ЎЗБЕКИСТОНДА АЁЛЛАРНИНГ ДИНИЙ МАЪРИФАТИНИ КУЧАЙТИРИШ

Ўзбекистонда мустақилликка эришганидан сўнг ислом динига кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, Ўзбекистондаги мусулмонларнинг ибодат қилишлари ва диний таълим олишлари учун зарурий чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, ўзбекистонлик муслима қизлар учун ислом динини расмий диний таълим муассасаларида асл манбалардан ўрганишлари йўлга қўйилди.

Ўзбекистонда мусулмонларга оид масалаларни тартибга солувчи “Ўзбекистон мусулмонлари идораси” тасарруфида 3 та диний таълим муассасаларида аёл-қизларга исломий таълим берилади. Булардан иккитаси ўрта махсус таълим муассасаси бўлиб, улар Тошкент шаҳридаги Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ва Бухоро шаҳрида жойлашган Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртлари ҳисобланади. Мазкур босқичдан сўнг диний таълимни давом эттириш истагидаги муслима қизлар олий диний таълим муасасаси бўлган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг аёл-қизлар бўлимида давом эттиришлари мумкин.

Аёл-қизлар учун мўлжалланган диний таълим муассасаларида турли мусулмон давлатларининг кўзга кўринган олий ўқув юртларида таълим олган ёҳуд ўз малакасини оширган  етук кадрлар таълим берадилар. Таълим дастурига кўра, Қуръони карим ва тажвид, тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, ислом тарихи каби фанлар мутахассислик сифатида манбаларга асосланган ҳолда ўргатилади. Талабаларнинг мутахассислик фанларидан олган билимларини мустаҳкамлаш ҳамда малака ва кўникма ҳосил қилиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан бир қатор кўрик-танловлар ташкил этилади. Талабаларни кўллаб-қуввтлаш мақсадида кўрик-танлов иштирокчилари ва ғолиблари муносиб тақдирланади. Ўтган 2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати раиси президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан Қуръони карим мусобақалари ташкил этилди. Мазкур мусобақаларда аёл-қизлар ҳам босқичма-босқич сараланиш имкониятига эга бўлдилар. Вилоят босқичи ғолибалари диний таълим муассасаларига танловсиз қабул қилинган бўлсалар, кўрик-танловнинг якуний республика босқичи ғолибалари эса ўз оилалари билан умра сафарларига йўлланма олдилар. Куръони карим кўрик-танловининг республика босқичи Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида тантанали равишда ташкил этилди.

Диний таълим муассасаларидаги кам таъминланган  толиба қизларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилади. Буни йиллик ўқув шартнома пулларини тўлаб бериш,  Қуръони каримни тўлиқ ёд олган қория қизлар ёки бошқа иқтидорли қизларни рағбатлантирилиши мисолида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда, шунингдек, диний маърифатни янада кучайтириш ва аждодларимиз каби муносиб авлодни тарбия қилиш мақсадида ҳадис илмий мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази каби муҳим ташкилотларга асос солинди. Бу эса ўзбекистонлик аёл-қизларни ҳам олий таълимдан кейинги таълим босқичларида ўз илмий фаолиятларини давом эттириш имкониятини беради. Келажак авлод тарбияси жамиятдаги аёл-қизлар қўлида экан, аввало, уларнинг диний маърифати ва дунёқарашига эътибор қаратиш ҳамда уларга намунали даражада бўлишлари учун имкон яратиш истиқболдаги ҳар қандай ноҳуш воқеаларни олдини олишга ёрдам беради, деб умид қиламиз.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом билим юрти мудираси

Нозима Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*