Ҳанафий мазҳабининг ҳукм олиш усуллари

Ислом ҳуқуқининг асосий манбалари тўртта (Қуръон, суннат, ижмо, қиёс) бўлиб, бу борада буюк фақиҳлар ўзаро ҳамфикрдирлар. Қолган манбаалар бўйича мужтаҳидлар ўртасида ихтилофлар бор. Ҳанафий мазҳабнинг далиллари (манбалари) ўнга яқин бўлиб, бу далилларнинг айримлари бошқа мазҳабда топилмайди. Шу манбалар билан қисқароқ танишиб ўтамиз.

Ислом дунёсида барча ишлар учун биринчи ва асосий манба Қуръондир. Қуръон – Аллоҳ таолонинг ҳузуридан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга туширилиб, бизларгача шубҳа аралашмасдан мутавотир даражасида нақл қилинган ва қонунлаштириш учун барча мусулмонлар ўртасида унинг бирламчи манба эканлигида ҳеч ихтилоф бўлмаган китобдир.

Қуръондан кейин турадиган иккинчи манба албатта Суннат. Унинг шаръий таърифи бир нечта хил бўлиб, усули фиқҳ фани истилоҳида қуйидагича келтирилади.

Cуннат – Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари ва тақрирларидан иборат бўлиб, у Қуръон оятларини баён қилиб берувчи, умумий ҳукумларни хослаштирувчи, мутлоқларини қайдлаб берувчи сифатда асосий манба қаторида туради. Бундай вазифани Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг ўзи топширган. Бу хусусда Ҳақ таоло “Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар) ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик.”[1], деб марҳамат қилади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шариат юзасидан айтган барча сўзларига ваҳий деб қаралади.

Истинбот усулларидан учинчи манба Ижмо. У  Пайғамбмримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мусулмон мужтаҳид уламоларининг барчаси, бир шаръий ҳукм устида иттифоқ бўлишларидир. Таърифда айтилган барча шартлар топилган вақтда ижмо ҳосил бўлади ва юқоридаги манбалар каби қатъий далил мартабасида эътибор қилинади. Шунинг учун унга ҳеч ким хилоф қилмасдан ҳамма мусулмонларнинг бўйсиниши шарт. Унинг шаръий далил бўлишига тўртала мазҳаб соҳиблари нақлий ва ақлий кўплаб ҳужжатлар келтиришиб, барчалари мана шунга иттифоқ қилишган.

Шаръий манбалардан тўртинчиси Қиёс. У икки амал ҳукми, ўз иллатларида муштарак бўлганлиги учун, ҳукми ҳақида далил келмаган амални ҳукми ҳақида далил келган амалга таққослаш. Қиёс ҳам ижмо каби шаръий далиллардан бўлиб, ислом жамияти унга амал қилиши керак.

Бешинчи манба Истиҳсон. Бу манба тўғрисида бир нечта фақиҳлар таъриф беришган. Биз Ҳалвоний раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларини келтирамиз. Истиҳсон – у Қуръон ёки суннат ёки ижмодан иборат, қиёсдан кўра қувватлироқ бир далил келган вақтда қиёсни тарк қилиш.[2] Бу усул Ҳанафий мазҳабида жуда ҳам кўп қўлланган усуллардан. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳнинг айтишича: “Абу Ҳанифа ўз суҳбатдошлари билан қиёслашга ўтганда, улар унга қўшилиб мунозара қилардилар. Аммо истиҳсонга ўтаман деганда, истиҳсонда масалалар кўп бўлгани учун ҳеч ким унга қўшилмасди, сўнгра ҳаммалари тўхтаб унга бўйсинардилар. У Куфа олимлари фиқҳини яхши биларди”[3].

