ТАВАССУЛ БОРАСИДА СОХТА САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯЛАР

Сохта салафийларнинг тавассул борасидаги тор қарашлари Қуръон, сунна, аҳли сунна ва жамоанинг жумҳур уламоларининг қарашларига зиддир.

Тавассул – бу Аллоҳга яқинлашиш мақсадида ўртага бирор воситани қўйиб, Унинг даргоҳига васила қилмоқ, демакдир. Васила сифатида гоҳида қилинадиган солиҳ амаллар, Аллоҳ учун бажарилган тоат-ибодатлар Парвардигорнинг даргоҳига яқинлаштирувчи кучли восита бўлса, баъзан эса Аллоҳ наздида юксак мартабага эга бўлган обрў-эътиборли солиҳ бандалар Яратган ҳузурида восита ва васила бўладилар.

Ислом динида ҳар бир амалнинг тартиб-қоидаси бўлганидек, тавассулнинг ҳам ўзига хос қатъий қоидалари мавжуд.

Биринчидан, тавассул қилишда талаб ва эҳтиёж Пайғамбар (алайҳис-салом) ёки қайсидир пирдан сўралмайди. Айниқса, ўтиб кетган авлиёлар, улуғ зотлар қабрига бориб улардан фарзанд, бахту саодат сўраш каби ҳолатлар тўғри эмас. Балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш ва уларнинг сабабидан дуолар ижобатини Аллоҳдан сўраш тавассул борасидаги тўғри йўлдир.

Иккинчидан, васила қилинаётган шахс сабабидан дуонинг Аллоҳ томонидан ижобат бўлишига умид қилинади. Шунингдек, васила қилувчи шахс дуонинг қабули Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экани, у тавассулсиз ҳам қабул бўлиши ва тавассул билан ҳам ижобат бўлмаслигини англаб етиши зарур. Лекин шуни унутмаслик керакки, диний кўрсатмаларга мувофиқ тарзда тавассул қилиб, Аллоҳдан бирор нарса сўралганда унинг ижобати осонроқ бўлишини уламолар таъкидлаганлар.

Шунинг учун ҳам ислом динида тавассул қилиш яхши амаллардан саналади ҳамда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бунга оид кўрсатмалар мавжуд. Жумладан, «Моида» сурасининг 35-оятида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита)излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!» – дейилади.

Тавассул борасида сўз юритган уламоларимиз бу оят шахслар ва амалларни васила қилиш мумкинлигини ўз ичига олади, деб таъкидлайдилар. Шариатдаги тавассулда ҳам зеҳнга биринчи келадигани шахс ва амални ўртага қўйишдир. Бунда тирик ва ўликни ажратиш фикри фақат руҳларнинг йўқ бўлиб кетишига эътиқод қилувчилардан чиқиши мумкин.

Оят умумийлиги шахсларни ҳам қамраб олиши қуруқ фикр ёки луғавий маънонинг ўзигина эмас, балки бу динимизнинг мўътабар шахслари, жумладан, Умар (р.а.)дан ҳам ривоят қилинган. У киши ёмғир сўрашда Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг амакилари Аббос (р.а.) билан тавассул қилганлар. Бу Аллоҳ таолога васила қилишнинг бир кўринишидир[1].

Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 64-оятида ҳам: «…Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар», дейилади. Уламолар бу оят ҳам Расулуллоҳ (алайҳис-салом)ни мағфират сўраш учун ҳаётликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам васила қилишнинг жоизлигига далил, деб ҳисоблаганлар.

Жумладан, Ибн Касир ушбу оят тафсирида салафи солиҳлардан бўлган Утбийдан қуйидаги ҳикояни нақл қилади: «Пайғамбар (алайҳис-салом) қабрлари ёнида ўтирган эдим, бир аъробий келиб: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Аллоҳ таолонинг «…Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол Сизга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар» (Нисо, 64), деганини эшитдим ва гуноҳимга мағфират сўраб, Раббимга шафоатчи бўлишингизни сўраб келдим», деб, шундай шеър айтди:

Эй, ерга мадфунларнинг энг афзали,

Сиз сабабли еру қирлар топди иззат.

Сизга маскан қабрга жоним фидо,

Унда бордир иффат, саховату ҳурмат.

Сўнг аъробий кетди. Кўзим илиниб, тушимда Пайғамбар (алайҳис-салом)ни кўрдим. У зот: «Эй Утбий, аъробийнинг орқасидан бориб, уни Аллоҳ мағфират қилганини айт», дедилар»[2].

