МУСТАЛАҲ ИЛМИДА МАШҲУР ВА МУСТАФИЙЗ ҲАДИС

Араб тилида “машҳур” сўзи исми мафъул бўлиб, бир ишнинг ошкор қилинганини  билдиради. Ошкор бўлгани учун уни “машҳур” деб аталган.

Уламолар истилоҳда эса: “ҳар бир табақада уч ва ундан ортиқ одам ривоят қилган, аммо тавотур даражасига етмаган ҳадис машҳур” дейилади. Демак, санадидаги ҳар бир табақада учтадан кўп ровийи бўлган, лекин тавотур даражасига етмаган ҳадис машҳур деб аталади.

Машҳур ҳадисга мисол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ илмни уламоларнинг кўксидан суғуриб олиш ила олмайди, балки илмни уламоларни қабз қилиш ила олади. Ҳатто бирор олимни қўймаганидан кейин, одамлар жоҳилларни ўзларига раҳбар қилиб оладилар. Улардан сўрашади. Улар илмсиз равишда фатво беришади ва ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзларини ҳам залолатга кетказадилар”.  Ушбу ҳадисни Бухорий, Муслим, Табароний, Аҳмад ва Хатиб тўртта саҳобийдан – Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зиёд ибн Лабийд, Оиша ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилганлар. Улардан уч киши ривоят қилган. Бу ҳадис ровийларининг учинчи табақаси тўрт кишидан, тўртинчи ҳамда бешинчи табақалари эса беш кишидан иборатдир.

Мустафийз. Мусталаҳул ҳадис илмида ҳамда ҳадисга оид бошқа илмларда машҳур ҳадисга боғлиқ жумлаларда мустафийз сўзи ҳам учрайди. Шу сабабли, ушбу лафз билан ҳам танишиб қўйиш фойдадан холи эмас. Мустафийз сўзи луғатда исми фоил бўлиб, у “истафозал маау”– “сув тошди” деган маънодан олинган. Ҳадислардан баъзисининг мустафийз деб аталиши унинг кўп тарқалгани, сув каби ҳамма тарафга тошиб кетгани сабаблидир.

Уламолар истилоҳида мустафийз уч хил таърифга эга:

  1. Мустафийз машҳур билан бир хил.
  2. Мустафийз машҳурдан кўра хосроқ. Чунки мустафийзда санаднинг икки тарафида (бошидан охиригача) ровийлар сони бир хил бўлиши шарт қилиб қўйилган. Машҳурда бундай бўлиши шарт эмас.
  3. Мустафийз машҳурдан кўра умумийроқ, деб иккинчи қавлнинг тескариси ҳам айтилган.

Истилоҳий бўлмаган машҳур ҳадис. Бунда юқоридаги шартларга эътиборан эмас, балки муайян   тоифаларнинг тилларида машҳур бўлиб, кўп зикр қилинадиган ҳадис тушунилади . Унга қуйидагилар киради:

а) Битта санадга эга бўлган машҳур ҳадис;

б) Биттадан ортиқ санадга эга бўлган машҳур ҳадис;

в) Умуман санадга эга бўлмаган ҳадис.

Истилоҳий бўлмаган машҳур ҳадиснинг турлари:

Унинг турлари кўп бўлиб, энг машҳурлари қуйидагича:

а) Фақат аҳли ҳадис уламолари ораларида кўп зикр қилинадиган ҳадис.

Масалан: Анас родияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой давомида рукуъдан кейин қунутда Риъл ва Закван қабилаларини дуоибад қилдилар».  Бухорий ва Муслим ривоятлари

б) Аҳли ҳадис, уламолар ва оммий халқ орасида машҳур бўлган ҳадис.

Масалан: «Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган киши ҳақиқий мусулмондир». Муттафақун алайҳи.

в) Фиқҳ олимлари орасида машҳур бўлган ҳадис.

Масалан: «Аллоҳга энг ёқимсиз бўлган ҳалол бу-талоқдир». Ҳоким ривоятлари.

г) Усулул фиқҳ олимлари орасида машҳур бўлган ҳадис.

Масалан: «Умматимдан хато қилиб, эсдан чиқариб ва мажбурланиб қилган гуноҳлари(нинг масъулияти) кўтарилди».  Ибн Хиббон ва Хоким ривоятлари.

д) Наҳв олимлари орасида машҳур бўлган ҳадис.

Масалан: «Қандай яхши қул бу Суҳайб, Аллоҳдан қўрқмаганда эди гуноҳ қилмас эди». Асли йўқ ҳадис.

е) Омма халқ орасида машҳур бўлган ҳадис.

Масалан: «Ховлиқиш шайтондандир». Термизий ривоятлари.

Машҳур ҳадиснинг ҳукми. Истилоҳий ва истилоҳий бўлмаган машҳур ҳадисни саҳиҳ ёки саҳиҳ эмас деб васфлаб бўлмайди. Балки уларнинг орасида саҳиҳи ҳам, ҳасани ҳам, заифи ҳам ва ҳаттоки мавзу ҳадислар ҳам бор. Лекин истилоҳий машҳур ҳадис саҳиҳ бўлса, азиз ва ғариб ҳадислардан устун қиладиган афзаллиги бўлади.

Бу мавзуда ёзилган энг машҳур китоблар: Машҳур ҳадислар мавзусида ёзилган китоблардан мурод истилоҳий машҳур эмас, балки тилларда машҳур бўлган ҳадислар тўпламидир. Қуйида ушбу мавзуда ёзилган китобларнинг баъзилари берилади:

а) Ал-мақосиду ал-ҳасана фима уштуҳира алал алсина. Муаллиф-Ас-Саховий.

б) Кашфул хофа ва музилул илбас фима уштуҳира мин ал-ҳадиси ала  алсинатиннас. Муаллиф –Ал-Ажлуний.

в)Тамйиз ат-тоййиб мин ал-хобис фима ядуру ала алсинатиннас мин ал-ҳадис. Муаллиф –Ибн ад-Дайбаъ аш-Шайбаний.

 

                                                                         Хадичаи Кубро ислом таълим муассасаси

                                                                                            4-босқич талабаси Араббоева М.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*