Араб тили – дунё тили

Маълумки, Ислом динининг асл масдари, ӯзгармас манбааси ва мусулмон умматнинг дастурул-амали Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар бӯлиб, уларнинг асл моҳиятини кенгроқ тушунишда, улардаги зоҳирий  ва ботиний ишоралардан ирода қилинган асл маъноларни тӯғри англаб етишда араб тили ва унинг аҳамияти беқиёсдир. Луғат бойлиги билан қоидаларининг турли-туманлиги, бир калиманинг бир неча услубларда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан комилликда тиллар ичида ажралиб туради. Балки, дунёда шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам аввалги ўринни эгаллайди. Бу тил Қуръони карим тили, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам тиллари бўлгани учун ҳам бутун ислом олами ушбу тил ва унинг қоидаларини ўрганишга якдиллик билан киришиб кетганлар. Модомики шундай экан, араб тили ва унинг қонун-қоидаларини билишлик, юртимиз маънавияти тарихини ёритишда ўзига хос аҳамият касб этади. Араб тили дунёдаги энг кӯп ӯрганилган ва ҳануз ӯрганилаётган тил ҳисобланади. Араб тилини ўрганиш динни ўрганиш демакдир. Бинобарин уни ўрганиш фарз. Зеро Қуръон ва суннатни тушуниш  фарз бўлиб, уларни араб тилисиз тушуниб бўлмайди. Фарз у сиз амалга ошмайдиган ишни қилиш ҳам, фарздир”. Имом Шотибий роҳматуллоҳи алайҳ: “Инсон токи арабзабон бўлмагунча ёки араб тилини араблардек билмагунча, шариат ҳақида фикр билдириши, шариатга оид асосий ёки иккинчи даражали масалалар ҳақида гапириши асло жоиз эмас”. Ушбу ўринда араб тили ва унинг аҳамияти ҳақида сўз борар экан, авваламбор унинг тарихи, келиб чиқиши, ўзига хос хусусиятлари шу ва бунга доир маълумотларни келтириб ўтиш лозим.

Араб тили Сомий тиллар оиласининг жанубий тармоғига мансуб тил бўлиб, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Шимолий Африкада кенг ёйилган, ҳамда 25 тадан ортиқ мамлакатнинг расмий тили ҳисобланади. Араб тилида 325 млн дан ортиқ инсон, ўз она тили сифатида сўзлашади. Араб тилида манбаалар жуда ҳам кўп  ва у Қуръон тили бўлганлиги боис, араб миллатига мансуб бўлмаган, ҳатто  бу тилда ўзининг  биринчи ва иккинчи тили сифатида ҳам сўзлашмайдиган, турли миллат ва элатларга мансуб бўлган мусулмонлар бу тилни мукаммал ўрганишга жуда катта қизиқиш билдирадилар. Хусусан дунё тиллари орасида 5-ўринда туриши ҳам унинг нуфузи ва  қанчалик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Бундан ташқари БМТ нинг 6 та расмий тилидан бири ҳам ҳисобланади. Араб тилининг тараққиёти 3 босқичга бўлиб ўрганилади:

  1. Қадимги
  2. Бадиий (классик ёки фусъҳа ҳам деб номланади)
  3. Ҳозирги замон

Қадимий араб тили милоддан аввалиги 5-4 асрларга таалуқли обидалар орқали маълумдир. У мумтоз араб тилининг пайдо бўлишига замин бўлган. Мумтоз араб тилининг лексик ва грамматик шаклланиши милоддан аввалги 5-7 асрларда, шоирларнинг оғзаки ижодларида намоён бўла бошлаган. Мумтоз араб тили лексик жиҳатдан  бироз ўзгарган ҳолда, ҳозирга қадар арабларнинг адабий тили бўлиб келмоқда. Ҳозирги кундаги араб дунёсидаги матбуот нашрлари, радио ва телеведениялар ҳам ушбу тилда. Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида мумтоз араб тили бадиияти янада гўзаллашди ва грамматик меъёрлари мукаммаллашди. Ўз навбатида мумтоз араб тили эса ҳозирги замон араб тилининг шаклланиши учун замин бўлди.

Ҳозирги замонавий адабий араб тили Арабистон ярим ороли ва ундан шимоли шарқдаги ҳамда шимолий ва шарқий Африкадаги 20 дан ортиқ давлатларнинг расмий тили ҳисобланади. Араб сўзлашув тили адабий тилдан кескин фарқланади, фонетик ва лексик жиҳатдан бир бирига ўхшамайди. Улар Миср, Судан, Сурия, Ироқ, Мағриб, Ҳасания (Мавритания), Шоа (Нигерия, Камерун, Нигер) лаҳжалари кабиларга бўлинади. Қадимги араб тилининг баъзи ёдгорликлари бизгача етиб келган. Тадқиқотчилар шу ёдгорликлар асосида унинг грамматик қурилишини ва қисман сўз бойлигини аниқлашга муваффақ бўлишган. Классик араб тилининг намуналари эса бизгача жуда кўп етиб келган. Унда мукаммал грамматик қурилишга эга бўлган, кенг лексик таркибли, жоҳилий даври назми ва таъсирдор қабилалар лаҳжалари нодир хусусиятларини ўзида умумлаштира олган бой тилини кўриш мумкин. Классик араб тили такомилида араб қабилалари лаҳжасида энг эътиборлиси Қурайш қабиласи лаҳжаси ҳисобланган. Чунки уларнинг замини Маккаи мукаррама бўлган. У ерда эса, Қуръони акрим нозил бўлган. Қуръони Карим араб тилида, Қурайш лаҳжасида нозил бўлган. Аллоҳ таоло Шуро сураси 7-оятда шундай марҳамат қилади:” Ана шундай қилиб, Биз сенга шаҳарларнинг онасини (Макка аҳлини) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун, бўлишида ҳеч шубҳа йўқ жамлаш куни (қиёмат куни)дан огоҳлантиришинг учун арабий Қуръонни юбордик.(У кунда)  Бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзаҳда”. Шу боис муқаддас китобни тўғри тушуниш, уни англаш учун араб тилини ўрганиш, хусусан сарф ва наҳв қоидаларининг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, амал учун фаҳм, фаҳм учун эса тил билиш лозим.

