Муслиманинг либоси қорами?!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Ҳар гулнинг ўз иси бор, Ҳар элнинг ўз туси бор” деб доно халқимиз бежиз айтмайди. Миллий маънавиятимизнинг бош мезонларидан бири халқимизда, хусусан, ёшларимизда миллий ғурур ҳиссини шакллантиришдир. Бу ҳиссиёт улар ҳаётининг барча жабҳаларида ўзининг сезиларли таъсирини ўтказиши лозим. Инсоннинг турмуш тарзи, ўрнатган муносабатлари, фаолияти ва энг асосийси ташқи кўринишида миллийлик жўш ўриб туришига нима етсин.

Ислом дини таълимотларида ташқи қўриниш ва либосга катта аҳамият берилган. Либос бу – Аллоҳ Таолонинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға бўлмайди. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади «Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси: 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Ислом дини таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари қўйидагиларда мужассам бўлади:

  1. Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим.
  2. Ҳаддан зиёд тор либослар кийиш мумкин эмас. Тиббиётда ҳам Тор либос қон айланиш тизимига жиддий зарар етказиши исботланган. 
  3. Аёл кишининг эркаклар каби дағал кийинмаслиги, эркак кишининг унинг фитратини нозиклаштирадиган либослардан узоқлашишига чақирилади.
  4. Кийим ҳарид қилишда ҳаддан ошмаслик, одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик мақсадга мувофиқ.  Бу инсоннинг бошқаларни менсимаслик ва юлдузлик касаллигига сабаб бўлади. Бу маънавий иллатлар сирасига кирувчи энг зарарли хислатлардан биридир.
  5. Либос кийишда ўнг томондан кийиш суннатдир. Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) айтадилар: «Набий алайҳиссаломга покланишда (яъни, таҳорат ва ювинишларда), соч тарашда ва оёқ кийим кийишда ўнг томондан бошлаш ёқар эди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда фақат пойабзал кийиш зикр қилинган бўлсада, ҳадисда тилга олинган суннат бўлмиш ўнг томондан бошлаш бошқа турдаги либосларни кийишга ҳам тааллуқли ҳисобланади. Уламоларнинг таъкидлашларича, овқатланиш, кийиниш ва ҳоказолар каби инсоннинг каромати ва обрўсига далолат қиладиган ишларда ўнг қўлни ишлатиш ёки ўнг томондан бошлаш мустаҳабдир.
  6. Оқ ва оч рангдаги либосларнинг афзаллиги. Абдуллоҳ  ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар: «Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у либосларингизнинг энг яхшисидир…. (Ва маййитларингизни ҳам унга (яъни оқ рангли матога) кафанланг!)» (Абу Довуд ривояти).
  7. Кийимларни пок тутиш лозимлиги. Ислом дини поклик динидир. Бу поклик маънавий ва моддий покизаликни тақозо этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Муддассир сурасида Набий алайҳиссаломга қарата ва у киши орқали бутун инсониятга хитоб қилар экан: «Кийимларингни пок тут!», деган.
  8. Кийим кийишда айрим дуоларни ўқишнинг савобли эканлиги.
  9. 9. Инсоннинг устида яъни либосида Аллоҳ неъматининг асари кўриниб туриши. Агар кимгадир Аллоҳ кенгчилик ва давлат ато этган бўлса, у инсон ўзининг имконияти ва мақомига мос равишда яхши кийимлардан кийиши, ташқи кўринишига эътибор бериши, покиза ва ораста кийиниши мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирон кимсага неъмат ато этган бўлса, ўша инсонда мазкур неъматнинг асари ва аломати кўриниб туришини яхши кўради. Абул Аҳвас номли саҳобий ўз отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига паст (эскириб кетган, увада) кийимларда келдим. Шунда у киши менга «Сенинг мол-давлатинг борми?», дедилар. Мен: «Бор!», дедим. «Нималаринг бор?», сўрадилар яна Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Мен: «Аллоҳ менга туя, қўй ва отлар ҳамда қуллар ато қилган», дедим. Буни эшитгач, Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ сенга мол-дунё ато қилган бўлса, Унинг сенга берган неъмати ва икромининг асари кўриниб турсин!», дедилар (Абу Довуд ривояти).

“Ҳаё имондан” экан, ҳулқимизни зийнатлайдиган гўзал либосларимиз эътиқодимиз кўрки бўлишлигини Аллоҳдан сўраб қоламиз!!!

PhD Нозима Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*