ЭРКАКЛАРГА ИПАК, ТИЛЛА ВА КУМУШНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА

Эр кишилар кўлларига тилла узук ва соатлар, бўйинларига тилла занжирлар тақишни ўзлари учун фахр биладиган бўлиб қолдилар. Ўйлаб кўрайлик-а! Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани одамлар фахр ила қилмоқдалар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бу дунёда ипак кийса, охиратда уни киймас», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадислари эркак кишиларга ипак кийим кийиш мумкин эмаслигининг ишончли далилидир. Бундан охиратда ипак кийим киймоқчи, бошқача қилиб айтганда жаннатдан жой олмочи бўлган эр киши бу дунёда шариат амрига итоат қилиб мутлақо ипак кийим киймаслиги лозим бўлади. Чунки, охиратда ипак кийим кийиш жаннати бўлишнинг рамзидир.

Исломда эркак кишига ипак кийимларни кийиш ман этилганлиги улкан ҳикмат боисидандир. Ипак юмшоқ ва нозик нарса бўлиб, у билан муомалада бўлган шахсдан юмшоқлик ва нозикликни талаб қилади. Бинобарин, ипак кийим кийишга ўрганган шахс, юмшоқ ва нозик бўлиб қолиши турган гап. Бу эса, ҳақийқий эр кишига мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон эркак-доимо турли оғирликларни кўтаришга шай турадиган, нозиклик ва зебу-зийнатни ўзига эп кўрмайдиган забардаст эркакдир. Шу боисдан ҳам шариат аёлларга атаган ва нозиклик ҳамда зебу-зийнат рамзи бўлган ипак мусулмон эркак учун ҳаром қилинган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тилла ва кумуш идишларда ичманглар. Ипак ва дебожни кийманглар. Чунки, ўшалар бу дунёда уларга, охиратда сизларга», деганлар», деди».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни тилла ва кумуш идишларда ичимлик ичмоқ ва таом емоқдан ҳамда ипагу дебожни киймоқ ва устига ўтирмоқдан қайтарганлар», дейилган».

«Ипак» ингичка арқоқли майин шойи бўлиб, «дебож» йирик арқоқли майинлиги ипакникичали даражада бўлмаган шойидир.

Ушбу ривоятда тўрт нарсадан тўрт мақсадда фойдаланмоқ ман қилинмоқда.

Тилла ва кумуш идишлардан ичимлик ичмоқ ва таом емоқ мақсадида фойдаланиш ман қилинган бўлса, ипак ва дебожни кийим қилиб киймоқ ёки тўшаб устига ўтиришдан ман қилинмоқда.

Бу масалада бир оз уламоларимизнинг, хусусан ҳанафийларнинг баъзи мулоҳазалари бор. Улар бошқа мазҳабларга хилоф қилароқ шойи тўшакларга ижозат берадилар. Чунки, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг гиламлари устига ташлаб қўядиган, ипакдан қилинадиган болишлари бўлган. Иккинчидан, устига чиқиб ўтириш ўша нарсани хорлашдек гап, дейдилар ҳанафий уламолар. Жонли нарсаларнинг расми бор матодан кийим киймоқ ҳаром, лекин ўшандоқ нарсанинг устига ўтириш ҳалол қилинган, ипак масаласи ҳам худди шунга ўхшайди. Бу ривоятда келган маъно эса фақат шу жойда бўлиб, уни қўллайдиган бошқа далил йўқ.

Умар ибн Хаттоб Жобияда хутба қилди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак кийишдан қайтардилар. Магар икки, уч ёки тўрт панжа миқдорича бўлса майли», деди». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида Шомга борганлар. Жобия ҳам Шомдаги бир маконнинг исми. Ҳазрати Умар ўша жойда одамлар олдида қилган хутбаларида ипак кийим ҳақидаги шариат ҳукмини баён қилиб туриб ушбу ривоятда келган гапларни айтган эканлар.

Ушбу ривоятдан, кийимга ипакдан ямоқ солинса, белги учун юқорида зикр қилинган миқдорда ипак қўшилса жоиз, деган ҳукм олинган. Бу гапга барча мазҳаблар ва уламолар иттифоқ қилганлар.

Аллоҳ таоло барчамизга  шариат кўрсатмаларига амал қилишни муяссар қилсин.

 

    Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта 

 махсус ислом таълим муассасаси 

4-курс талабаси М. Жалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*