Исломда инсон қадри ва ўлим ҳақиқати

Инсон коинотнинг гултожи сифатида Аллоҳнинг махлуқотлари ичида яратган бандасидир. Аллоҳ таоло уни руҳ ва жисмдан таркиб топтирди. Уни Ўз тарафидан руҳ киргизиш билан мукаррам қилганидек, танасини Ўз қудрат қўли билан ясаш ила улуғлади. Ўша руҳнинг мазкур тана ичида бўлган муддати инсоннинг ҳаётидир. Инсон ана ўша руҳ ва жисми ила фаришталар саждасига сазовор бўлгандир. Жон жисмдан чиқар экан, ҳар бири ўз асли тараф жўнайди. Руҳ Аллоҳ таолонинг ҳузурига, тана эса ерга. Бу ҳодиса инсонларнинг тилида “ўлим” дея аталади. Инсон ҳаётга келар экан, ўлим сари юради. Ҳар бир ўтган лаҳзаси уни ўлимга яқинлаштиради. Унинг чинакам, абадий ҳаёти ўша ўлим билан бошланади.

Инсоният жисм, руҳ, ўлим ва унга оид тушунчаларда қадимдан турлича бўлиб келган. Жисм, руҳ, ўлим ва унга оид нарсаларга бўлган муносабатларида ўша тушунчаларига  асосан тасарруф юритиб келишган. Бировлари маййитни ёқиш керак, деса, бошқаси қайнатиб суягини ажратиб кўмиш керак, дейди. Кимлардир инсон ўлганидан кейин тупроққа айланади ва мутлақо йўқ бўлиб кетади, деса, кимлардир руҳ танадан танага кўчиб юради, дея эътиқод қилишади ҳамда инсонга ўша тушунчаларидан келиб чиққан ҳолда муносабатда бўлишади. Аммо Аллоҳ таолонинг дини бўлмиш Исломда бу хусусдаги таълимотлар энг тўғри ва мукаммал тарзда баён қилинган. Бинобарин, ўлим ва унга боғлиқ ишлар ҳам энг тўғри ва афзал тариқада йўлга қўйилган.

Ислом таълимоти бўйича, инсон вужуди мукаррамдир. Унинг жавҳари бўлмиш руҳи улуғланиши лозим бўлганидек, танаси эъзозланиши ҳам шартдир. Шу нуқтаи назардан, Исломда инсон танасининг тарбияси ҳамда муҳофазаси фарз қилингандир. Жисмни пок тутиш, уни парвариш қилиш, зиён-заҳматдан асраш жисмнинг ҳаққи сифатида ҳар бир мусулмоннинг вазифасига айлантирилган. Инсон ўз жисмига зарар етказишга ўзи ҳам ҳақли эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Ос розияллоҳу анҳуга “…Жасадингни сенда ҳаққи бор…”, деганлар.

Динимизга кўра, баданни поклаш ибодатдир, иймон жумласидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Поклик иймоннинг ярмидир” деганлар.

Исломда инсон танаси қадрланишининг асосий намуналаридан бири сифатида инсон вафоти муносабати билан боғлиқ амалларни айтиш кифоя. Инсон жон таслим қилиб, тана ўлик ҳолга тушганидан кейин ҳам, Ислом шариати бўйича, жонсиз жисм ҳам ўзига яраша ҳуқуқ ва ҳурматга эга ҳисобланади. Уни тириклигидагидек поклаб, барҳаёт инсондан-да кўпроқ эҳтиром қилинади. Мусулмон киши вафот этаркан, унинг жонсиз танасини ювиб, поклаш, ўзининг асли бўлмиш тупроққа олиб бориш барча мусулмонларнинг зиммасига фарз бўлади.

