, ундаги кӯплаб оятлар мисол, ӯхшатиш тарзида баён этилган бӯлиб, ундай оятлар зарбул масаллар дейилади. Қуръони Каримнинг жуда кӯп оятларида мусулмонлар, мунофиқлар, кофирлар ва уларнинг амаллариниг мисоллари гӯзал фасоҳат ила инсонларнинг ӯзларига маълум бӯлган нарсалар билан ёритиб берилган.

Зарбул масаллар инсонларнинг тафаккур ва тадаббур қилишида,  бирор нарсани уларнинг ақллари етадиган даражада тушуниб етишларида жуда катта аҳамиятга эгадир. Инсонлар ӯз кӯзлари билан кӯриб, кундалик ҳаётларида кӯп учрайдиган мисоллар билан баён этилган нарсаларни тезроқ ва теранроқ англашади.

Бежиз Аллоҳ Таоло Ӯзининг ҳақ каломида:

“Агар ушбу Қуръонни тоғга туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қӯрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кӯрар эдинг. Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки, улар фикр юритсалар”. ( Ҳашр сураси, 21-оят).

“Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” .(Анкабут сураси, 43-оят).

“Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисолларни келтирдик. Шояд эслатма олсалар” (Зумар сураси, 27-оят), дея марҳамат қилмаган. Яъни ушбу зарбул масалларни Аллоҳ Таоло инсонлар улар ҳақида фикр юритишлари ва ибрат олиб, ҳақ йӯлни топишлари учун ана шундай баён қилган.

Аввало, оятлар мазмуни ва моҳиятини чуқурроқ англаб етиш учун биз тафсир илмига ва муфассирларнинг шарҳларига мурожаат этамиз. Зеро, тафсир илми шундай илмки, унда Қуръони Карим оятларидан Аллоҳ Таоло нимани ирода қилганини инсоний нуқтаи назардан ӯрганилади. Муфассирлар эса, оятларнинг маъноларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига, саҳобаларнинг оятлар ҳақида у зотдан эшитган сӯзларига кӯра, инсонларга тушинтириб берадилар.

Энди эса, Қуръони Карим оятларида келтирилган турли хил зарбул масаллар ва улардан нималар ирода қилингани ҳақида сӯз юритсак.

Аллоҳ Таоло Бақара сураси, 17-оятида шундай марҳамат қилади:

” Улар мисоли, ёққан ӯти энди атрофини ёритганида, Аллоҳ нурларини кетказиб, қоронғу зулматларда қолдирган кишиларга ӯхшарлар. Улар кӯрмаслар”.

Ушбу ояти каримада мунофиқлар ҳақида зарбулмасал келтирилган бӯлиб, унда уларнинг васфи, худдики бир одам олов ёққан, ёққан олови энди атрофини ёритган пайтда Аллоҳ таоло у оловнинг нурини кетказиб, ўт ёққан киши яна қоронғи зулматлар ичида қолгани каби бӯлди. Ҳақиқатан ҳам, мунофиқлар кофирларнинг зидди ўлароқ, аввал бошдан Ислом даъватини эшитдилар. Ислом-иймон калималарини нутқ қилдилар, ҳатто яхшигина қулоқ осдилар, «Иймон келтирдик», дедилар, ибодат ҳам қилдилар. Кейин эса ҳаммасини ташлаб, инкор қилиб, куфр, нифоқ, шак-шубҳа зулматларида қолиб кетдилар.

Бақара сураси, 261- оятда эса, инфоқ, эҳсон қилувчи мӯминларнинг васфи қуйидагича келади:

“Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир.”

Эътибор беринг, Аллоҳнинг йӯлида мол сарфлашнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда таърифланмоқда. Ерга экилган бир дона дон униб чиқиб, ундан жуда кӯп буғдойлар пайдо бӯлганидек, хайр-эҳсон этилган мол ҳам бир неча баробар кӯпайиб кетади. Бу ерда донни мисол келтиришдан мурод-Аллоҳнинг йӯлида сарф қилинган битта нарса етти юзтага кӯпайиши мумкинлигига урғу беришдир. Бу албатта қамрови кенг бӯлган Зотнинг бандаларига қилган улкан марҳаматидир.

Бундан кейин келадиган оятларда эса, эҳсонлари зое бӯлувчи риёкорларнинг мисоллари келади:

“Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб, ботил қилманг. У мисоли устини тупроқ босган, сўнгра кучли ёмғир ёғиб, уни сип-силлиқ қилиб қўйган ясси тошга ўхшайдир. Касб қилган нарсаларидан бирор нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас. (Бақара сураси, 264-оят)

Уларнинг қилган амаллари аслида яхши амал бӯлса ҳам, риёкорликлари туфайли ӯзларига юқмайди ва манфаат ҳам келтирмайди. Ҳудди силлиқ тошнинг устидаги тупроқ, ёмғирда ювилиб, ҳеч қандай ӯсимлик ӯстирмагани каби, уларнинг садақалари ҳам бекор кетади.

Аъроф сураси 175-176- оятларда яна бир мисол келган бӯлиб, унда Аллоҳ Таоло бандаларига инъом этган диний илмларга амал қилмаганларнинг таърифи ҳар бир инсонни сергак торттиради:

“Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловат қилиб бер! Агар хоҳласак, уни ўша(оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшар, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар.”

Диний илмлар Аллоҳ Таолонинг улкан неъматидир. Агар банда илмига амал қилса, ӯзини ҳам, илмини ҳам хор қилмаса, албатта юксак мартабаларга эриши муқаррардир. Лекин ушбу оятда васф этилгани каби ҳавойи нафсига эргашса, мол- дунё дея елиб-югурса, ҳудди аҳлат уюми олдида тилини осилтириб юрган ит каби хор бӯлади. У итни ахлат уюми олдидан қанча ҳайдасанг ҳам, токи ана шуни емагунча кетмайди. Ояти кариманинг давомида: ” Бу Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир”, дея марҳамат қилинади. Оятларни таълим олиб ӯрганган одам, билиб туриб уларга амал қилмаса, уларни ёлғонга чиқарган билан баробар бӯлади. Агар уларни рост деса, амал қилиши керак эди. Уларнинг мисоли қандай ҳам ёмон бӯлди!

Қуръони Каримда яна кӯплаб мисоллар келтирилган бӯлиб, уларнинг ҳар бири чуқур маънога эгадир. Уларни ӯқиб ӯрганган ва моҳиятини англаб етган инсон албатта улардан ибрат ва эслатма олади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ӯрта-таълим муассасаси

4-С гуруҳ талабаси Собирова Рухсора

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*