Ифтордан олдин оғиз очган кишининг ҳукми

Уламоларимиз бир киши рўза тутиб, ифтор бўлди деб ўйлаб бир муддат олдин (ҳаттоки бир дақиқа бўлсада) еб ёки ичиб қўйса бу кишининг рўзаси дуруст бўлмаслиги ва унга қазо вожиб бўлишига фикр билдирганлар. Чунки, рўзадордан талаб қилинадиган нарса Аллоҳ таолонинг “Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг” (Бақара сураси 187-оят) деган ояти каримасига биноан тонг отганига ёки кун ботганига ишонч ҳосил қилмоқлигидир. Аллоҳ таоло қуёш ботгунича рўзани мукаммал қилишга буюрган. Агар ифтор бўлмай туриб оғиз очган бўлиб чиқса, бу киши адашганлиги боис унга фақат қазо вожиб бўлади, яъни рўзанинг каффароти унинг зиммасига вожиб бўлмайди дейдилар. Шунингдек, ифтор вақти кирганидан кейин узрсиз ифторни кечиктириб юришдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар, ҳаттоки, олдин оғизни очиб олиб, кейин шом намозини ўқишга тарғиб қилганлар. Буни қуйидаги ҳадиси шарифларидан билишимиз мумкин. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар...” (Имом Абу Довуд ривояти). Яна Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти). Шом вақти кириши билан оғиз очиш Аллоҳ таолога ҳам маҳбуб амаллардандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: “Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир”, дедилар. (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).

Баъзида халқ орасида “Агар саҳарга ухлаб қолсанг, уйғонганингда бир хўплам сув ичиб, ният қилиб оғизни ёпиб олишинг керак”, деган нотўғри фикрларни эшитиб қоламиз. Аслида, саҳарга ухлаб қолган одам рўзасини улаб тутиб кетаверади, яъни турганидан кейин ҳеч нарса истеъмол қилмайди. Агар бир киши ҳали тонг отмади деб ўйлаб еб ичаверса, лекин, кейинчалик тонг отганини билиб қолса, адашганнинг ҳукмида бўлади ва ўша куннинг қазосини бошқа кунда тутиб беради, унга каффорат вожиб бўлмайди. Аммо, шу ишни қасддан, атайлаб қилса, унга каффорат вожиб бўлади.

Рўзанинг каффорати сифатида Аллоҳ таоло Ўз шариатида қуйидагиларни белгилаган: рўзасини қасддан бузган киши бир қул озод қилиши лозим, бунга қурби етмаса, узлуксиз икки ой рўза тутиши лозим. Каффорат рўзаси тутиладиган кунлар орасига Рамазон ёки Қурбон ҳайитлари тўғри келиб қолмаслигига эътибор бериши керак. Аёллар эса, ҳайзи бошланган кундан рўзани тутмай турадилар, лекин пок бўлган кунларидан рўзаларини давом эттиришлари шарт бўлади.  Агар киши бундай мутассил рўзага ҳам қодир бўлмаса, бир кунда икки марта олтмишта фақирнинг қорнини тўйғазмоғи керак бўлади, ёки уларга ярим соъ[1] хурмо ёки бир соъ арпанинг қийматини бериши ҳам мумкин.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қасддан рўзани бузиш катта гуноҳ бўлади, шу билан бирга инсон адашиб рўзасини мукаммал қилмаса ҳам унга рўзанинг қазоси вожиб бўлади. Шу сабабли, рўзани мукаммал қилиш учун ҳар бир дақиқа жуда муҳим, шуни этиборга олган ҳолда эҳтиётан саҳарликни қуёш чиқишидан бир неча дақиқа олдин тугатиш ва ифторликни ҳам вақти кирганига амин бўлиб, сўнгра оғизни очиш керак бўлади.

4-курс талабаси Кенжаева Юлдуз

[1] Бир соъ 2.176 кг

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*