Тавба дориси

Тавба – шифобахш доридир. Дарднинг ташхисини билмаган одам дардга нима даво бўлишини билмайди. Дарднинг давоси дардни келтириб чиқарувчи сабабларни йўқ қилишдан иборат. Бирор нарсани йўқ қилиш учун эса ўша нарсанинг зиддини юзага чиқариш лозим. Гуноҳдан тийилмаслик дардининг сабаби ғафлат ва шаҳват. Ғафлатнинг зидди — илм (огоҳлик), шаҳватнинг зидди сабр, яъни шаҳватга ундовчи сабабларнинг пайини қирқишга сабр билан чидашдир. Хатоларнинг боши ғафлатдир. Бу ҳақда айтилган: «Аллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйгандир. Улар ғофил кимсалардир. Шак-шубҳа йўқки, улар охиратда зиён кўргувчилардир» (Наҳл сураси, 108109).

Тавба дориси илмнинг ширинлиги билан сабрнинг аччиқлиги қориштириб тайёрланган доридир. Гуноҳдан тийила билмаслик дардига чалинган қалбнинг муолажасини ҳам шундай тушуниш керак. Демак, бу муолажанинг асоси иккита: илм ва сабр. Шу иккисин жамлаш оркали дардга давр топиш мумкин. Демак, охират саодати учун илм ва сабр ила гунохларжан четланиш лозимдир.

Шу билан бирга билиш лозимки, тавба қилувчилар тўрт табақага бўлинади:

Биринчи табақа: Бу табақадагилар гуноҳдан тавба қилиб, умрининг охиригача тавбасида мустаҳкам туради. Шу йўл билан ўтган хатоларини ўнглаб, қайта уларни такрорламасликка нафсини иқрор этади. Бу мартабага етган киши савоб ишларга пешқадам бўлади, ёмонликларини яхшиликка ўзгартириб боради. Мана шу «ат-тавбатун насуҳ»дир.

Иккинчи табақа: Бу табақадаги тавба қилувчи ибодатнинг асосларини маҳкам ушлаб, тавбада мустақим туради, катта гуноҳларни тарк этади.  Гоҳида ўзи билмагани ҳолда ва гуноҳни қасд қилмаган ҳолда  гуноҳларга мубтало бўлади. Аммо гуноҳга ботган заҳоти нафсини маломат қилади, афсус-надомат чекиб, энди гуноҳ сабабларидан сақланишга кайта азм этади. Бу — «ан-нафсул лаввома», яъни маломат қилувчи нафс деб аталади. Эгаси туфайли аянч ҳолларга тушган бу нафс эгасига улкан маломатлар ёғдиради. Уларга Аллоҳ таолонинг гўзал ваъдаси бор: «Улар кичик хатолардан эмас, катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг зотдир» (Нажм сураси, 32).

Учинчи табақа: Бу табақадаги киши тавба қилади, бирон муддат тавбасига содиқ қолади. Кейин шаҳватлар ғолиб келиб, истакларга таслим бўлади. Баъзи гуноҳларни содир этади. Лекин шу билан бирга у тоатларга берилади, қилишни хоҳлаб, қилишга қодир бўла туриб, айрим гуноҳларни тарк этади. Ҳа, у бир ёки икки истакка таслим бўлган. Лекин Аллоҳ таоло агар қудрат берса, у бу истакларни тўла мағлуб этишни, шу билан уларнинг ёмонлигидан сақланишни жуда истайди. Истаги амалга ошиб, орзуси поёнига етган заҳоти у пушаймон бўлиб дейди: «Кошки бу гуноҳни қилмасам эди. Энди тавба қиламан. Гуноҳга етаклайдиган бу истакни мағлуб этиш учун нафсим билан курашаман!» Лекин у нафсининг васвасасига учади, тавбани иложи борича орқага суради, кундан кунга кечиктиради. Бу нафс «аннафсул мусаввила», яъни тиланувчи нафс дейилади. У ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «Яна бошқа бир кишилар борки, гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши амални бошқа — ёмонига аралаштириб юборганлар» (Тавба сураси, 102). Токи ибодатда давом этиб, гуноҳларидан надомат чекар экан, бу тоифанинг тақдири умидлидир. Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилса, ажабмас. Агар тавбани орқага суриб, кечиктирсалар, бунинг оқибати хатарли.

Тўртинчи табақа: Бу табақадаги киши тавба қилади, бир оз муддат тавбада мустақим туради, сўнгра яна гуноҳларга шўнғийди. Қилмишларига афсус чекмайди, тавбани хаёлига ҳам келтирмайди, ғофилларча шаҳватлар кетидан чопади. Бу киши гуноҳда қатъий турадиган, гуноҳдан қайтмайдиганлар жумласидандир. Шунинг учун унинг нафси «ан-нафсул амморату биссуъи», яъни ёмонликка буюрувчи нафс дейилади. Ёмонликка бугорувчи нафс яхшиликдан қочади. Яхшилкдан қочган нафснинг эса, ёмон хотима топиш хавфи бор.

Гуноҳлардан тавба этиб, тоатга юзланиш, Аллоҳ таъолога мурожаат қилиб, лаззат топмиш, Аллоҳнинг маърифати ва унсияти билан роҳатланиш нақадар гўзал! Аллоҳга тоат этувчи инсон амалига мукофот сифатида ибодат ҳаловатини, Аллоҳга қилаётган муножоти орқали якка-ю ягона Дўстини топади. Бу дунё саодати шундан ортиқ бўлмас. Агар бунга охират саодати ҳам қўшилса, нур устига нур!

Тўғри, тавбанинг аввалида лаззат бўлмайди. Лекин бирон муддат тавбага сабр қилгандан сўнг худди ёмонлик одат бўлгани каби яхшилик ҳам одатга айланади. Нафс нимага одатланса, уни қабул қилади, унга мослашади. Яхшилик одат, ёмонлик эса ўжарликдир.

Аллоҳ таъоло нафсларимизни ислоҳ қилсин ва насуҳ тавба қилишни насиб этсин!

 Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус ислом таълим

муаассасаси ўқитувчиси Кенжабой Гулруҳ  

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*