Таассуфки, бугунги кунда айрим шахслар томонидан исломга оид бир қанча тушунчаларда ихтилофлар келтириб чиқарилаётгани маълум. Ана шундай ихтилофли ва тортишувли масалалардан бири бу тавассул масаласидир. Энг ачинарлиси шундаки, бу тортишувлар кўп ҳолларда тавассул қилувчини ширкда айблаш, керак бўлса, унинг қонию молига тажовуз қилишни ҳалол санаш билан якун топмоқда. Шу каби тортишувларга зўр бериб киришаётган тоифалардан бири бу сохта салафийлардир. Улар масалага жуда тор ёндашган ҳолда бу борада келган оят ва ҳадисларни ўз фикрларини асослаш йўлида талқин этишга ҳаракат қилишмоқда.

Уламолар наздида тавассулнинг бир қанча турлари айтиб ўтилган. Жумладан, солиҳ амалларни васила қилиш, Пайғамбар ва солиҳ зотларни васила қилиш, солиҳ бандалардан дуо сўраш ва бошқалар.

Солиҳ амалларни восита қилиш масаласида аҳли сунна ва жамоа мазҳабларида умумийлик бор, яъни тавассулни ширк деб атаётган тоифа вакиллари ҳам бу хилдаги василани қабул қиладилар. Бу борада Ибн Умар (р.а.)нинг Пайғамбар (алайҳис-салом)дан ривоят қилган машҳур ҳадис кучли далил сифатида келтирилади. Унда айтилишича, уч нафар киши ёмғирдан сақланиш учун тоғдаги ғорга кириб оладилар ва тоғдан бир харсанг тош тушиб, чиқиш йўлини тўсиб қўяди. Шунда улар ғордан чиқиш учун холис Аллоҳ йўлида қилган солиҳ амалларини васила қилиб, Яратганга дуо қиладилар. Натижада ғор оғзи очилиб, улар эркинликка чиқадилар. Бу ривоят солиҳ амалларни васила қилиш мумкин эканига инкор этиб бўлмайдиган далил ҳисобланади.

Пайғамбар ва солиҳ зотларни васила қилиш масаласида эса турли ихтилоф ва тортишувлар авж олган. Бу борада етиб келган саҳиҳ ҳадисларда васила қилишга оид масалага далолат қилувчи кўрсатмалар мавжуд. Жумладан, Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ибн Ҳанбал (р.а.) Усмон ибн Ҳаниф (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда тавассулга оид масалалар анчайин ойдинлашади. Ҳанафий мазҳаби уламолари айнан шу ҳадисни Пайғамбар (алайҳис-салом) ва солиҳ зотлар билан Аллоҳга тавассул қилиш мумкин эканига далил сифатида келтирадилар. Аммо бу турдаги тавассулни ширк, деб атаётган тоифа вакиллари ҳам айни шу ҳадис ва бошқа далиллар асосида ўз фикрларини исботлашга уринадилар. Уларнинг фикрича, ҳадисда келтирилаётган масаланинг моҳияти ўзгача. Келинг, ҳадиснинг моҳиятига бир оз тўхталиб ўтайлик.

Бир кўзи ожиз мусулмон Пайғамбар (алайҳис-салом) ҳузурларига келиб, кўзи кўрмаслигидан қийналаётгани ва бу дарднинг шифоси учун дуо қилишларини сўради. Муҳаммад (алайҳис-салом) эса, унга икки хил йўлни таклиф қилдилар, яъни шифо ёки Аллоҳнинг тақдирига сабр қилиб кун кечириш. Агар иккинчи йўлга рози бўлса, унга катта ажр бўлишини ҳам айтиб ўтдилар. Албатта, кўзи ожиз кишининг икки йўлдан бирини танлаши ихтиёрий, яъни мубоҳ амал эди. Шу боис у шифо йўлини танлади. Шунда Пайғамбар (алайҳис-салом) унга чиройли таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқишга ва «Эй Аллоҳим, албатта Сендан сўрайман ва Сенга, пайғамбаринг, раҳмат пайғамбари – Муҳаммаднинг сабаби билан юзланаман. Эй Муҳаммад, албатта сенинг сабабинг билан Раббимга эҳтиёжим қондирилиши учун юзланаман. Эй Аллоҳим, уни менга шафоатчи қилгин», деб дуо қилишга амр қилдилар. Айтилганларни бажаргач, ўша кишининг кўзи кўра бошлади[3].

