Ҳайвонларга зулм қилманг

Қуръони каримда ҳайвонларнинг 27 хил  зикр қилинган бўлиб, ҳатто баъзи сураларнинг номлари ҳайвон номлари билан номланган. Масалан, “Бақара” – сигир, “Намл” – чумоли, “Наҳл” – асалари, “Анъом” – чорва, “Фил” – фил кабилар.

Маълумки, ҳайвонлар инсонларнинг манфаат ва фойдалари учун яратилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик манфаъатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам. Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида чирой-жамол бор. Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз эта олмайдиган юртларгача кўтариб борадилар. Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади» (Наҳл сураси, 5 – 8-оятлар).

Демак, Аллоҳ таоло ҳайвонот оламини биз учун бир қанча фойда келтирадиган неъмат қилиб берганини эслатмоқда. Албатта, бунинг учун Аллоҳга шукр қилишимиз ҳамда улардан фойдаланишда зулм қилмаган ҳолда, эҳтиёткорлик билан тутишимиз лозим бўлади.

Абу Зарр ал-Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло: “Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Бас, сизлар ҳам бир-бирингизга зулм қилмангиз!…” деди» (Имом Муслим ривояти).

Зулмдан сақланиш нафақат бандалар билан, балки Аллоҳ таолонинг бошқа махлуқотлари билан бўладиган муомалаларида ҳам эътиборлидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан юзига тамға босилган эшак олиб ўтилди. Шунда у зот: “Менинг ҳайвонлар юзига тамға босган ва уларни юзига урганларни лаънатлаганим (ҳақидаги гапларим) сизларга етмаган эдими?!” дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши жуда қаттиқ чанқади. Излаб юриб бир  қудуқ топди ва сув ичиб чанқоғини қондирди. Шу вақт ташналикдан тупроқни ялаётган итни кўриб қолди. У қудуқдан ковушига сув олиб чиқиб, итни суғорди. Мана шу иши учун Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилди”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир аёл ўзининг мушуги туфайли дўзахга кирди. Чунки у мушукни қамаб қўйиб, на таом берди ва на ердаги нарсалардан ейиши учун қўйиб юборди. Оқибатда у озиб-тўзиб ўлиб қолди” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда “Уларни суҳбатларингиз учун курси қилиб олманглар”, дейилган. Яъни, бирор эҳтиёжсиз уларнинг устида ўтириб суҳбатлашишдан қайтарганлар.

Шулардан маълум бўладики, мўмин киши жониворларга зулм қилмаслиги, балки уларга ҳам раҳм-шафқат билан муомала қилмоғи лозим экан.

Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зулм (қилиш)дан қўрқинглар, албатта, у қиёмат куни зулмат бўлиб қайтур”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси Эшпўлатова Камола

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*