Телевизор бўлишни хоҳлайман

Муаллима аёл бошланғич мактаб ўқувчиларидан Аллоҳ таолодан улар нимани хоҳлашлари ҳақида иншо ёзишларини сўради. Сўнгра муаллима аёл уйига қайтди ва ўқувчилар ёзган матнларни бирма бир ўқий бошлади. Матнлардан бири муаллимага қаттиқ таъсир қилди ҳаттоки, кўзлари ёшланди. Шу пайт уйга турмуш ўртоғи кириб келди ва ундан нимага йиғлаётгани ҳақида сўради. Муаллима: «Ўқувчилардан бири ёзган мавзу эътиборимни тортди. Яхшиси уни ўзингиз ўқиб кўринг» деб, қўлидаги вароқни узатди.

Унда қуйидаги жумлалар ёзилган эди: «Илоҳим! Сендан жудаям хос бўлган бир нарсани сўрайман. Мени телевизорга айлантириб қўйгин! Мен уни ўрнида бўлишни, у каби яшашни хоҳлайман. Унинг хос ўрнида бўлишни, оилам эса, атрофимда айлана бўлиб ўтиришларини, ҳамма айтган сўзларимни жиддийлик билан қабул қилишларини, уларнинг эътибор марказларида бўлишни, ҳар бир берган саволларимни бўлмасдан эшитишларини хоҳлайман. Яна, отам ишдан уйга қайтган пайтларида, гарчи чарчаган бўлсалар ҳам, мен билан суҳбатда бўлишларини хоҳлайман. Шунингдек, онам гарчи чарчаган бўлсалар ҳам мен билан қизиқишларини хоҳлайман ва ака-укаларимнинг ҳар бири мен билан гаплашиб, ўйнашга ошиқишларини хоҳлайман… Бу охиргиси. Йўқ, йўқ охиргиси эмас. Аллоҳим Сендан яна бир нарсани сўрайман. Эй, Аллоҳим! Ўзинг мени уларни хурсанд қилишга қодир қилиб қўйгин! Уларни ҳаммаларига меҳрибон бўлишга қодир қилиб қўйгин. Эй, Роббим! Албатта, мен Сендан кўп нарса сўрамадим. Фақатгина телевизор каби яшашни хоҳлайман».

Матн шу сатртлар билан тугаган эди. Муаллиманинг турмуш ўртоғи ўқиб бўлиб: «Аллоҳим! Қандай ҳам бечора болакай, бу боланинг ота-онаси қандай ҳам ёмон-а?!» деб юборди. Бу сўзларни эшитган муаллима яна ҳам қаттиқроқ йиғлаб: «Бу мавзуни ёзган бизнинг ўғлимиз», деди.   (Али Тантовий ҳикояларидан таржима)

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси 2-курс

 талабаси Олимжонова Зироат

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*