Бу ҳадисни Пайғамбар (алайҳис-салом) ва солиҳ зотлар билан тавассул қилиш мумкин эканига далил қилиб келтирувчи уламоларнинг айтишича, кўзи ожиз киши муроди ҳосил бўлиши учун Муҳаммад (алайҳис-салом)ни васила қилгани сабабидан Аллоҳ дуосини қабул қилган. Иккинчи томоннинг фикрича, кўзи ожиз киши тавассул натижасида эмас, балки Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг дуолари шарофатидан кўзи кўра бошлаган.

Дарҳақиқат, Муҳаммад (алайҳис-салом)нинг ҳар бир дуолари Аллоҳ даргоҳида қабул бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо бу ўринда Пайғамбар (алайҳис-салом) унга дуо қилмадилар, балки Аллоҳга тавассул қилишни ўргатдилар. Акс ҳолда, Муҳаммад (алайҳис-салом) унга таҳорат қилиб, намоз ўқиш ва айтилгандек дуо қилишга буюрмасдан қўлларини очиб ўзлари дуо қилиб қўярдилар. Бу орқали Пайғамбар (алайҳис-салом) мусулмонларга тавассул қилиш қоидаларини ўргатганлар.

Шунга оид қуйидаги ривоятда ҳам бу масала янада ойдинлашган. Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб (р.а.) қаҳатчилик бўлганда Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қиларди:

«Ё Аллоҳ, биз Сенга пайғамбаримизни васила қилиб сўрардик, бизга ёмғир берардинг. Энди Сенга пайғамбаримизнинг амакисини васила қилиб, сўраймиз, бизга ёмғир ёғдир»[4]. Кўриниб турибдики, ҳазрати Умар (р.а.) ҳам Пайғамбар (алайҳис-салом) билан тавассул қилишларини эътироф этгач, Аббос ибн Абдулмутталибни васила қилишларини айтиб ўтмоқдалар. Тавассул қилувчиларни айбловчи томон эса бу ривоятни тан олган ҳолда ўзгача хулоса чиқарганлар. Уларнинг фикрича, бу ривоятдан шундай хулоса қилиш мумкинки, фоний дунёдан ўтиб кетган инсонлар билан тавассул қилиш мутлақо мумкин эмас. Агар бу иш мумкин бўлганида эди, ҳазрати Умардек зот Муҳаммад (алайҳис-салом)ни васила қилиш ўрнига у зотнинг амакиларини ўртага қўймасдилар.

Юзаки қараганда, тўғри далилга ўхшайди, лекин масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор, яъни Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а.)нинг Пайғамбар (алайҳис-салом)га алоқадорлиги. У зот Муҳаммад (алайҳис-салом)нинг амакилари эди, шу билан бирга ўта тақволи ва олим инсон эди. Шунинг учун ҳам Умар ибн Хаттоб (р.а.) Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а.)ни ёмғир сўраш учун васила қилганлар. Агар масаланинг фақат бир жиҳати, яъни илм ва тақво юзасидан у зотни васила қилганлар, дейилса, ўша даврда олим ва зоҳид инсонлар жуда кўп бўлган.

Шунингдек, Умар (р.а.)нинг истисқода «… Пайғамбаримизнинг амакисини васила қилиб, сўраймиз, бизга ёмғир ёғдир», деб саҳобийни, яъни инсонни тавассул қилганлар. У кишининг «васила қилиб сўрардик», дейишлари саҳобийларнинг бу ишни Пайғамбар (алайҳис-салом) ҳаётликларида ва вафотларидан сўнг ҳам қилиб келишганини англатади.

Бундан ташқари Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (алайҳис-салом) Фотима бинт Асад (р.а.) вафот этганида унинг қабрига тушиб бундай дуо қилганлар: «Ҳаёт берадиган ва ўлдирадиган Аллоҳдир. Доимо барҳаёт, ўлмайдиган Зот, онам Фотима бинт Асадни мағфират қил, ҳужжатини айтишини насиб қил, кирар жойини кенг қил. Пайғамбаринг ҳаққи ва ўзимдан олдинги пайғамбарлар ҳаққи билан»[5]. Бу ҳадисда Пайғамбар (алайҳис-салом) томонидан ўтган пайғамбарлар ҳурмати билан очиқ тавассул қилингани кўринади.

Юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар солиҳ зотларни тавассул қилиш билан боғлиқ эди. Саҳобийлар нафақат солиҳ зотлар, ҳатто Пайғамбар (алайҳис-салом)дан қолган муборак ашёларни ҳам васила қилиб, Аллоҳдан ўз мақсадларини сўраганлар:

Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Асмо (р.а.)нинг мавлоси Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Асмо (р.а.):«Мана бу Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг жуббалари (чакмонлари)», деб, ёқаси ва енгларига ипак қайирма тикилган қора чакмонни чиқариб кўрсатди. Сўнг «Бу вафот этгунларича Оиша (р.а.)нинг уйида эди. Уни Пайғамбар (алайҳис-салом) кияр эдилар. Биз уни ювиб, сувини шифо бўлади, деб касалларимизга берар эдик», деди[6]. Бу уларнинг Расулуллоҳ (алайҳис-салом) чакмонлари ҳурматидан шифо беришини Аллоҳдан тилаганларини билдиради. Агар Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг чакмонларини васила қилиш жоиз бўлган экан, қандай қилиб у кишининг ўзлари ёки солиҳ зотларни васила қилиб, бўлмайди?!

Сохта салафийлар шунга ўхшаш кўплаб далиллар турса ҳам уларни тан олмасликлари ёки улардан ўзга маъно чиқариб, мусулмонларга ўз фикрларини ўтказишга уринишлари натижасида турли ихтилофлар келиб чиқмоқда. Бугунги кунда сохта салафийлар Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ҳам тавассулга қарши бўлган деган мазмундаги фикрни илгари сурмоқдалар. Аслида, Имом Аъзам (р.ҳ.) тавассулни инкор этиб, унга қарши бўлмаганлар. Балки, тавассулни амалга оширишда кишининг нияти, ҳолати ва тавассул лафзи тўғри бўлиши зарур эканига эътибор қаратганлар.

У зотнинг фикрига кўра, тавассул қилишда ўртага қўйиб сўралаётган инсон ҳақи бирор сўровимни бергин, дейилганда қасам маъноси бўлмаслиги ва Аллоҳ ўша инсон ҳақи сўровимни бериши лозим деб тушунмаслик керак. Акс, ҳолда гўёки, Аллоҳ васила қилинаётган инсондан қарздор бўлгани учун сўровни беради, деган тушунча келиб чиқади ёки Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш юзага келади. Бундай тавассул натижасида макруҳ амал содир этилади.

Шунингдек, агар Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ.) тавассулга қарши бўлганларида кўплаб мужтаҳид ҳанафий олимлари тавассулни жоиз амал демаган бўлардилар. Жумладан, Колобозий Бухорий Ҳанафий (ҳ.380), Ҳанафий, Имом Замахшарий Ҳанафий (ҳ.538), Ибн Адим Ҳанафий (ҳ.660), Маждуддин Мавсилий Ҳанафий (ҳ.683), Абул Вафо Қураший Ҳанафий (ҳ.743), Саййид Шариф Журжоний Ҳанафий (ҳ.816), Ибн Ҳужжа Ҳамавий Ҳанафий (ҳ.837), Имом Бадриддин Айний Ҳанафий (ҳ.855), Камолиддин ибн Ҳумом Ҳанафий (ҳ.861), Ибн Туғроберди Ҳанафий (ҳ.874), Аҳмад Зубайдий Ҳанафий (ҳ.893), Солиҳий Шомий Ҳанафий (ҳ.942), Тошкупирзода Ҳанафий (ҳ.968) каби етук ҳанафий уламолари тавассул қилганлар ва демакки, уни жоиз амал деб билганлар.

Шундай экан, тавассул қилувчиларни ўйламай-нетмай мушрикка чиқариш оқил инсоннинг иши эмас. Боз устига бу айбловчининг имонига ҳам путур етишига олиб келиши мумкин.

Аммо шуни аниқ ёдда тутиш лозимки, тавассул қилишнинг аниқ услублари бўлиб, Аллоҳга ширк келтириб бир одамдан ўз ҳожатини раво қилишни сўраб унга дуо қилинмайди[7].

[1] Кавсарий. «Маҳқ ат-тақаввул фи масъалат ат-тавассул». 2-бет. Шамила электрон дастури.

[2] Тафсири Ибн Касир, Ж 2, «Тайба», 1999, 347-бет; Имом Байҳақий, 4019-ҳадис.

 

[3] Сунани Термизий, 3578-ҳадис; Сунани Кубро, 9173-ҳадис.

[4] Саҳиҳи Бухорий, 978-ҳадис.

[5] Имом Табароний, 19519-ҳадис.

[6] Саҳиҳи Муслим, 3970-ҳадис.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*