Намозда «Фотиҳа» дан кейин «Омийн»ни махфий айтиш масаласи

Мўмин киши борки, Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлашга, Расули акрам (с.а.в.) нинг суннатларига тўлиқ эргашишга ҳаракат қилади. Албатта бундай мукаммалликка эришиш учун мусулмон киши ўзидан аввал ўтган саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳид бўлган мазҳаб имомларига эргашади. Уларни тутган йўлларини суннатга олиб борадиган олий маслак деб билади. Аммо, ҳозирда мусулмонларни орасига нифоқ солиб, улар эргашаётган мужтаҳид мазҳаб имомларига тухмат тошини отаётганлар учраб турибди. Бундай мунофиқлар мусулмонларни суннатга тоғри олиб борадиган маржон каби тизилган йўлдан чиқиб, оят ва ҳадислардан тоғридан-тоғри далил олишга ундамоқдалар.  Ваҳоланки, мужтаҳид бўлган мазҳаб имомлари ҳам ҳукмларни ўз нафслари ихтиёр қилган нарсадан эмас, балки оят ва ҳадисларга суянган ҳолатда чиқарганлар.

Сохта салафийлар ҳукмларни чиқариб олишда муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ санадга кўра оламиз дейишади ва бошқаларни саҳиҳ ҳадис турганда оход санаддаги ҳадисга эргашадилар деб иддо ҳам қилишади.

Одатда, шариат қонун қоидаларини жорий қилишда муҳаддисларни ижтиҳодига эмас, балки фақиҳларнинг ижтиҳодига эътибор берилади. Муҳаддислар мадрасасининг қоидалари, шартлари санадни текширишдан иборат. Фақиҳлар мадрасаси қоидалари эса ҳадисни санадини текшириш билан бирга, ҳадисни шариатдаги бир амалга жорий қилиш учун унинг носих ёки мансухлиги, бошқа саҳиҳ санад билан ривоят қилинган, таъвил кўтармайдиган ҳадисга мувофиқ келишини ҳам шарт қилинади. Бундан мақсад Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ворид бўлган барча ҳадисларга амал қилиш, бирини танлаб, бошқасни ташлаб кетиш эмас.

Ҳозирги кунда намозда «Фотиҳа» сурасидан кейин «Омийн» лафзини жаҳрий ёки махфий айтиш масаласидаги тортишувлар кўп учраб турибди.

Сохта салафийлар «Омийн» лафзини жаҳрий қилиш керак деб иддо қиладилар. Лекин бу иддоларига муносиб далилни келтирмайдилар.

Аҳли сунна вал Жамоа фиқҳий мазҳаб имомларидан ҳисобланган Абу Ҳанифа ва имом Молик (р.а.) намозда «Фотиҳа» сурасидан кейин «Омийн» лафзини махфий айтилади дейишган ва қуйидаги далилларни келтиришади.

«Омийн» лафзи “ижобат қил» маъносидаги дуо бўлиб, намозда дуо лафзлар қуйидаги оятга кўра махфий айтилади.

Аллоҳ таоло Аъроф сураси 55-оятда марҳамат қилиб айтади: «Робнингизга тазарруʼ ила ва махфий дуо қилинг! Албатта, У тажаввузкорларни ҳуш кўрмайди»

Шу оятга мувофиқ «Омийн» лафзи дуо бўлгани учун махфий қилинади.

Алқама ибн Воил отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (с.а.в.) “Фотиҳа” сурасининг охирига етганларида “Омийн” лафзини махфий қилар эдилар».

(Имом Аҳмад, Абу Довуд, имом Ҳоким ривояти)

«Омийн» лафзини махфий эканлигига саҳобалар ҳаётидан ҳам асарлар ворид бўлган.

Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) «Омийн» лафзини махфий қилишар эди. (Имом Табарий ривояти) Яна бошқа ривоятларда Ҳазрат Умар (р.а.) махфий қилганлари келтирилади.

Имом Нахаъий айтадилар:

4 нарсани имом овоз чиқармай махфий айтади:

  1. Истиоза
  2. Басмала
  3. Роббана лакал ҳамд
  4. Омийн

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муҳаддислар ижтиҳоди билан фуқаҳолар ижтиҳодидаги қонун қоидалар фарқ қилади, шариъатда эса ҳукмлар эса фуқоҳолар ижтиҳодига кўра жорий бўлади.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Ф.Иброҳимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*