Энг заиф уй

Маълумки, инсон зоти уй деган сӯзни эшитганида, унинг ҳаёлига тӯрт тарафи ғиштлар билан ӯралган, томлари ёпилган, ёмғиру-шамоллардан ва турли хил офатлардан асрайдиган мустаҳкам бино келади. Уйларнинг асл вазифаси ҳам ӯз эгаларини саломат сақлашдир . Инсон ӯз уйидагина эркин ва ҳотиржам яшай олади. Шунинг учун тирик жон борки, хоҳ у одамзод бӯлсин, хоҳ ҳайвон бӯлсин уйини пишиқроқ қуради ва бегоналар киришидан асрайди. Лекин табиатда шундай жонзотлар ҳам учраб турадики, уларни қурган уйларини уй деб номлашга ҳайрон бӯлади киши. Ана шундай жонзотлардан бири ӯргимчакдир. Ӯргимчакнинг ини қандай кӯринишда эканлиги эса барчамизга маълумдир. Унинг фақат тӯрлардан иборат бӯлган, нимжонгина уйи фақат ҳашаротларни тутиб ейишгагина ярайди холос. Унинг бирор тарафида девор ҳам, ӯзини ӯраб турадиган хас-хашак ҳам йӯқ. У уй нафақат ӯргимчакларнинг ӯлжаларига, балки ӯзларига ҳам хатарли бӯлиши мумкин. Чунки баъзи ўргимчак турлари тӯридаги хавфсизлик йўлакчасини йўқотиб қўйса, ўзи қурган қопқонга ўзи ўралиб нобуд бўлади.

Албатта, ӯргимчаклар бундай хилқатда яратилишлари Аллоҳ Таолонинг мӯжизаларидандир. Уларнинг инлари энг ишониб бӯлмайдиган уй эканлиги ҳақида Ӯзининг ҳақ каломида мана шундай марҳамат қилади:

مَثَلُ ٱلَّذِینَ ٱتَّخَذُوا۟ مِن دُونِ ٱللَّهِ أَوۡلِیَاۤءَ كَمَثَلِ ٱلۡعَنكَبُوتِ ٱتَّخَذَتۡ بَیۡتࣰاۖ وَإِنَّ أَوۡهَنَ ٱلۡبُیُوتِ لَبَیۡتُ ٱلۡعَنكَبُوتِۚ لَوۡ كَانُوا یَعۡلَمُونَ

“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди” (Анкабут сураси, 41-оят).

Араб тилида ӯргимчак сӯзи “анкабут” дея таржима қилинади. Оятдаги ушбу сӯз эса, айнан урғочи ӯргимчак маъносини беради. Оятдаги феъл тусланишининг аёллик жинсига оидлиги ҳам буни кўрсатади. Жонзотлар устида олиб борилган тадқиқотларда ӯргимчаклар билан боғлиқ жуда қизиқ нарсалар аниқланди. Бу маълумотларда Қуръоннинг «энг ишониб бўлмайдиган уй» деб, нима сабабдан айнан урғочи ўргимчак инини кўрсатгани ойдинлашади.

Жонли борлиқларнинг аксариятида урғочилари эркакларига нисбатан йирикроқ ва қувватлироқдир. Ўргимчакларда ҳам шу ҳол кузатилади. Масалан, ўргимчакларнинг “Қора бева” ёки “Қоратул” дея номланадиган турида урғочиларининг узунлиги эркаклари узунлигидан тўрт марта катта бўлади. Ов қилиш масъулияти ҳам урғочиларининг бӯйнида бӯлади. Ва табиийки, оилада урғочилари ҳукмронлик қилади. Энг ачинарлиси шуки, улар кӯпайиш мавсумидан сӯнг эркак ӯргимчакларни еб қӯяди ёки ҳалок қилади. Шу туфайли урғочи ўргимчакнинг ини ўз эркаги учун ҳам таҳликалидир. Ўргимчак уясининг заиф, нозик ва мўрт экани ҳақида сўз юритаркан, Қуръон қуйидаги маънога, яъни ўргимчакнинг уясидаги эрак ва урғочиси ўртасидаги муносабатнинг қанчалик заиф эканига ҳам урғу беради. Ўз жуфтига шафқат қилмайдиган бу ин жуда катта хиёнат уйидир.

Энди эса, оятнинг бошига эътиборимизни қаратадиган бӯлсак, Аллоҳ таоло яратган инсон зотининг Роббисидан ўзгани дӯст тутиши ва ӯзга илоҳларга сиғиниши ҳам улкан хиёнатдир. Аллоҳдан бошқа дўстларнинг инсон бошига соладиган фалокати Анкабут сурасининг юқорида зикр қилинган оятида жуда чиройли ўхшатиш билан ифодаланган. Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини, уларнинг қилаётган иддаолари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини қачон англаб етишаркин?!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ӯрта-махсус

ислом таълим муассасаси

4-С гуруҳ талабаси Собирова Рухсора

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*