Қонуний мерос муносабатлари

Мерос олиш ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқининг ажралмас ва якунловчи қисми ҳисобланиб, фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи билан чамбарчас боғланган.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз, ва давлат ҳимоясида бўлиб, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Мулк эгаси мулқдан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқдан у ўзининг ҳаётлигида фойдаланади ва ўзи вафот этгандан кейинги мулкнинг тақдирини олдиндан белгилаши мумкин.

Қонун хусусий мулк эгаси сифатида фуқаронинг эрки ва манфаатларини ҳурмат қилиб, унинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини муҳофаза қилади.

Хусусий мулк эгаси ўз мулкининг тақдирини ўзи вафот этгандан сўнг мерос (ворислик) ҳуқуқи ёрдамида амалга оширади.

«Мерос ҳуқуқи — қонун билан кафолатланади».

Ворислик ҳуқуқи фуқароларнинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини қўриқпаш билан боғланган бўлиб, уларнинг ўз мулкига нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқини ҳеч қандай тўсиқсиз, нафақат ўзининг ҳаётлигида, шунингдек, вафот этган тақдирда ҳам амалга оширилишини қонун таъминлайди.

Aгар мерос қолдирувчи ўз хусусий мулкининг ўзи вафот этгандан кейинги тақдирини белгилаб қўймаган бўлса, ворислик қонун бўйича амалга оширилади.

Демак, қонунда белгилаб қўйилган ёки васиятномада махсус кўрсатилган мерос қолдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахслар — ворис, яъни меросхўр ҳисобланадилар.

Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлигида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари қонун бўйича меросхўр хисобланиб, васият бўйича ҳам меросхўр бўлишлари мумкин.

Жисмоний шахс билан бир қаторда, юридик шахслар ҳам, шу жумладан, давлат ва унинг органлари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўла оладилар.

Фуқаролик кодексининг 1117-моддасида мероснинг очилиш жойи ҳақидаги норма ўрнатилган бўлиб, унга кўра мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Сизнинг ҳолатингизда эса отангиз доимий рўйхатдан ўтган яшаш жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади.

Қонун бўйича ворисликка кўра, Фуқаролик кодексининг 1134-моддасида ифодаланганидек, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси 4-курс

 талабаси Нурмуҳаммедова Одина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*