Бир лафзда айтилган уч талоқ

Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ таолони энг кўп ғазаблантирадиган нарса талоқдир. Мусулмоннинг бир оғиз ийжоби ва қабули билан икки бегона инсонлар бир-бирларига маҳрам ва ҳалол бўлиб қоладилар. Худди шунингдек инсон бир оғиз талоқ сўзи билан ёки унинг маъносига киноя йўли билан бўлса-да далолат қиладиган сўзлари билан никоҳни бутунлай йўққа чиқариши ёки ҳалоллигини нуқсонга учратиши мумкин.

Фиқҳий китоблардаги талоққа оид маслалаларни ўрганиб чиқилар экан, шариатимиз талоқ лафзини ишлатишнинг чегараларини, муносиб вақтини ҳам белгилаб берганига гувоҳ бўламиз. Аслида талоққа нисбатан “яхши” сўзини ишлатиш  нисбийдир. Шунга кўра аёлига талоқ беришга мажбур бўлган шахс талоқнинг энг яхши кўринишини танлаши лозим. Бу талоқ шариатда “Аҳсан талоқ” дейилади. Аёлига яқинлик қилинмаган поклик даврида бир талоқ бериш аҳсан талоқдир. Аёлидан ажралишни хоҳлаган инсон бир талоқ билан ҳам бу ишни амалга ошириши мумкин. Шу билан бирга у ўзини гуноҳ иш қилишдан ҳам сақлаган бўлади. Чунки бир лафзда икки ё уч талоқни ишлатиш бидъий талоқ ҳисобланиб, инсон бу иши учун гуноҳкор саналади.

Агар суннатга хилоф қилган холида бўлса ҳам уч талоқни бир лафзда айтса ёки бир покликда уч талоқни бўлиб-бўлиб айтса гуноҳ иш қилган бўлади. Шу билан бирга айтгани воқеъ бўлади. Яъни уч талоқ тушади ва аёли ундан катта боин талоқ бўлиб қолади. Энди улар қайта ярашишлари мумкин эмас. Қачон-ки ушбу аёл бошқа одамга умрбод яшаш нияти билан турмушга чиқиб, улар орасида ҳақиқий эр-хотин муносабати бўлса ва бу эр уни талоқ қилиб юборса ёки вафот этиб қолса шундагина аввалги эрига иккинчи эрининг иддасини ўтирганидан кейин янги никоҳ билан ҳалол бўлиши мумкин.

Саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг барчалари бир лафз билан айтилган уч талоқ уч талоқ ҳисобланишига ижмоъ қилганлар.

Тўрт мўътабар мазҳаб ҳанафий, шофеъий, моликий, ҳанбалий уламолари ҳам бир лафз билан айтилган уч талоқнинг уч талоқ ҳисобланишига бир овоздан иттифоқ қилганлар.

Бир лафзда айтилган талоқнинг бир талоққа ўтиши ҳақидаги фикрни Ибн Таймия ва у кишининг шогирдлари Ибн Қойюм биринчи бўлиб илгари сурганлар.

Бутун ислом уммати тарих давомида ижмоъ қилиб келган нарсага қарши чиқиб, уч талоққа турли йўллар билан чора топишга уринмаслик керак. Аксинча талоқ сўзини ишлатишдан олдин шариатга мурожаат қилиш лозим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим  муассасаси

 катта ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*