Нуҳ алайҳис салом ва у зотнинг қавмлари қиссаси.

Аҳли сунна вал жамоа айтади: “Шариат соҳиби улул азм расуллар бўлиб, улар 6 нафардир; Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммадлар (алайҳимус салом). Нуҳ алайҳис салом ёки «башариятнинг иккинчи отаси», «пайғамбарларнинг шайхи», деб ҳам номланади. У зот ширкдан огоҳлантирган, мустақил шариат ила келган биринчи, энг кўп умр кўрган инсон ва пайғамбардирлар. Нуҳ алайҳис саломнинг табиати карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғрисўз, омонатли, меҳрибон одам эди. Исмлари Қуръони Каримда кўп зикр қилинган пайғамбарлардан бўлиб, 43 жойда эсга олинган. Насаблари Одам алайҳис саломга бориб тақалиб, улар Одам (алайҳис салом) нинг тўққизинчи ёки ўнинчи авлод набиралари ҳисобланадилар.  Баъзи манбааларда Одам алайҳис салом ва Нуҳ алайҳис салом орасида 1000 йил, бошқа бирида эса 2000 йил ўтган деб келтирилган. Аллоҳ таоло одам алайҳиссаломни жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётларига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касбу кор ўргандилар. Одамлар, улар ( Одам алайиссалом) келтирган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишар эди. Одам авлодини хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолатга тоқат қилолмади. Кишиларни ширкка чақиришга ва бут санамларга ибодат қилдиришга урина бошлади. Одам алайҳиссаломнинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор , солиҳ кишилар бор эди. Уларни атрофидагилар яхши кўришар, ҳурмат қилишар эди. Вақт-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг шайтон қолган кишилар орасида васваса қилиб: ”Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларингизни ҳақиқатдан яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласангиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар”. Одамларга бу гап ёқиб тушди. Аввал бошда суратга қараб, уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларига қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишар эди. Лекин солиҳ кишиларнинг баракаси деб, ҳайкалларни ҳурмат қилишар эди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, иззат икроми ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.  Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “ Нуҳ алайҳис саломнинг қавмларида бўлган бутлар кейинчалик арабларда бўлган эди. «Вад» деган бут Давматул Жандал деган жойга қўйилган бўлиб, Қалб қабиласига қарашли эди. «Суво» деган бут Ҳузайл қабиласиники, «Яғус», аввал Мурод қабиласиники, кейин Бани Ғатиф қабиласиники бўлган эди. У Жавф деган жойда  эди. «Яъуқ» деган бут Ҳамдон қабиласиники, «Наср» эса Оли Зил-Кало подшоҳлигидаги Ҳимяр қабиласиники эди.”  Кейинги авлодлар оталари ўз ҳайкалларини улуғлаётганини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганларини кўриб вояга етди. Охир- оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундоқ қилиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни ҳудо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошаладилар. Яратаган Холиқни қўйиб, тошдан, лойдан, ёғочдан бўлган ҳайкалларга сиғиниш катта хато ва зулм эди. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган улкан гуноҳ эди. Ана шунда Аллоҳ бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун пайғамбар юборишни ирода қилди. Аллоҳ таоло пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини хоҳлади. Чунки, пайғамбар Аллоҳ таолонинг фармонларини етказиш билан бирга, ўз ҳаётига татбиқ қилиб, ўрнак бўлиши ҳам зарур эди. Агар пайғамбар фаришта бўлса, одамлар бу-фаришта, биздан устунлиги бор, шунинг учун фармонларни бажриши ҳам осон, биз эса бажара олмаймиз, дея баҳона қилишлари мумкин эди. Шунинг учун, Аллоҳ таоло одамларга ўзларидан чиққан, ўзларига ўхшаш бир одам пайғамбар бўлса, бундай баҳонани пеш қила олмайдилар, деган мақсадда ирода қилди. Ўша замону маконда яшаган кишилар ичида бой, зодагонлари кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғри сўз, омонатли, меҳрибон одам эди. Аллоҳ таоло у кишига ваҳий юбориб, ўз қавмини динга чақиришга буюрди. Нуҳ алайҳиссалом, мен сизга пайғамбар бўлдим деб мурожаат қилганда, баъзилар: « Бу қачондан бери пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эдику» дейишди. Нуҳ алайҳис салом қавмларини турли йўл билан динга чақирдилар.  “У: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади» (Нуҳ сураси 5-6-оятлар). Улар ўз куфрларида оёқ тираб туриб олдилар ва мисли кўрилмаган такаббурлик қилдилар. “Ва улар: « Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар ва албатта Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар”. Имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур фит-Тафсири бил Мансур» китобида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан қуйидагиларни ривоят қилади; «Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳис саломни қирқ ёшлигида пайғамбар қилиб юборди. У ўз қавмини 50 йил кам 1000 йил аллоҳга даъват қилди. Тўфондан кейин 60 йил яшади, ҳатто одамлар кўпайиб, кенг дунёни тор қилдилар». Кофирлар эса шунча йиллар ўтса ҳам иймонга келмадилар. Уларнинг иймонга келишига ҳеч қандай умид қолмагач, ҳамда уларнинг ўта кетган саркашлигини, залолатга маҳкам ёпишиб олганларини, уларга ваъз насиҳат таъсир қилмаслигини англаб етгач, Аллоҳ таолога нидо қилиб, ўша нобакор қавм билан ўз ораларини очиқ қилиб қўйишини сўрадилар. «Улар билан орамизда ҳечқандай алоқа қолмайдиган қилгин», деб. Ниҳоят, Нуҳ алайҳис салом ўзларига ва у зотга эргашган мўминларга нажот сўраб: «ва мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин», деб дуо қилдилар. “Ниҳоят, Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар бир жуфтдан иккитадан ҳамда аввал у ҳақда сўз кетган кимсадан бошқа аҳлингни ва ииймон келтирганларни ол», дедик. У билан биргафақат жуда озчилик иймон келтирган эди” (Ҳуд сураси, 40-оят).  Эски тафсир китобларида Жудий тоғи қаерда эканлиги ҳақида турли ривоятлар келтирилган. Лекин илмий асосда исбот қилинмаган. Ҳозир у тоғ Туркиянинг Арарат тоғи (Арманистон тоғ тизмасида жойлашган)  ҳудудларида эканлиги аниқланган. У ерда мазкур кеманинг қолдиқлари ҳам топилган. Нуҳ алайҳис саломга хотини ва бир ўғлини кемага олмаслик амр қилиган эди. Тўфон бошланган пайтда, Нуҳ алайҳис салом ўғилларидан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар ва оталик меҳри устун келиб: “Ва у (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўглига: «Эй ўғилгинам! Биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», -дея нидо қилди” (Ҳуд сураси, 42-оят). Кофир ўғил улуғ пайғамбар бўлмиш отанинг гапини эшитиб туриб ҳам, бостириб келаётган даҳшатли тўфонни кўриб туриб ҳам: “У деди: «Тоққа жойлашиб оламан, мени сувдан сақлайди». (Нуҳ) «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. (Ўзи) раҳм қилгандан бошқани», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди”. (Ҳуд сураси, 43-оят). Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Нуҳ алайҳис салом билан нажот кемасида 80 киши ўз оилалари билан бўлган. Улар кемада 150 кун бўлганлар. Вақти-соати етиб тўфон тинчиди. Дунёни сукунат босди. «Эй ер, сувингни ютгин! Эй осмон, ўзингни тутгин!», -дейилди. Сув қуриди. Иш битди”. (Ҳуд сураси, 44-оят) Ҳаммаси Аллоҳнинг амри ила бўлди.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси Алимова Робия.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*