Ҳанафий олимларининг табақалари

Ҳанафий мазҳабининг кенг ёйиишига сабаб бўлган омиллардан бири бу шубҳасиз ҳанафий олимларининг сай-ҳаракатлари ва уларнинг ижтиҳодларидир. Уларнинг қилган хизматлари ва қолдирган асарлари динимиз аҳкомларини ўрганиш учун муҳим манбаа сифатида хизмат қилмоқда. Ҳанафий мазҳаби олимларини бир қанча табақаларга бўлиб ўрганадиган бўлсак қуйидаги тарзда таснифланади:

Биринчи табақа: Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфар ва булардан бошқа шоигрдлари каби мутақаддимлар (пешқадамлар) табақаси. Улар устозлари Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тузиб берган қоидалар асосида тўртта далил (Қуръон, суннат, ижмо, қиёс) лардан ҳукмларни чиқариб ижтиҳод қила оладилар ва гарчи айрим фаръий аҳкомларда хилоф қилсалар-да, аслий қоидаларда устозларига эргашадилар. Имом Молик, Шофиъий ва Ибн Ҳанбал роҳимаҳумуллоҳлар эса аслий қоидаларда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга эргашмасдан туриб, фаръий масалаларда хилоф қилишади. Юқорида зикр қилинган Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари табақаси, ижтиҳоднинг иккинчи табақаси деб юритилади.

Иккинчи табақа: Абу Бакр Аҳмад Хассоф, Абу Жаъфар Аҳмад Таҳовий, Карҳий, Шамсул-аимма Ҳалвоий ва Сарахсийлар каби энг катта мутааххир уламоларнинг табақаси. Улар асл ва фаръий масалада соҳиби мазҳабга хилоф қилмасдан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қилишга қодир кишилардир. Улар фақат соҳиби мазҳаб томонидан тақдим этилган қоидаларга биноан истинбот қилишади.

Учинчи табақа: Абу Бакр ибн Аҳмад Розий каби “тахриж” (мазҳаб асосчилари чиқарган қоидаларга таяниб, мазҳаббош мужтаҳид уламолар фикр бермаган масала ҳукмини истимбот қилиш) эгалари табақаси. Улар ижтиҳодга қодир бўлмай, асл қоидаларни яхши билиш билан олинадиган ўринларни пухта ўзлаштирганлари учун, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ёки унинг шогирдлари тарафидан нақл қилиниб, иккита нарсани эҳтимол қиладиган, мубҳам ва қисқа сўзларни тафсилоти билан айтишга лаёқати етадиган кишилардир.

Тўртинчи табақа: Абул-Ҳусайн Аҳмад Қудурий ва Бурҳониддин Марғинонийлар каби “таржиҳ” (мазҳаббош уламолардан ривоят қилинган масалаларни бирини бошқасидан устунлигини аниқлаш) соҳиблари табақаси. Улар ўзларининг “бу ривоят авло, бу ривоят ишончлироқ, бу хабар ёрқинроқ, бу қиёсга мувофиқроқ, бу инсонларга манфаатлироқ” каби сўзлари билан айрим ривоятларни биридан бошқасини устун қўя оладиган шахслар.

Бешинчи табақа: Муҳаммад Кардарий, Жалолиддин Ҳасирий, Насафий каби муқаллидлар табақаси. Улар энг кучли, кучли, заиф, зоҳир-ривоят, нодир-ривоятларни ўртасини ажратишга қодир бўлган фақиҳлардир. Ундан ташқари уларнинг асосий вазифаси ўз асарларига заиф ривоят ва қайтарилган, кераксиз сўзларни келтирмасликлардир.[1]

Мана шу даража фақиҳларнинг энг қуйи табақасидир. Булардан паст даражадаги барча кишилар ўз замонасининг фақиҳ уламоларига эргашишлари лозим. Ўзларича фатво беришлари асло дуруст эмас. Уларнинг вазифаси уламолардан эшитилган ривоятларни ёдлаб, ўша сўзни айни ўзини айтишлари жоиз. Мазҳабдаги қоидаларни ўрганмай туриб, уларга фатво бериш учун, ҳеч ким ҳақ-ҳуқуқ бермаган ва бераолмайди ҳам.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

талабаси  Х.Чўлпонова

[1] Лакнавий А. Шарҳул-Виқоя ҳошияси Умдатур-Риоя муқаддимаси. – 1336ҳ. – Б. 8.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*