Гуноҳларнинг дунё ва охиратдаги жазолари

Мўмин банда  Аллоҳга ҳар бир ишида итоат этиб, қайтарилган нарсалардан қайтиши лозим. Агар бундай қилмаса, гуноҳ ёки ножоиз иш содир этган бўлади. Гуноҳлар эса  Аллоҳга осийлик  бўлиб, бандани дунё ва охиратда бахтсизликка, азоб ва уқубатларга гирифтор қилади. Динимизда баъзи гуноҳларга дунёнинг ўзида ҳадд-жазо белгиланган.

Аллоҳ таоло ва У Зотнинг Расули алайҳиссалом қайтарган ишлар гуноҳи кабиралардир. Бундай гуноҳлар учун дунёда ҳадд-жазо белгиланган, охиратда таҳдид солинган, ёки уни содир қилган кишининг  иймони инкор қилинган, ёки лаънатланган, ёки “биз ундан покмиз”, “у биздан эмас”, каби сўзлар билан сифатланган.

Бир тоифа уламолар гуноҳи кабиралар еттита деганлар ва Расулуллоҳ (с.а.в)ни қуйидаги ҳадиси шарифларини хужжат қилганлар: “Пайғамбар (с.а.в) ҳалок қилувчи еттита гуноҳдан сақланинглар”, дедилар. “Улар қайсилар, я Расулуллоҳ? ” деб сўрашганида, “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етим молини ейиш, судхўрлик, душмандан ортга чекиниш, бузуқ ҳаёл билан покдомон мўмина аёлларга туҳмат қилиш”, дея жавоб берганлар.1 (Бухорий ва Муслим ривояти)

Ушбу ҳадисда, гуноҳи кабиралар сони еттита эмас балки, мазкур етти амал  гуноҳи кабираладан экани баён қилинган.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадисда биринчи бўлиб ширк  келтиришни зикр қилдилар, чунки бу энг катта гуноҳдир. “Албатта,  Аллоҳ  Ўзига ширк келтириш (гуноҳини) кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур…”2

Ширк бу диндан қайтиш – муртадликдир. Муртадга дунёнинг ўзида ҳам ҳадд жазолари белгиланган. Бир одам ширк ёки куфр гапни айтди ва қозининг олдига келтирилди. Шунда қози гувоҳлар даъво қилаётган масала ширк ёки куфр гапни айтганлиги ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонганини ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор: “Мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим” деса, унга тушунтирилиб иккинчи бор хушёр бўлиши таъкидланиб, уни қўйиб юборилади. Агар ўша одам: “Мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим” деса, уни тавба қилишга чорланади. Агар тавба қилмаса, жазоланади. Бу муртад учун дунёдаги азоб ва охиратда аламли қийноқлар тайёрлаб қўйилган.

Қаттиқ жазоланган гуноҳларнинг иккинчиси – сеҳрдир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “…(У икки фаришта): “биз фақатгина синов воситасимиз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!”, – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганадиганлар. (Лекин)  улар (яҳудийлар) Аллоҳни изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларини ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўргатадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсалар охиратда ҳеч қандай насибаси йўқ эканини билгандилар-ку”1.

Аллоҳ таоло ушбу оятда сеҳрни ўрганаётган кимсалар кофир бўлиши ҳақида билмасдан туриб уларга бу иш ўргатилмаслиги, уларнинг сеҳрлари Аллоҳнинг изнисиз кишиларга таъсир қилмаслиги, бу иш билан шуғулланган кимсаларни эса охиратдан ҳеч қандай насибаси йўқлигини билдирди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: маст қилувчи нарсага одатланиб қолган кимса, қариндош уруғ билан алоқани узган кимса  ва сеҳрни тасдиқловчи кимса”2 ( Ахмад Ибн Хиббон, Хоким ривояти.)

