Тавҳид илми

Бандалари ширк ботқоғига ботиб, бут-санамларга ибодат қилиб турган бир пайтда, Ўзининг суюкли Пайғамбари ила ҳақ йўлни кўрсатган ва бизни ҳам суюклиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Мушриклардан кўрган азиятларига сабр бардош ила собит қадам бўлган, фақат уммат қайғуси билан яшаган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога солавату дурудлар бўлсин!

 Аллоҳ таолони ёлғиз деб билиб фақатгина унгагина ибодат қилиш, Аллоҳ буюрган нарсаларда собитқадамлик ила қайтарган нарсалардан қайтиш эътиқоднинг асли ҳисобланади. Зеро, банда бу дунёга Аллоҳ таолони таниш ва Унинг ўзигагина ибодат қилиш учун яратилган. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

و ما خلقت الجن و الانس الا ليعبدون[1]

“Мен жинлар ва инсонларни фақат ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим[2]

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолони таниш, Унинг бирлигини тасдиқловчи илм ақида илмидир. Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа илмлар унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир. Асос бўлмаса ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди.

Сўфи Оллоёр ҳазратлари:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдир![3]

деб ақидага аниқ ва тўғри баҳо берган.

Шу сабабли ҳам жанобимиз Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг аввалги ўн уч йилини ақидани тўғрилашга бағишладилар. Чунки, авваламбор ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳ таолонинг Зоти ва сифатлари, тавҳид, дунё ва охират тўғрисидаги  исломий ғоялар, тақдир масаласи, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах, фаришталар,  илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, одоблари ўрнашиши керак эди.

Сўнгра пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинган.

Мазкур фикр мулоҳазалар шуни кўрсатадики, ҳар бир мусулмон ўзини Ислом уммати дея атар экан, албатта, ширкнинг ҳар қандай кўриниши ва турларидан, у кичик бўладими катта бўладими сақланиши лозим ва шартдир.

Бугун биз Аллоҳ таоло тинчлик ва осойишталик неъмати билан сийлаган заминда яшамоқдамиз. Виждон, эътиқод эркинлиги қонун билан ҳимояланган, халқи олийжаноб, ҳамжиҳат бўлган элатда истиқомат қиламиз.

Бу замин Ислом уммати учун қанчадан-қанча забардаст олиму-уламоларни тарбиялаб берган. Ўтмишдан маълумки, ислом дини Шарқ ўлкаларида тарқалиб Ўрта Осиё халқларининг асосий динига айланганидан кейин, Мовароуннаҳр ҳудуди ислом таълимоти тарқалиши ва шариат илмлари, айниқса, фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, шунингдек, араб тили ва унга тегишли фанлар ривожининг марказига айланди. Хоссатан ақоид илми имомлари Имом Мотуридий, Имом Насафий, Сўфи Оллоёр каби кўплаб пешволарни санаш мумкин.

Ақоид илмига доир бўлган масалалар ҳар доим изланишлар марказида бўлиб келган. Зеро, унинг долзарблиги ҳеч қайси замонда ўз кучини йўқотмаган. Мазкур илм муайян даврларда пайдо бўлган ботил ғоялар ва фирқаларга нисбатан раддия ўлароқ юзага келган.

Ширк тушунчаси ҳақидаги шаръий манбаларда келган таъриф ва маъноларига ўтишдан олдин унинг илмий эътиборда шаклланган таърифини келтириб ўтсак. Шарқшунос олимлар наздида ширк – арабча شرك сўзидан тўғридан-тўғри, таржима қилинмасдан олинган истилоҳ бўлиб, ислом динидаги политеизм консепсиясидир. Монотеизмни уқтирувчи тавҳид тушунчасига тескари маънони ифодалайди.

Ширк — Аллоҳнинг шериги бор деб билиш, кўпхудолилик. Исломга кўра, Аллоҳдан бошқани “илоҳ” деб билиш, шунингдек, бутлар ва одамларга сиғиниш катта гуноҳ, куфр ҳисобланади. Аллоҳдан ўзгага топинувчилар мушриклар ҳисобланади. Қуръонга кўра, ширк кечирилмайдиган гуноҳдир. Истеъмолда кофирни мушрик, мушрикни кофир, деб аташ мумкин. Бу иккита лафзнинг фарқли жиҳатларини қуйида батафсил келтирамиз.

Берилган мазкур таъриф луғавий жиҳатдан тўғри бўлса ҳам, ширкнинг ҳақийқатини тўла очиб бера олмайди. Шунинг учун ҳам шаръий манбаларда келган ширк таърифларини келтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Умумий маънода ширкнинг ҳақиқати, Аллоҳ Ўзининг Олий Зотига хос қилган ҳамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни инсоннинг бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат беришидир.

Мисол учун, ўша махлуққа сажда қилиши, унга атаб жонлиқ сўйиши, назр қилиши, шиддатга тушганда ёки мусибатда ёрдам сўраши ва уни ҳар жойда ҳозир, деб эътиқод қилиши ҳамда тасарруф қудрати бор, деб ўйлашидир.

Буларнинг ҳаммаси ширкдир[4].

Имом Валиюллоҳ Деҳлавий наздида ширкнинг ҳақиқати – “Инсоннинг баъзи улуғлаштирилган одамлардан содир бўлган ажойиб ишларини унинг камолот сифатларига эга бўлгани учун содир бўлди, деб эътиқод қилишдир.

Чунки, бу нарса башар жинсидан содир бўлиши мумкин эмас эди. Балки, Аллоҳга хос эди. Бу хусусият Аллоҳдан бошқада йўқ бўлиб, У бошқа эса ўз зотида фано бўлур, фақат Аллоҳнинггина Зоти қолур[5]”.

Демак, шунга кўра ширкнинг шаръий тушунчаси – Махлуқни Роббил оламийнга беш ишдан бирида тенглаштиришдир. Яъни, Аллоҳнинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва ҳукмларида шерига бор, деб эътиқод қилишдир.

Хулоса ўрнида шундай деймиз, тавҳид ва ширкка берилган таъриф, оят ва ҳадислар Ислом Аллоҳни бир деб билиш билан ҳосил бўлишини кўрсатади. Зеро, тавҳид – бу ҳар бир мусулмоннинг ўзининг ҳаётида машғул бўладиган нарсаси. У ҳаётини тавҳид билан бошлаб ва ҳаётини мана шу тавҳид билан тугатади. Унинг бу ҳаётда бўлган мақсади мана шу тавҳидни ва унга бўлган даъватни барпо қилишдир. Чунки тавҳид эътиқоднинг асли бўлиб, мўминларни бирлаштиради ва мана шу калимаи тавҳидга  ҳаммаларини жамлайди.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

              Ислом билим юрти 4-курс   

талабаси Ирода Нодирова

[1] Қуръони карим. – Т.: “HILOL-NASHR” нашриёти, 2018. – Б.523. Зориёт сураси, 56-оят.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент.: Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси,  2004. – Б.523. Зориёт сураси, 56-оят.

[3] Сўфи Оллоҳёр. Саботул-ожизийн. – Т.: “Чўлпон”, 1991. – Б.8.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Руҳий тарбия – покланиш, Ж-1. – Т.: “HILOL-NASHR”, 2016. – Б.310.

[5] Имом Валиюллоҳ Ҳужжатуллоҳил болиға. – Байрут: “Дарул Жайл”, 2005. – Б.29.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*