Жиҳод тушунчаси

Ислом тинчлик дини бўлиб, у инсонларнинг қони ноҳақдан  тўкилишини ман қилади. Исломдаги жиҳодга бўлган тарғибот мусулмонларни азиз қилиш, уларнинг омонликларини таъминлаш ва инсонларга ҳақ динни етказа олиш воситаси ҳисобланган. Жиҳод сўзи Қуръони каримда кўп маротаба зикр қилинган. Бу сўзнинг маъноси турлича бўлиб, жидду жаҳд қилиш, ҳаракат қилиш, жанг  қилиш каби ишлар учун ҳам ишлатилган.

Фиқҳ китобларида мусулмон бўлмаган инсонларга қарши кураш ва мусулмонларни ҳимоя қилиш учун  сафарбар бўлишни билдирса, тасаввуф илмида нафсга қарши жиҳод қилиш тушунилади. Жиҳодга доир жуда кўп бўлиб, турли ҳолатлар учун ушбу сўз муштарак тарзда ишлатилган. Жумладан ҳадисларда “Мужоҳид – нафси билан курашган одамдир”, “Мўъмин қиличи ва тили билан жиҳод қилади”, “Жиҳоднинг энг фазилатлиси золим султоннинг ёнида ҳақ сўзни айтишдир” каби турли  маъноларда ишлатилган.

Ислом қонунларига кўра нормал ҳолатларда жиҳоднинг фарзи кифоя эканлиги, бирор бир хатар туғилганда, юртга босқинчилик бўлиш хавфи пайдо бўлганда фарзи айнга айланиши ҳақида уламолар якдил фикрдалар.

Расулуллоҳ (сав) нинг олдиларига бир киши келиб жиҳодга чиқишга изн сўраганида, унга ота-онасига яхшилик қилишга буюрганлар. Яна бир ривоятда ўша кишига ота-онасидан изн сўрашга амр қилганлар. Улар изн берсалар бориши  мумкинлиги ва бермасалар бориши мукин эмаслигини айтганлар.  Шу ва бошқа ҳадисларга кўра жумҳур уламолар ота-она рухсат бермаган вақтда жиҳодга чиқиш ҳаром бўлишини айтганлар. Чунки ота-онага яхшилик қилиш фарзи айн, жиҳодга чиқиш эса фарзи кифоядир дейдилар. Лекин юртга душман бостириб келган вақтда барча жангга қодир бўлган инсонларга сафарбар бўлиш фарз бўлиб қолади.

Бундан ташқари қарздор одамлар ҳам жиҳодга чиқмасликлари бунинг ўрнига ўз қарзларини адо қилиш учун жидду жаҳд қилишлари буюрилади.

Ҳозирги кунда жиҳодга қилинаётган тарғиботлар ислом қонунларига биноан бўлмаётгани очиқ ойдин кўриниб турибди. Чунки бунга тарғиб қилувчилар мусулмонларни ҳимоя қилишдан кўра аксинча катта катта зарарлар келтириб чиқараяптилар. Уларнинг фитналари сабабидан кўплаб бегуноҳ инсонларнинг, аёлларнинг, ёш гўдакларнинг қони тўкилмоқда.  Расулуллоҳ сав доим жангга чиқувчиларга ёш болалар, аёллар ва қарияларга, ибодатхоналардаги одамларга тегмасликка буюрганлар. Ҳозирги ўзларини жиҳод қилувчилар деб атаётганлар мусулмон ёки ғайридин, ёш ёки қари деб ажратмасдан барчанинг қонини тўкилишига сабаб бўлаяптилар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим муассасаси

катта ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*