Нур сураси фазилати

Бизларни йўқдан бор қилиб, ақл ва илм билан бошқа жонзотлардан мукаррам қилган ҳамда бутун коинот ва ундаги жонзотлани бизларга хизмат қилдириб қўйган ал-Алим ул-Хобийр бўлган Аллоҳ таолонинг Зотига ва Жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.

Бизга Аллоҳни амри билан Қуръон ҳадисни таълим бериш учун юборилган Қуръони Каримни баён қилиб унга қандоқ амал қилишни кўрсатган ас-содиқ ал-масдуқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва муаттар саловату саломлар бўлсин.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уннатларини ўзларига дастурул амал қилиб ҳадисларни эшитганларидек мусулмонларга етказиб берган саҳобалардан Аллоҳ таоло рози бўлсин.

Нур сураси Мадинада нозил бўлган бўлиб 64 оятдан иборатдир. “Нур” сўзининг маъноси маълум ва машҳурдир. Ушбу сураи кариманинг номи “Аллоҳ осмонлару ернинг нуридир” оятидан олингандир.

“Нур” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Нур моддий ва маънавий бўлади, шу билан бирга, у Аллоҳдандир. Бу сураи карима Мадинаи Мунавварада ҳижрий сананинг олтинчи йилида Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам бошчиликларидаги мусулмон лашкарлар Бани Мусталақ ғазотидан қайтиб келаётганларида нозил бўлган.

Нур сурасида Оиша онамизга қилинган туҳмат яъни Ифк воқаеси масаласини муолажа этиш учун нозил бўлган. Мадинада нозил бўлган бошқа суралар каби “Нур” сурасида ҳам шариат аҳкомларининг қатъийлигига, одоб-ахлоқга эътибор берилган. “Нур” сурасида мўмин-мусулмонларнинг шахсий ва ўзаро муомалаларидаги одоблари, бошқаларнинг турар жойларига изн сўраб кириш, кўзни номаҳрамлардан тийиш, зинодан сақланиш, номаҳрамларнинг бир-бирлари билан аралашмаслиги каби масалалар хусусида ҳам сўз кетади. Шунингдек, мусулмон оила учун зарур бўлган иффат, поклик, шариатда мустақим бўлиш ҳақида гапирилади. Ички низолар ва ахлоқий бузуқликлардан қайтарилади. Сурада шариатда жорий қилинган баъзи жазолар ҳам зикр қилинади. Зинокорлик, бировни зинода айблаш каби жиноятларнинг жазоси баён қилинади.

Ушбу сурада оила масаласига кўпроқ эътибор берилгани учун ҳам ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфа аҳлига ёзган мактубларида “Аёлларингизга “Нур” сурасини ўргатинглар”, деганлар. Нур сурасининг фазли юксак ҳисобланади. Ушбу сураи каримадаги жамиийки воқеа-ҳодисларни тўлиқ ўрганиб, буюк роббимиз Аллоҳ таоло учунгина унинг оятларига амал қилишимизни Ўзи насиб айласин. Амийн!

 

                                                         Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом таълим      

                                                            Муассасаси 4-курс талабаси

                                                                Абдуллаева Ибодатхон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*