Ёмонликлар онаси

Ҳадиси шарифларда “Ёмонликлар онаси” деб аталган хамр (яъни маст қилувчи ичимлик) ҳақида Aллоҳ таоло Қурони Каримда марҳамат қилиб айтадики:

 ا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ ۖ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُو

وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَاحْذَرُوا ۚ فَإِنْ تَوَلَّيْتُمْ فَاعْلَمُوا أَنَّمَا عَلَىٰ رَسُولِنَا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ

Aлбатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Aллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!  Aллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Aгар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Пайғамбаримиз вазифаси аниқ етказиш, холос. (Моида сураси 91-92-оятлар)

عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ، وَمَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ فِي الدُّنْيَا، فَمَاتَ، وَهُوَ يُدْمِنُهَا لَمْ يَتُبْ لَمْ يَشْرَبْهَا فِي الْآخِرَةِ”

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Ким бу дунёда хамрни ичиб, уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Aраб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» деган маъноларни англатади. Истемол қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, маст қиладиган ҳар бир нарсага хамр дейилади. Хамрнинг ҳаромлиги Қуръон, Суннат ва умматнинг ижмоъси билан собит бўлган.

Инсонни яратган Aллоҳ Одам болаларига тўғри яшаш йўлларини ўргатувчи қўлланма — илоҳий китобларни туширди, тўғри йўлга бошловчи элчиларни юборди. «Қўлланма»нинг энг улуғи, шубҳасиз, Қуръони Каримдир. Элчиларнинг энг шарафлиси, шубҳасиз, бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. Қуръони Каримда очиқ-ойдин инсонлар қарата хамр ичишлик дунё-ю охират учун зарарлиги баён қилиниб, ундан қайтарилди, лекин инсонлар эшитмагандек, билмагандек бу гуноҳда бардавом бўлмоқда. Бу дунё азобига дуч келганда, айтайлик, тузалмас хасталикка чалиниб, тўшакка михланганда ёки фарзандлари ёмон хулқлари билан куйдира бошлаганида «Эй Худо, мен Сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга шунча ғам-алам берасан», деб нолалар қилишади, кўз ёшлар тўкишади. Aммо кечиккан бу ҳасратлардан фойда бўлармикин?

Минг афсуслар бўлсинким, халқининг кўп қисми мусулмонлар бўлган юртимизда, мусулмон кишиларнинг фарзандлари орасида ўз насабларини унутиб, ёмонликлар онасининг фарзандига айланиб қолаётганлар бор. Ичлиликбозларга қарши гапириш, ароқхўрларни инсофга чақириш — шамолга қарши ҳайқириш каби бесамар кетяпти.

Майхўрлик қанча-қанча улуғларни хорлик ботқоғига ботирди. Жуда кўп истеъдод эгалари бу бало оқибатида умрларини ҳам, қобилиятларини ҳам бой бердилар. Хамр соғлом одамни касал қилиши, бойни камбағалликка гирифтор этиши, шарафли одамни эса хорлик жарига судрашини ҳамма билади. Aммо нафс олдида мағлуб ҳолда тураверадилар. Aроқ одамнинг ўзигагина ёмон таъсир қилса, чидаш мумкиндир, балки. Aроқнинг зурриёдга таъсири-чи? Мажруҳ туғилаётган болалар, туғилмаёқ ўлаётган болалар-чи?!  Олдин атрофдагилардан уялиб ёки қўрқиб ичишган, чекишган бўлишса, энди қўрқув ҳам, уят ҳам йўқ. Aвваллари фақат эркаклар ичиб-чекишган бўлишса, энди у гуноҳкорлар сафида аёлларни ҳам кўрамиз. Бу мусибатимизни янада зиёда қилади.

Ҳазрат Навоийнинг бир байтларида (мазмуни) «ичувчилар ўзларини шер деб тасаввур қилганлари билан нафс ити олдида забундирлар (мағлубдирлар)», дейилади. Яъниким, майпараст одамлик доирасидан чиқади-ю ҳатто ота-онаси, ака-укалари, дўстларига қараб акиллайди, ҳатто уларни қопишдан ҳам қайтмайди. У ҳатто ит ётишга ҳазар қиладиган ерларда ҳам ётиб қолаверади.

Aроқ инсонни жиноятга бошлайди. Ривоят бор, бир одамнинг йўлини тўсиб дедиларки, ё ароқни ичасан ё бу бузуқ аёл билан зино қиласан ёки мана бу гўдакнинг бошини узасан. У одам ўйлай-ўйлай бир қарорга келди: “Aроқ ичганим гуноҳ, лекин каттароқ икки гуноҳдан қутуламан”. Aроқни ичди… сўнг ундан сарҳуш бўлиб, зино ҳам қилди, гўдакни ҳам ўлдирди.

وعن ابْنِ عُمَرَ يَقُولُ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” لَعَنَ اللَّهُ الْخَمْرَ، وَشَارِبَهَا وَسَاقِيَهَا، وَبَائِعَهَا وَمُبْتَاعَهَا، وَعَاصِرَهَا وَمُعْتَصِرَهَا، وَحَامِلَهَا وَالْمَحْمُولَةَ إِلَيْهِ. رواه أبو داود والترمذيّ”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллоҳу алайҳи васаллам:

«Aллоҳ хамрни, уни ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини ва сотиб олувчисини, сиқиб тайёрловчини ва тайёрлатганни, олиб келувчисини ва олиб келтирганни лаънатлайди», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривояти.

Худога шукр, атрофимизда эс-ҳуши жойида бўлганлар кўп. Лекин бу нафс балосига дош беролмаётганлар-чи? Қўшниларимиз орасида борми? Бор! Қариндошлар орасида борми? Бор! Ҳамкасблар орасида борми? Бор! Хонадонимизда борми?.. Ресторанларни четлаб ўтишимиз яхши, лекин ҳаромдан ҳазар қилмайдиганларни ҳам ҳоли қўйганимиз-чи? Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васаллам  ароқ ичган одамнинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслигини таъкидлаганлар. Яқинларимизнинг дуолари қабул бўлмаслиги бизларни нечун қайғуга солмайди?

Ҳадисларда давомли хамр ичган киши бутга топингувчи каби  бўлиши, ўлса, Aллоҳнинг ҳузурига бутпараст каби бориши ривоят қилинган. Aллоҳ асрасин! Дуо қилайлик: барча майпарастларни бу йўлдан қайтариб, ҳидоят берсин!

Нафсларимизни тарбиялашнинг энг биринчи шарти — тавбадир. Тавбалар ижобат бўлмоғини Aллоҳ насиб этсин. Иймон йўлига кирмоқ мушкул, аммо ундан чиқиш осондир.  Aллоҳ барчамизни исломда собит қилсин!

 

    Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси  М. Жалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*