Вақф ва унинг таърифи.

Бутун оламлар Робби Аллоҳга битмас туганмас ҳамду санолар Ҳабибимиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ва аҳли оилаларига саловату дурудлар бўлсин. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак бизнинг ўлкаларда «Вақф мулки» деб юритлган мулклар бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда бизга «Вақф мулки» қандай мулк деган савол туғилади.

«Вақф» сўзи луғатда «тутиб туриш», «тўхтатиш» деган маʼноларни англатади. Истелоҳда эса, «Вақф» нарсани Аллоҳнинг мулки ҳисобида сақлашдир. “Вақф бу – бирор объектни Аллоҳнинг мулки бўлиши узра (олди-берди муомаласидан) тўсиб қўйиш ва ундан ҳосил бўладиган манфаатни эса муайян қатламга ёки барча эҳтиёжмандларга ёхуд омма мусулмонлар учун садақаи жория қилиб қилиб қўйишдир“. Мисол учун, бир инсоннинг боғи бор. У инсон ўша боғни ундан чиқадиган мевалар халққа тарқатилишига кўра Аллоҳ учун вақф қилдим, деса ёки шу ишни расмийлаштириб қўйса, унинг боғидан ҳосил бўлган мевалар мудом халқ учун хайр-эҳсон қилинади.

«Вақф» – мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганлигини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошқа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда бўлиб келмоқда. Вақфнинг ҳукми – у исломда мустаҳаб бўлган қурбат, яъни ибодатдир.

Вақф   қуйидаги   икки ишнинг бири билан ҳосил бўлади:

1) «Шу жойни вақф қилдим ёки уни масжид қилдим» деганга ўхшаш вақфга далолат қилувчи сўз билан.

2) Одамларнинг урфида вақфга далолат қилувчи иш-феъл билан. Масалан, ҳовлисини масжид қилиб қўйиб, унда ҳаммага намоз ўқишга изн берганга ўхшаш ёки ер-мулкини қабристон қилиб, унга ҳамманинг дафн қилинишига изн берганга ўхшаш.

 

Вақф қилиш ҳақидаги лафзлар икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм: Очиқ лафзлар. Вақф қилдим, вақфга ушладим, фойдасини ҳаммага қилдим, (вақф деб) атадим каби. Булар очиқ лафзлар бўлиб, одатда вақфдан бошқа маънога далолат қилмайди. Шу лафзлардан бирини айтган бўлса, шу билан вақф бўлиб қолаверади ва яна қўшимча бошқа ишга ҳожат қолмайди

Иккинчи қисм: Киноя (яъни, вақф маъноси тушуниладиган) лафзлар. Масалан, садақа қилдим, (ўзимга) ҳаром қилдим, абадийликка қолдирдим деганга ўхшаш сўзлар. Бу каби сўзлар киноя деб аталади. Чунки, улардан вақф маъноси ҳам, бошқа маъно ҳам тушунилиши мумкин. Ушбу лафзлардан биронтасини айтса, у билан вақфни ният қилган бўлиши ҳам шарт қилинади. Ёки у билан бирга очиқ вақфни ифода этувчи лафзлардан биронтасини қўшиб айтиши ёки киноя лафзларидан яна биронтасини қўшиш шарт қилинади. Масалан: «Шунча нарсани вақф қилинган садақа қилдим ё (ўзимга) ҳаром қилинган садақа қилдим ё абадийликка қолувчи садақа қилдим», деганга ўхшаш ёки «шунча нарсани сотилмайдиган ва мерос қўйилмайдиган садақа қилдим» деганга ўхшаш.

Вақф ҳақида Қуръони каримда ва ҳадиши шарифларда даллиллар  келган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда :

«Эй иймон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар. Нопокни қасд этиб садақа қилманг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчи эмассиз, магар кўз юмсангизгина оласиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ бой ва мақталган зотдир».

( Бақара сураси 287 оят)

Ушбу оятда мусулмонлар, авваламбор, ҳалол касб қилишга ва ўша ҳалол топган мол-мулкларидан, экиб ўстирган мева-сабзавотларидан садақа қилишга буюрилган. Зеро ҳар бир мулк одамларга Аллоҳ томонидан уларни синаш учун берилган омонатдир. Баъзи одамлар харом йўл билан пул топиш каби айбларини ювиш учун Худо йўлига садақа қиладилар. Бундай садақа Аллоҳга мақбул бўладиган садақа эмас. Зотан, Аллоҳ бой ва ҳеч бир нарсага муҳтож бўлмаган Зот. Одамлар садақа қилса ҳам ўз фойдаларигадир, ўзлари истамаган нарсани садақа қилсалар ўз зарарларигадир. Чунки, Аллоҳ ҳар қандай яхшиликни билади ва садақалар эвазига молларини зиёда қилиб одамларга қайтариб беришга Қодирдир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон одам боласи вафот этса, барча амаллари ундан узулади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ердаги вақфга тегишли гап «садақаи жориядир». Жорий садақа давомли садақа бўлиб, асосан, вақфдан иборат бўлади. Мусулмон киши кўпчилик фойда оладиган бир иш қилиб кетган бўлади, ана шундан кишилар фойда олиб турсалар, ўлганидан кейин ҳам унинг эгасига савоб етиб туради. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ислом таълимотларини яхши тушуниб, уларга яхши амал қилган пайтларида бардавом савобдан умидвор бўлиб, кўплаб вақфлар қилишган. Бева-бечора, фақир камбағаллар учун турли нарсаларни беришган. Тарихда энг биринчи вақф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Мадинада сотиб олинган ва бизнинг кунларда «Масжидун Набавий» номи билан машҳур масжид қурилган ер ҳисобланади. Кейинчалик мазкур эзгу ишга кўплаб саҳобаи киромлар ҳам қўшила бошлайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидинлар даврида давлатманд саҳобалардан вақф ташкил этмаганлари йўқ эди. Саҳобалардан кейин тобеинлар , табаʼ тобеинлар ҳам бу ишда бардавом бўлдилар ҳозирги кунимизгача бу улуғ иш етиб келгандир .

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки , ҳозирги кунда бизнинг Ўзбекистонда “Вақф “ ҳайрия фонди фаолият олиб келмоқда .  “Вақф “ ҳайрия фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний – маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида “ ги фармон асосида ташкил қилиндиган бўлиб унинг маблағлари 3 қисмга бўлинади :

1.Ҳайрия бўлими

2.Вақф бўлими

3.Закот , ушр , фитр ва фидя бўлими

Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг бинолар қуриш , таъмирлаш , реконструкция қилиш ва диний таълим муассасалари ўқтувчилари , тадқиқотчилари , ўқувчи ва талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб – қувватлаш , аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари , шу жумладан, имконияти имконияти чекланган ъшахсларни моддий ва маънавий  қўллаб – қувватлаш каби бир қатор ишларга сарфланади .

Шу кунгача фондга 5млрд 846 млн 810 сўм тушган бўлиб ундан 5млрд.193 млн. 230 минг сўмни 6500 нафар одамга тақсимлаб берилган . Аллоҳ таоло ҳайрия қилаётган инсонлардан ҳам , уни ўз эгаларига етказиб бераётган фонд раҳбарларидан ҳам рози бўлсин .

 

Хадичаи Кубро аёллар-қизлар ислом билим юртининг

4-курс талабаси Абдуҳалилова Маҳбубахон.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*