Буюк Мовароуннаҳр диёри аҳолиси ҳам Ислом дини билан мушарраф бўлган онлардан бошлаб, бу диннинг барча таълимотларини ўз ҳаётига татбиқ қилиш билан бахту саодатга эришган ва бутун оламга устоз даражасига кўтарилган. Бизнинг азиз халқимиз Исломнинг барча ҳукмларини ўзида мужассамлаштиришда ўлим ва унга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Ҳатто кейинги даврлардаги динга қарши тузум қўл остида яшаган қора кунларида ҳам Исломнинг кўплаб аҳкомларини бажара олмай қолган бўлса ҳам, инсон вафоти билан бўғлиқ амалларни тарк этмаган. Бу амаллар халқнинг миллий қадрияти, сўнмас урф-одатига айланган.

Инсоннинг она қорнидаги нутфа ҳолидан тортиб, эт-суякли бўлиб ривожланиши, туғилиши, нафас олиши, юриш-туриши, ҳаракатда бўлиши, вақти-соати билан ҳаётдан кўз юмиши илоҳий мўъжизадир.

Ўлим Ҳақни англамаганлар хаёлига ўрнашиб қолганидек, ҳаётнинг тугаши эмас, балки фоний дунёдан боқий дунё сари қилинган бир кўчишдир.

Инсоннинг яралиб, умр кечириб, вафот этиши бир жараён. Мазкур жараён ўлимдан сўнг ҳам давом этади. Бу эса охиратнинг борлигига, ўлимдан сўнг қайта тирилиш ҳақлигига ақлий далилдир. Шундай экан, мўмин инсон ўлимдан қўрқмаслиги, бу барчанинг қадаридаги битик эканини унутмаслиги ҳамда унга тайёргарлик кўриб бориши лозим.

Буюрилган амалларни сидқидилдан бажариш, исломий йўл-йўриқ, қоидаларга бўйин суниш, ўзининг ҳамда ўзганинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш кўзланган мақсадга мувофиқдир.

Динимизда бу ҳақ-ҳуқуқлар мукаммал даражада белгиланган. Ислом дини инсон ҳуқуқлари нафақат ижтимоий ҳаётда, балки вафотидан кейин ҳам амалда бўлишини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқсак, вафот этган инсоннинг ҳам ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари мавжуддир. Буларни адо этиш тириклар зиммасидаги бурч ҳисобланади.

Глобаллашув жараёнида миссионерлик ҳаракатлари авж олмоқда. Дунё саҳнасидаги турли кучлар ўз ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда, одамлар онгига сингдиришда ҳар қандай усуллардан фойдаланмоқдалар. Уларнинг мазкур ғаразли ҳаракатлари минг йиллардан буён муқаддас Ислом динига эътиқод қилиб келаётган диёримизда кўзга ташланиши ҳар бир фуқарони, мўмин-мусулмонни огоҳликка, шариат аҳкомларидан чуқурроқ хабардор бўлишга чорлайди.

Миссионерларнинг нотўғри талқинлари таъсири аёлларнинг қабр зиёратига қора кийимда соябон тутиб боришлари, тобут кўтарганда марҳум суратини кўтариб олиниши, турли нарсаларни тутатилиши, дабдабали, шеърлар битилган қабр тошларни ўрнатилишида кўринмоқда десак, хато бўлмайди.

Қолаверса, инсонларнинг “ўлим”ни нотўғри тушунишлари, муқаддас динимизни бу борада кўрсатган таълимотларидан хабардор бўлмасликлари дафн маросимларида кўплаб хато ва камчиликларга йўл қўяётганларига сабаб бўляпти, десак нотўғри бўлмайди.

Инсонлар онгида ўрнашиб, айни кунда одат тусига кириб қолаётган амалларни хато эканлигини тушунтириш, уларни шаръий ҳукмлар билан баён қилиш, бу амалларни хатолигини, миллийлигимизга ҳам, динимизга ҳам зид эканини диний-илмий жиҳатдан асослаш, дафн ва дафнга оид маросимларни меъёрларини билиш, ўрганиш бугунги куннинг долзарб муаммоси ҳисобланади.

Хадичаи-Кубро аёл-қизлар ислом таълим муассасасининг

4-курс талабаси Охунжонова Марҳабо Обиджон қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*