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга кирмайдиган кимсалар тоифаси ҳақида хабар бериб, маст қилувчи ичимликларни муттасил ичувчилар, силаи-раҳмни узган кишилар, сеҳрни тасдиқловчи яъни сеҳрга ишонувчиларни санаб ўтганлар.Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтади: “Сеҳргар агар унинг сеҳргарлиги билинса, ўлдирилади ва ундан тавба талаб қилинмайди. Унинг: “Мен сеҳрни тарк қиламан, тавба қиламан”, деган гапи қабул қилинмайди. Агар сеҳргарлигига ўзи иқрор бўлса, қони ҳалол бўлади.”

Кабираларнинг учинчиси Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдириш.

“Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг  ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни таёрлаб қўйгандир.1

Юқорида келтирилган ояти каримада Аллоҳ таоло ноҳақ қотиллик қилган кимса, гарчи у мўмин бўлса ҳам унинг борар жойи Жаҳаннам бўлиши билан бирга у кимсага Ўзининг ғазаби ва лаънати етиши ҳақида билдирди. Бу нақадар аянчли оқибат.

“Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирор илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўдиришни ҳаром қилган) бирор жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан бирортасини) қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолда мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик савобга ўзгартириб қўюр”2.

Ушбу оятда эса Аллоҳ таоло мўминлар шикр, қотиллик, зино қилмаслиги ҳақида марҳамат қилди ва кимда ким бу гуноҳлардан бирортасини қилса уқубатга учраши ҳақида билдирди. Тавба қилган бандаларга эса гуноҳларини савобларга алмаштириб бериши ҳақида ҳушхабар берди.

Бирон шаръий сабабларсиз бир мусулмонни ўлдирса, ўша инсон худди барча инсонларни ўлдиргандек гуноҳкор бўлади ва қиёматда ҳаммасига жавоб беради. дўзаҳда қаттиқ азобланади.

Етимнинг молини ейиш ҳақида эса Аллоҳ таоло шундай деган: “Етимларнинг молларини зулм билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига  оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзаҳга киражаклар!1

Ушбу оятда эса етимларнинг молини зулм билан ўзлаштирган кимсалар ҳам охиратда қаттиқ жазоланиши ҳақида огоҳлантирди. Уларнинг борар жойи жаҳаннам экани ҳақида билдирди.

Судхўрлик ҳам ўта оғир жиноятлардан бўлиб, ояти каримада шундай дейилган: “Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан турмайдилар, магар жин чалган мажнун  каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: “Бай” (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?!” деганларидир”2

Юқорида келтирилган оятда судхўр бўлган кимсаларнинг аянчли оқибатлари ҳақида огоҳлантириб, уларнинг ўзларига “бай” билан биз қилаётган иш ҳам бир хил-ку деб узр истаганлари ва бу иккиси бир хил эмаслиги ҳақида билдирди.

Душмандан қочиш ҳақида эса Аллоҳ таоло: “Ей мўминлар, кофирларнинг лашкарига дуч келганингизда (саноқлари кўплигини кўриб) уларга орқа ўгирманглар (яъни қўрқиб қочманглар). Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан бўлган ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!”3

Душмандан қочиш ҳам гуноҳи кабираладан бири экани, бундан гуноҳ қилганларнинг жазоси жаҳаннам экани ва бундай оқибат нақадар аянчли экани ҳақида Аллоҳ таоло ўз оятида марҳамат қилади.

  Мўмина аёлга бузуқ ният ила туҳмат қилган кишига Аллоҳ таоло Ўз каломида дунёнинг ўзида ҳадд билан жазолашга буюрди: “Покиза аёлларга (бўхтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир”.4

Ояти каримадан олинган ҳукмга кўра бундай кимсаларга мусулмонлар ҳузурида саксон дарра урилиб, фосиқлар деб эълон қилинади ва гувоҳлиги ўтмайдиган ишончсиз  кишиларга  айланадилар. Охиратда эса Аллоҳ уларни жаҳаннам билан азоблайди.

Аллоҳ барча катта-ю кичик гуноҳларни дунёда мусибат билан охиратда эса азоб билан жазолайди. Фақат тавба қилиб, Ҳаққа қайтганлар бундан мустасно.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси Комилова Жозиба

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*