Исломда ҳайвонларга муносабат

Атрофимиздаги барча ҳайвонларни инсонларга бўйсиндириб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Уларни асрашга, авайлашга буюрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруду салавотлар бўлсин!

Аллоҳ таоло инсонни ер юзига халифа қилиб, уни барча мавжудот узра ҳоким айлади. Баъзиларини миниб юради, баъзиларини гўштини ва сутини истеъмол қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ахир, Биз улар учун ўз қўлларимиз-ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?! Бас, улар ўшаларга молик(эга)дирларку! Биз уларга ўша (ҳайвон)ларни бўйсиндириб қўйдик. Бас, улардан маркаблари бор ва улардан ерлар. Улар учун ўшаларда манфаатлар ва ичимликлар бор. Ахир, шукр қилмайдиларми?!» (Ясин сураси, 71-оят).

Ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга биринчи чорва ҳайвонларни яратганини эслатди. Инсоннинг энг яқин кўмакчилари чорва ҳайвонлари. Иккинчидан, ҳайвонларни Аллоҳ таоло инсонларга бўйсиндириб қўйганлигини эслатяпти. Инсон ўзидан бир неча баробар катта ва қувватли бўлган от, эшак, ҳачир, туя, фил каби жониворларни бемалол бошқариб кетаётганлигига шукр айтиши керак. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловга минаётганларида дуо қилар эдилар. Учинчидан, уларнинг гўштини инсонлар учун таом қилиб берганини эслатди. Чорва ҳайвонлари қўй, эчки, сигир, от, туя кабиларнинг гўштларини инсон деярли ҳар куни ейди. Дарҳақиқат, энг ширин таомлар таркибида гўшт бўлганларидир. Қолаверса, ҳайвонларнинг сутлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар ҳам инсонлар учун манфаатлидир.

Ҳайвонот олами инсон манфаати учун яратилгани улардан хоҳлаганича фойдаланади, дегани эмас. Динимиз бу борада ҳам адолатли ўлчовларни белгилаб қўйган, яни ҳайвонот оламидан тўғри фойдаланиш, маҳсулотларидан эҳтиёжга кўра манфаат олиш, зарурат бўлгандагина ов қилиш ва ҳоказо. Ҳадиси шарифда: «Бирор киши чумчуқни сабабсиз ўлдирса, у қиёмат куни Аллоҳга: «Эй Парвардигорим, бу киши мени ноҳақ ўлдирди, бундан унга ҳеч қандай фойда йўқ эди», деб шикоят қилади», дейилади (Имом Насоий ривояти).

Ҳайвонларга  нисбатан меҳр-шафқатли бўлиш инсоннинг охиратда ҳам баланд даражаларга эришишига сабаб бўлади. Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ ташна бўлди.  Йўлида бир қудуқ кўриб қолди ва унинг ичига тушиб сувидан ичди.  Қудуқдан қайтиб чиққан пайтида бир ит ташналигидан ҳансираб нам тупроқни ялаётганини кўрди. Бу бечора ҳам менга ўхшаб чанқабди, деб ўйлади ва қайта қудуққа тушиб маҳсисига сув тўлдириб чиқиб итга ичирди. Унинг қилган иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳини кечирди», дедилар. Шунда саҳобийлар:  «Ё Расулуллоҳ, ҳайвонларга қилган яхшилигимиз учун ҳам бизга савоб бўладими?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир жонлида шундай ажр бор», деб жавоб бердилар.

Аксинча, ким ҳайвонларга зулм ўтказса, азоб берса, ундай одамлар охиратда қаттиқ азобга дучор бўлади. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир хотин мушукни очликда сақлаб ўлдиргани  учун дўзахга тушди. Худо билсин, бу мушукни қамаб қўймаганингда на таом на сув бермадинг ёки ердаги ҳашоратлардан тутиб ейиши учун қўйиб юбормадинг, деб азобланса керак дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳайвонларга нисбатан фақат манфаат юзасидан яхши муносабатда бўлмаслиги  керак.  Табиатга яхши муносабатда бўлиш динимиз ва одамийлик шартларидандир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизларўрта махсус

 ислом таълим муассасаси4-курс талабаси

Эшпўлатова Камола

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*