Олтинчи шаръий манба Саҳобалар сўзлари – Саҳобалар Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, У зотга имон келтириш билан бир муддат суҳбатлашишга муяссар бўлиб, мусулмон ҳолида ўтган кишилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлаётган оятларга шоҳид бўлиб, нозил бўлиш сабабларини ҳамда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан айтилган ҳадисларни нима учун айтилганлигини яхши тушинган кишилардир. Шунинг учун ҳам уларнинг ўртасида деярли ихтилоф чиқмаган. Бу нарсани яхшироқ ҳис қилган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи улар айтган сўз ва қилган ишларига кўпроқ эътибор бериб, ўз мазҳабларини шу асосда кучайтирдилар.

Еттинчи шаръий манба Урф. У жамият ўз ҳаёти мобайнида бирор сўз ёки амалга одатланиб, доим қилиб юрадиган нарсадур. Жамият ичида бу одат қилинган нарса саҳиҳ (шаръий) ва фосид (ношаръий) бўлиши ҳам мумкин. Саҳиҳ урф, у – барча моддий ва маънавий зарарларни олдини олиб, манфаатларга чорлайдиган, шариат андозасига хилоф келмайдиган одат. Фосид урф эса юқоридагининг акси бўлиб, халққа зарар келтириши билан бирга шариатга ҳам зид келади.

Саккизинчи шаръий манба Биздан олдингиларнинг шариъати. Бундан мақсад Аллоҳ таъало биздан олдинги умматларга буюрган ҳукмлари бўлиб, у Қуръон ёки ҳадисда айтиб ўтилган бўлади.

Тўққизинчи шаръий манба Истесҳоб. У асли бор нарсани бор деб ёки асли йўқ нарсани йўқ деб, ҳукм чиқариш. Масалан; бир кишига нисбатан, унинг ўғрилигига исбот далил келтирилмагунча, ўғри деб, ҳукм чиқарилмайди. Бу услуб билан инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол бўлишидан сақланмоқда. Ҳанафийлар наздида бу манба, асли бор нарсани мавжудлигини қолдириб, унга мухолиф нарсани бартараф қилиш учун, ҳужжат сифатида ишлатилади.

Муфтий агар бир масала ҳукмини юқоридаги манбалар асосида топа олмаса, ўша нарсани аслига қараб ҳукм чиқаради. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари мана шу манбалар асосида барпо қилинган ва тарқалган.

Барча фақиҳлар тоифаси ўзларига равшан бўлган далиллар билан ижтиҳод шартларидагина ихтилоф қилишганлар. Сулаймон ибн Абдулқавий Куфий Ҳанбалий ҳанбалийлар усули ҳақида ёзилган “Мухтасари равзо” шарҳида Билгинки, рай эгалари деб, ҳукмларда райни тасарруф қиладиган ҳамма кишига нисбатан ишлатилади. Бу нарса эса ислом уламоларини барчасини ўз ичига олади. Чунки уларнинг ҳар бири ўз ижтиҳодида назар ва райдан беҳожат бўлмайди”, деб айтганлар.[4]

Иброҳим Нахаий ва у зотнинг табақасидаги кишилар: “Рай аҳиллари барчаси суннат душманларидир”, деб айтган сўзлари билан, улар ақидада суннатга мухолиф хаворижлар, қадарийлар, мушаббиҳалар ва булар каби бидъат аҳли райини назарда тутишган. Фаръий аҳкомлардаги ижтиҳод маъносини эмас. Ҳолбуки Нахаийнинг ўзлари ҳам фаръий масалаларда рай аҳлидан бўлиб, ижтиҳод қилганлар. Ҳукмларни истинбот қилиш ўта масъулиятли ва жиддий меҳнат талаб қиладиган вазифа эканлигини уламолар кўп жойларда таъкидлашган.

[1] Наҳл сураси. 44-оят. 3-жуз. – Б.342.

[2] Зайдон Абдулкарим. Важиз. – Байрут, 2001. – Б. 230.

[3] Жўзжоний А.Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги. – Т. 2002. – Б. 127.

[4] Шайх Майс Халил. Эълоус-сунан китобига ёзган сўз боши. 1-жуз. – Байрут, 2001. – Б. 2.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*