Таъзия маросимлари

Мусулмон киши аъзадор хонадонга ташриф буюрганда, ўзига хос одобларга амал қилиши лозим. Бундай амаллар қайғули дамларини бошидан ўтказаётган уй эгаларининг кўнглига бироз бўлса-да таскин бериш ва уларга тўғри йўлни кўрсатишдан иборатдир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким бошига мусибат тушган одамга таъзия изҳор қилса, унга мусибатдаги кишига берилган ажрдек улкан мукофот берилади”, дейилган. (Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган).

Таъзияни ҳар жойда билдириш мумкин. Бизнинг урф-одатларимизга кўра, аъзадор хонадонда эшик олдига жой қилинади. Баъзан бундай ҳолат тор кўчаларда муаммо туғдириши мумкин. Маййит эгалари таъзияга келганларни кутиб олиш учун маййит чиққан хонадоннинг эшиги олдида ўтиришлари бошқаларга халақит бермаслиги керак. Ўтирганда ҳам Қуръон тиловати билан банд бўлиб, марҳумга атаб дуолар қилинса мақсадга мувофиқ бўлади. Таъзияга келган кишилар эса “Аллоҳ сабр берсин”, “Ажр- савобли қилсин”, “Аллоҳ раҳматига олсин”, каби лафзлар билан таъзия билдиришади. Шу билан бирга, Қуръоннинг баъзи бир аниқ оятлари, ёки суннатда мавжуд бўлган фазилатларни айтиши лозимдир. Масалан, ушбу ҳадисни эслатиб ўтиш тавсия этилади: “Илоҳим! Мени мусибатим билан мукофотла ва ёъқотганимнинг ўрнини яхшиси билан алмаштир.” (Саҳиҳи Муслим). Яна бир ҳадисда эса, айтиладики: “Дарҳақиқат! Аллоҳ берган ёки оладиган нарса унга тегишли ва ҳамма нарсани У белгилаб қўйган.” (Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслим). Бундан ташқари, таъзия пайтида ўқилиши мумкин бўлган Қуръон оятлари ҳам бор бўлиб, улар қуйидагилардир.

“Ер юзидаги нарсалар собитдир. Аммо Роббингнинг юзи улуғворлик, фазл ва шарафга тўла (абадий) бўлади” (Роҳман сураси, 26-27)

“… ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан”. (Қуръон Анфал сураси, 46)

Мусибатдагиларга қариндош-уруғлари, яқинлари ва қўни-қўшнилари таом тайёрлаб чиқариб туришлари суннат билан ўз аксини топган ишлардандир. Чунки мусибат билан бўлиб, уй эгалари ўзларига унча қарай олмайдилар.

Иккинчидан, бошқаларнинг эътибори, раҳм-шафқат кўрсатиши мусибат етган хонадон аҳлига тасалли бериб, кўнгилларини кўтаради.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди”, дедилар”. (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Маййит аҳллари бошқаларга таом тайёрлаб зиёфат қилиб беришлари эса асли собит бўлмаган бидъат ва макруҳ ишлардандир. Халқимизда кўп учрайдиган “еттилик’, “йигирмалик’, “қирқлик”, “йиллик оши”, “худойи” каби марҳумга “савоби боради”ган удумлар аслида таги пуч урф-одатлар ҳисобланади. Қолаверса, бунай амаллар уларни мусибатлари устига мусибат, ташвишларига ташвиш қўшади. Бунинг ўрнига, кўпчилик мусулмонларга доимий равишда манфаат бериб турадиган хайрли ишларни қилиш энг яхши садақа ҳисобланади.

Афсуски, баъзи жойларда садақа деганда фақат қозон осиб, таом пишириш, зиёфат бериш тушуниладиган бўлиб қолган.  Айниқса, бу амалларни маълум кунларга белгилаб қўйиш шариатнинг бирор бир кўрсатмасида кузатилмаган. Шундай инсонлар борки, мусулмонларнинг икки ҳайитини аъза куни деб мотам тутиб, марҳумларни эслаш учун қабристонни зиёрат қилишади.

Марҳумга савоби борсин деб зиёфат бериш яхши садақа бўлар, аммо кўпчиликка манфаати тегадиган хайрли ишларни қилиш афзалроқдир. Бунга қудуқ қазиш, йўлни текислаш каби мисолларни келтиришимиз мумкин.

Лекин бундай ишларни амалга ошириш учун омонатини топширишни кутиш керак эмас. Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-еҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариатнинг асосини ташкил этмайди. Аксинча, булар қўшимча савобли амаллардир. Диннинг асосий арконларини ҳар бир одамнинг ўзи қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунинг учун, бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. Минг афсуски, баъзи жойларда йилига бир марта “худойи” қилиб қўйишни дин деб тушунадиганлар ҳам бор. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас” (Оли Имрон, 185).

Шунинг учун инсонга берилган умр неъматини ғанимат билиб, кераксиз урф-одатлар билан ўзимизни чалғитмайлик.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси 2-курс

 талабаси Умарова Эъзоза

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*