Абу Тибб айтадилар:” Билгинки, арабларнинг каломига халал етказган ва ўрганилиши энг эҳтиёж сезиларли нарса бу эъробдир (эъроб бу- калиманинг охиридаги ҳаракат). Ривоят қилинадики, бир киши Росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида сўзлаётиб, лаҳн (хато) қилди. Шунда у зот: أرشدوا أخاكم فقد ضل” ” яъни «Биродарингизни тўғри йўлга йўллаб қўйинг, батаҳқиқ у адашди», дедилар. Ёқут айтадилар: “Умар ибн Хаттоб розияллаҳу анҳунинг олдиларидан камон отишни яхши билмайдиган бир қавм ўтиб қолди. Уларга танбеҳ бердилар, улар айтишди: «Биз таълим олувчи қавммиз». Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаблари келди ва дедилар: «Албатта, сизларнинг тилингиздаги хатоларингиз камон отишдаги хатоларингиздан кўра ёмонроқдир.» Сабаби, ҳалиги камон отаётган қавм араб тили қоидасига зид қилиб гапиришган. Шу боис, Ҳазрат Умарнинг жаҳллари чиқади. Асмоий айтадилар: “Тўрт киши на ҳазилида ҳам ва на жиддий гапида ҳам лаҳн (хато)га йўл қўймаган. Улар: Шаъбий, Абдулмалик ибн Марвон, Ҳажжож ибн Юсуф ва Ибн Фариалардир. Уларнинг ичида энг фасоҳатлиси Ҳажжож ҳисобланади”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида у зотга волийлардан бири мактуб ёзади ва унда лаҳн қилади. Бу эса Умар розияллоҳу анҳуга хуш келмайди.  Шунингдек яъна ривоят қилинишича, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир қорининг Тавба сураси 3-оятни нотўғри эъроб билан ўқиётганини эшитиб қоладилар ва Абу Асвад ад-Дуалийни чақириб қоида ёзишга буюрадилар. Бошқа ривоятда айтдиларки, Абу Асвад Ҳазрат Алининг хузурларига кирадилар, Ҳазрат Алининг қўлларида сиёҳ боре ди. Абу Асавад айтадилар: “Эй амийрул муъминийн! Қўлингиздаги нима?” Али розияллоҳу анҳу: “Ўйлаб қолдим, манабу қизилларни арабларга аралашиши оқибатида араб тили бузиляпти. Мен бу билан бир нарса ўрнатмоқчиманки, араблар уларга мурожаат қилсин ва унга суянсинлар”. Сўнг қўлларидаги нарсани Абу Асвадга берадилар. Унда қуйидагича ёзилган эди: «Калималар барчаси исм, феъл ва ҳарфдан иборат. Исм нарсаларнинг номлари ва сифатлари билдиради. Феъл эса, уларнинг ҳаракатини билдиради. Ҳарф эса, маъно англатмайди. Сўнг: “Манашу 3 нарсадан кейин хаёлинга нима келса, ёзавергин”, дедилар. Шундай қилиб, бу соҳада биринчи бўлиб Абу Асвад ад-Дуалий араб тилига оид қонун қоидаларни ишлаб чиқдилар. Шунингдек ватандошимиз ҳисобланган Маҳмуд аз-Замаҳшарий ҳам, бу борада катта шуҳрат қозонган ва ривожи учун салмоқли ҳисса қўшган. Ҳатто араблар уни: “Агар Хоразмлик шу кўса, чўлоқ аз-Замахшарий бўлмаганида, араблар ўз тилларини билмас эдилар” деб таърифлаганлар. Қуръони Каримнинг нозил бўлиши, пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадислар араб адабий тилининг янада ривожланиши, таъсир доирасининг кенгаши араб бўлмаган бошқа халқлар томонидан ҳам араб тилининг кенг ўрганилишига йўл очиб берди. Ушбу тил бир неча азим ва мураккаб тарихий босқичларини босиб ўтиб, натижада бугунги кунда бутун мусулмон шарқи ҳудудида Европадаги лотин тили каби бир фан тилига айланди. Бундан ташқари, у кўплаб мусулмон шарқ мамлакатларида узоқ вақт давлатлараро расмий иш юритиладиган, мулоқот тили бўлиб ҳам ҳизмат қилди.

 

 

Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси 4-курс

 талабаси Алимова Робия

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*