Василанинг моҳияти ва ҳукми

Ислом илмлари соҳаларидаги муҳим тортишувли масалалардан бири васила масаласидир. Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга восита бўладиган ҳар бир нарса ҳисобланади. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Пайғамбар алайҳиссаломлар, саҳобаи киромлар ва бошқа муқарраб бандаларнинг зоти ва ҳурматларини васила қилиб дуо қилиш жоиз ва рухсат берилган амаллардандир. Қуйида мазкур мавзуга оид қарашлар ва уламоларнинг бу борадаги далиллари билан танишамиз.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васийла ахтарингиз[1]».

Абул Жавзодан ривоят қилинади:

«Мадинада қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Бас, у(Мадиналик)лар Оиша розияллоҳу анҳога шикоят қилдилар. Шунда у (Оиша онамиз): «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига қаранглар ва ундан осмонга туйник қилинглар. У билан осмон орасида шифт қолмасин» дедилар. Бас, шундай қилдилар ва ёмғир шу даражада ёғдики, ўтлар ўсиб, туялар семирди ҳатто ёғлари отиллиб чиқди ва фатқ йили деб номланди»[2].

Бу масала борасида ҳанафий фиқҳи китобларида шундай ёзилган:

“Киши ўз дуосида: “Фалончининг ҳаққи ёки Сенинг Пайғамбаринг ва Расулинг ҳаққи ила” деб дуо қилиши макруҳ бўлади. Чунки, махлуқнинг Холиқнинг зиммасига вожиб бўлган ҳаққи йўқдир”. Ушбу матндан мақсад васила қилувчи: “Ўша буюк шахслар ҳаққидан Аллоҳ таолога дуоимни қабул қилиши вожиб бўлади”, деган эътиқодда васила қилиш ботил ва фосиддир. Чунки, Аллоҳ таолонинг зиммасига махлуқнинг бирор ҳаққи вожиб бўлмайди. Аллоҳ таоло томонидан бандаларга бериладиган нарсалар эса, бандаларга Аллоҳнинг фазли ва иноятидир. Зеро, Аллоҳ таолонинг зиммасида бандаларнинг бирор ҳаққи йўқдир.

Василанинг кўриниши: “Эй, Аллоҳим! У яхши ва мақбул банданг туфайли менинг бу дуоимни қабул қилгин ва мени фалон ҳожатимни раво қилгин”.

Баъзи уламолар юқоридаги каби васила қилишни инкор қилиб: “Ўзининг бирор яхши амалини  васила қилган ҳолда дуо қилиши дурустдир” деганлар. Бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирганлар:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, (уларнинг ғорига) тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига:

“Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила қилиб Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса”, дебдилар.

Улардан бири:

“Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек, сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар Сен шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик”, деди.

Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.

Бошқаси эса: “Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб, икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз:

“Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!” деди.

Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч”, деди.

Бас, яна тирқиш очди.

Учинчи киши: “Эй бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг:

“Ҳаққимни бер”, деди.

Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуруч(шоли)ни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар орттирдим. У қайтиб келиб:

“Аллоҳдан қўрқ!” деди.

Мен унга:

“Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер”, дедим. У:
“Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!” деди.

“Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер”, дедим. У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор”, деди.

Бас, Аллоҳ очиб юборди”, дедилар”.

Бошқа бир ривоятда:

“Чиқиб, юриб кетдилар”, дейилган.

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Баъзи бир уламолар ушбу ҳадисни далил қилишиб, яхши амалларни васила қилса бўлади, лекин шахсларни эмас дейдилар. Ва яна баъзи олимлар тирик шахсларни васила қилишни жоиз санаб, вафот этганларни васила қилишни дуруст эмас деганлар. Лекин, василасиз Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилмайди деб, эътиқод қилмаслик даркор. Ва яна Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳамда валиюуллоҳларни васила қилиб қилинган дуони қабул қилиш Аллоҳга лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда бўлмаслик керак. Балки, муқарраб бандаларни васила қилиб дуо қилинса, ижобатига умид зиёдароқ бўлади, деб эътиқод қилиш лозимдир.

 

4-курс талабаси

Нодирова Ирода

[1] Моида сураси, 35 оят.

[2] Доримий ривояти.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*