Ўликлар ортидан йиғлаш ҳақида

“Бандаликни бажо келтириш” ҳар бир инсоннинг бўйнида бор. Одамзод ўз яқинидан жудо бўлгач, чуқур қайғуга ботади. Баъзи ҳолларда ўзидаги қайғуни алам ва изтироб билан намойиш қилишга ҳаракат қилади. Кўпинча дод-фарёд чекиб йиғлайди, шовқин солади.

Динимизда вафот этганлар учун мотам тутишга рухсат берилган. Афсуски, ҳозирги пайтда баъзи кишиларнинг уввос солиб йиғлаши ва динимизда кўрсатилган аъзадорлик одоблари ўртасида катта фарқ бор.

Севимли инсонининг ўлими ҳар қандай одамни қайғуга солади, ич-ичидан хафа бўлиб, томоғига йиғи тиқилади. Албатта, ислом йиғлашни тақиқламаган. Тақиқланган нарса –  баланд овозда ҳўнграб йиғлашлик, қичқириқ, кўкрагини ва ёноқларини уриш, сочларини, кийимларини йиртиб ташлаш, нарсаларни синдириш, юзларини тирнаш, ёки мусулмоннинг имонига путур етказувчи иборалар билан маййит ҳақида гапиришдир.

Маййитни эслаб ёмон гапирмасдан, овоз кўтармасдан ва уввос солмасдан йиғлаш жоиз.  Аммо, овоз кўтариб, жазавага тушиб яъни, сочларини юлиб, кўкракларига уриб, маййитни сифатларини айтиб “суянган тоғим эди”, “устуним эди”, деб йиғлаш харом ҳисобланади. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бақириб йиғловчи, сочини олдириб ташловчи ва кийимини йиртувчи аёллардан воз кечганлар». (Муттафақун алайҳ). Яна бир  ҳадисда айтиладики, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким юзларига урса, ёқаларини йиртса ва жоҳилият даъвати билан чақирса, биздан эмас”. (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

Ушбу ҳаракатларни қилаётганларга мулойимлик билан буни тўхтатишни маслаҳат бериш мусулмоннинг вазифасидир, чунки бундай амалларнинг динимизда асоси ёъқ ва улар бутунлай тақиқланган. Ҳар қандай ёъқотиш, қанчалик катта бўлса ҳам, мусулмонни ўз эътиқодини заифлашишига олиб келмаслиги керак. Бундай пайтда улар сабр-тоқатли бўлишлари ва Аллоҳнинг тақдирига рози бўлишлари керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғли вафот этганида, жимгина йиғлаганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг эмизукли отаси эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра яна унинг олдига Иброҳим жон бераётганда кирдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ѐш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у зотга: «Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди. У зот: «Эй Ибн Авф, бу раҳматдир», дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар». (Тўртовлари ривоят қилишган).

Марҳум кишининг қариндошлари фақат уч кун аъза тутиши мумкин, аммо бева аёл эри учун тўрт ой ва ўн кун аъза тутиши керак. Бунга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари сабабдир: “Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган аёл учун ҳар қандай ўлган кишига уч кундан ортиқ аъза тутиши тақиқланади.» (Бухорий ривояти). Аёлларнинг эри учун тутадиган аъзаси  Қуръонда Идда даври (Кутиш даври) деб номланган:

 

وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا ۖ فَإِذَا بَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ فِيمَا فَعَلْنَ فِي أَنفُسِهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۗ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

 

Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича 4 ой-у 10 кун кутарлар. Муддатлари етганида ўзлари ҳақида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ ёъқ. Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор.

[Бақара сураси, 234-оят].

 

Ислом дини  инсоният учун ҳар бир амалнинг хайрлисини ҳаётга тадбиқ қилади. Марҳум ортидан бақириб йиғлаш ҳеч кимга фойда келтирмайди. Бундай пайтда тириклар марҳум учун дуолар қилиб, тезроқ сўнгги манзилига кузатиб қўйишга тараддудланса мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси

2-курс талабаси Умарова Эъзоза

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*